Тошкентда яна хусусий мулклар бузилди, яна огоҳлантиришсиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Тошкентнинг "Буюк Ипак йўли"(собиқ Максим Горкий) метроси атрофида жойлашган дўконлар соҳибларига 26 июл тунида зудлик билан биноларини бўшатишлари шартлиги ҳақида буйруқ бўлган.

Бу кимнинг буйруғи, қайси қонунга ёки бошқа меъёрий ҳужжатга асосланган, ҳеч кимга тушунтириш берилмаган.

Ҳар ҳолда собиқ "Светлана" гастрономи биноси атрофида жойлашган тижорат дўконлари, дорихона, банк бўлими, интернет-кафеларда иш билан банд бўлган инсонлар, ёзнинг жазирамасида шу ердаги фонтан атрофида салқинлашишни хуш кўрган яшовчилар нега буларнинг барини бузишга тўғри келгани сабабини билмаганлар.

На Тошкент шаҳар ҳокимлиги, на пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги амалдорлари жамоатчиликка сўнгги бузиш эҳтиёжини тушунтиришни ўзларига эп кўрганлари йўқ.

Одамларнинг билганлари фақат бу нуқталар "президент трассаси" ёқасида жойлашгани ва кўпинча президент хавфсизлигини баҳона қилиб йўл четлари "шип-шийдон" қилинишидир.

Ўзбекистондаги Интернет нашрлари навбатдаги "ободончилик" ишлари ҳақида хабар тарқатганлар, фотосуратларни эълон қилганлар.

Чорраҳага барча коммунал хизматларга тегишли автомобиллар, бошқа техника ҳайдаб келинган, автобус бекатлари ҳам бузиб ташланган.

Дўконлардан бирида ёнғин келиб чиққан, аммо аланга тезда ўчирилган.

Метро бекати яқинидаги банк бўлими пештоқидаги ёзувларни олиб ташлашга буйруқ берилмаган.

Шу сабабдан ҳам тижорат дўконлари эгалари бу ерда фақат офисларни қолдиришга қарор қилинган, қолгани бузилади, деган фикрга борганлар.

Ўзбекистон қонунларида хусусий мулк дахлсизлиги кафолатланиши ёзиб қўйилган.

Бироқ Тошкент шаҳрида шахсий уйлар мутаносиб товон пулисиз бузиб ташланиши, дўкон ёки бошқа тижорат объекти эгаларига бинони бўшатиб қўйиш талаб қилиниши сингари ноқонуний амаллар жуда кўп марта кузатилган.

Бу амаллари учун бирор ҳокимлик мансабдори жавобгарликка тортилгани жамоатчиликка маълум эмас.

Балки бу ҳокимликда ишлаб турганидан фойдаланиб мўмай даромад келтирадиган гавжум жойни ўзи ёки яқинлари номига расмийлаштиришни хоҳлаб қолган маҳаллий "тўрача"нинг ўзбошимчалигидир?

Ўзбекистон шароитида ушбу тахминнинг ҳам асосга эга эканига ишонч ҳосил қилиш имконсиз, бундай тахмин ҳокимликдан ишдан бўшаб жиноий жавобгарликка тортилган амалдор ҳақидаги хабар тасдиқланганида ҳам жамоатчилик бундан камдан-кам ҳолларда хабардор бўлиб қолади.

"Шок терапияси" дея бўлаётган ишларга таъриф берган тижоратчи аёллардан бири.

Интернетдаги форумларда фойдаланувчилар норозиликларини изҳор қила бошлаганлар, "ана энди бу атрофда ичадиган сувни сотиб оладиган жой ҳам қолмади", деб ёзган Фейсбук фойдаланувчиларидан бири.

Сиз бу ҳақда нима дейсиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ