Тошкентликлар яна бир трамвай йўналиши қисқартирилаётганидан норозилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Бироқ оддий одамлар фикри билан ҳисоблашилмайдиган Ўзбекистонда бунинг қанчалар аҳамияти бор?

Ўзбекистондаги Интернет нашрлари хабар қилишича, Тошкент шаҳридаги 13-трамвай йўналишини қисқартиришга қарор қилинган.

Бир замонлар Тошкент ЦУМидан Тошкент Трактор заводи бекатигача қатнаган трамвай йўналиши ўзгартирилган, трамвай Қўйлиқ марказидан ТТЗгача қатнаб турган эди.

Энди 13-трамвай йўналиши Қўйлик марказидан кўпчилик "Шимолий вокзал" деб биладиган темир йўл бекатигача қатнайдиган бўлади.

Бу ўзгаришни тошкентликлар август ойидан кўрадилар.

Бу ҳақда "Тошшахартрансхизмат" ва "Тошкент трамвайи" компанияларидаги манбалар хабар қилганини ёзмоқдалар Интернет-сайтлар.

Ушбу янгилик "Буюк Ипак йўли"(собиқ Максим Горкий) метроси атрофидаги дўконлар ва бекатлар қисқа фурсат ичида бузиб ташлангани ортидан тарқалмоқда.

Тошкентда трамвай ва троллейбус йўналишларини қисқартириш бошланганига анча бўлди ва шаҳар кўчаларини кенг ва текис қилиб "кимларгадир кўрсатиб қўйиш" истаги пойтахт кўчаларида автомобиллар пробкалари кўпайишига олиб келди, холос.

Тошкентликлар 2003 йили Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт банкининг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни ғазаблантирган йиллик анжумани арафасида Алишер Навоий кўчасидаги трамвай йўли қандай текисланиб ташланганини яхши эслайдилар.

Навоий кўчасидаги трамвай йўлларидан воз кечиш қарори шаҳарликларга қулайлик келтиргани йўқ.

Аксинча четдан сотиб олиб келинган қимматбаҳо автобуслар Тошкент кўчаларида ёниб кетаяпти.

Ёқилғи тақчиллиги сабаб қилиб кўрсатилиб қатнаётган автобусларнинг сони камайтирилди.

Бу хабар Интернет сайтлари ва форумларда катта баҳс-мунозараларни келтириб чиқармоқда ва "юқорида ўтирган" ва қарор қабул қилаётган амалдорлар нега дарахтларни кесиш, экологик тоза транспортни йўқ қилишдек қарорларни қабул қиладилар, деган саволларни бермоқдалар.

Форум иштирокчиларидан бири Viktor Ivanov шундай ёзган: "Ёнилғи тақчиллигидан шикоят қилишиб автобуслар ҳаракатланиши графикларини қисқартиришаяпти, яна ўзлари экологик тоза транспортни қисқартиришаяпти. Бутун дунёда эса у ривожланиб бораяпти.

Ана шу қарорларни қабул қилаётган тўралар эса нега дарахтларни кесишга қарор қилганлари, нега "Буюк Ипак йўли" метроси атрофидаги дўконлар ва бекатлар товон пулларисиз бузиб ташлангани ва 13-трамвайни қисқартириш қарори тўғри қарор бўлганини жамоатчиликка тушунтириб беришга шошилаётганлари йўқ.

Би-би-си "Тошшахартрансхизмат" акционерлик компаниясининг Тошкентдаги идорасига телефон орқали қўнғироқ қилиб нега экологик тоза транспорт йўналиши қисқартирилаётгани сабабини ўрганишга ҳаракат қилди.

Телефон гўшагини кўтарган "Тошшахартрансхизмат" ташкилоти ходими "нега бу масала билан қизиқаётганингиз ҳақида ёзма мурожаат қилинг, кейин сизга жавоб бериш ҳақида ўйлаб кўрамиз", деб айтди.

Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ