"Шу трассани ер тагидан қилишса инсонларга қулайроқ бўлармиди?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Тошкент шаҳрида халқ орасида "президент трассаси" деб номланадиган йўлни ободонлаштириш ёки яна халқ орасида айтилишича, "зарарсизлантириш" ишлари давом этмоқда экан.

Бу гал ободонлаштириш ишлари асосан пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида олиб борилаётгани учун у ерда истиҳомат қиладиган ёки бизнес ва дўконларга эга бўлганлар орасида турли норозиликларни келтириб чиқармоқда.

Уларнинг айтишларича, президент трассасига туташган кўчалар беркитилиб, пиёдалар ўтиш жойлари тўсиб қойилган.

Бекатлардаги дўконлар эгаларига эса жойни бўшатиш учун икки соат вақт берилган.

Эслатиш жоизки, Ўзбекистон президентининг расмий қароргоҳи сифатида Тошкент марказида Оқсарой 2000 йиллар бошида барпо этилган.

Бироқ Президент Ислом Каримов Тошкент ташқарисида жойлашган ва айрим хорижий сиёсатчилар билан ҳам учрашадиган, расман "Дўрмон" қароргоҳи деб аталган қароргоҳда яшашини кўпчилик яхши билади.

Президент Каримовнинг "Дўрмон"дан Оқсаройгача қатнайдиган йўли "президент трассаси" деган номни олган ва бу трасса 1990 йиллардан буён кўп бор ўзгартирилиб, тинимсиз "хавфсизлик чоралари" кучайтириб келинади.

Бу эса дастлаб Амир Темур хиёбони атрофида, сўнг эски ТошМИ, "Боғи Эрам" боғлари ён-верида яшайдиган ёки ишга қатнайдиганлар учун, бир неча йилдан сўнг эса Ички ишлар академиясига яқин ҳудудлар, ундан кейинроқ эса Шимолий темир йўл станцияси атрофида ноқулайликларни юзага келтирган, инсонларнинг уйлари бузиб ташланган.

Бу ноқулайликлар мамлакат раҳбари учун қулайлик яратаётган тўраларни ҳеч қачон ўйлантирмаган.

Ўзбекистонда расмийлар ё-да уларнинг амалларидан норозиликни тўғридан-тўғри изҳор этиш имкони йўқлиги сабабли, бу норозилик асосан Интернет ижтимоий тармоқлари орқали билдирилмоқда.

Фейcбукдаги "Водители Ташкента" гуруҳида Камола Ахунова бу борадаги баҳсга туртки берган:

"Нима сабабдан трассага туташган йўллар тўсиляпти!!. Дархондаги бизнес марказига олиб борувчи йўлни ҳам тўсиб қўйишибди. Энди қаердан кириб чиқишимиз керак…", дея изоҳ қолдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ferghana.ru

Бунга жавобан Sergey Alekseev, "Яқинда А пунктидан Б пунктигача ягона бир йўл бўлиб қолади ҳеч қанақанги туташ жойларисиз", дея башорат қилган.

Sergey Kogayнинг фикрича, "Ҳамма нарса ягона бир ИНСОН учун қилиняпти"...

Ravil Vahidov яна бир тахминни илгари сурган: "Менимча, уларнинг йўллари бизларнинг йўлимиз билан туташиб қолишини исташмаяпти, шекилли".

Efim Kushnirнинг ҳазиломуз оҳанги бу каби "ободончилик" билан ҳаммани қутлаган: "Ҳаммангизни табриклайман - энди Инконель Бизнес Марказига орқа тарафдан келаверасиз. Дарвоза олиб ташланиб чиройлик панжара билан алмаштирилди. Мана ҳозир ўрнатиляпти".

Alexander Kashubin одамларга ноқулайлик туғдирмаслик учун "антиқа" бир таклифни илгари сурган: "Шу трассани ер тагидан қилишса инсонларга қулайроқ бўлармиди".

Anatoliy Kimнинг таклифи бунданда "дадилроқ": "Тикучар сотиб олса бўмасмикин-а ўзига, жонга тегдику!"

Лекин ҳамма ҳам бу амаллардан норози эмас, тушуниш билан ёндошганлар ҳам бор.

Rustam Makhmudov: "Бадбин бўлманглар. Хўш, йўлни ёпишса нима қилибди? Бу президент трассаси, президент Каримовни хавфсизлиги учун қилинмоқда".

Muhayo Mansurovaнинг фикрича, "Ҳукумат биноларини шаҳардан ташқарида қуриб, аҳолини тинч қўйсалар бўлмасмикан? Қадрли ҳукумат! Биз сизни жуда ҳурмат қиламиз, лекин бизнинг ҳуқуқ ва маконимизни чекламанг", дея мурожаат ҳам қилган.

Айни вақтда Тошкентдаги баъзи трамвай маршрутларининг бекор қилингани ҳақида ҳам фикрлар изҳор этилмоқда.

"Обшественный Контроль" гуруҳида Татьяна Родина нима сабабдан автобус бекатлари олиб ташлангани ва 13-трамвай қатнови тўхтатилгани ҳаиқда мансабдор шахслардан сўраган. Бу йўналишлардан фойдаланаётган нафақахўр ва ногиронлар эндиликда нима қилишларини тушунтириб беришларини илтимос қилган.

Musurmon Khurramov бу борада тушунтириш беришга ҳаракат қилгандек: "2016 йилда Тошкент шаҳрида бўладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитига тайёргарлик бошланди. Шу сабабдан улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда".

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Врач Ташкентский: "Бундай қарорга келган инсонларни кўрикдан ўтказиш керак. Менимча улар тегишли палаталарда даволаниши керак"...

Farida Charif: "Трамвай президентга халақит қилганлиги аниқ".

Timur Aripov: "Ахир йўналиш бўйича Тошкент Врачлар малакасини ошириш институти, Мудофа вазирлиги, Эндокринологоия институти, Акушерлик ва гинекология институти каби муассасалар жойлашган. Қандай қилиб одамлар энди у жойларга қатнайди, ҳокимият шу ҳақида ўйлаб кўрибдимикин?"

"Potrebitel.Uz" гуруҳида Дарья Дашуля: "Ҳамид Олимжон кўчаси. Кўприкдан метрога олиб борувчи пиёдалар ўтиш жойини ҳам беркитишяпти. Савол: Энди метрогача кўприкдан қандай қилиб ўтиш керак? Ўтлоқ устидан агар Телман боғигача панжара ўрнатилилмаса ёки кўприкнинг нариги бетиданми".

Abdurasul Ibragimov бунга жавобан таклиф киритган: "Учиб ўтамизми энди".

Gulnara Shamansurova келгуси қадамлар қандай бўлиши ҳақида тахминни илгари сурган: "Уйимдаги ойналар президент трассасига қараган. Ойналарни ғишт териб беркитиб ташласаям ҳайрон қоламайман".

Kamila Usmanova : Мен у ердан мактабимга борар эдим. Қизиқ энди болакайлар 18-мактабга қандай ўтиб борадилар?

13-трамвай йўналиши нега қисқартирилгани сабабини тушунтирмаган расмийлар Интернет ижтимоий тармоқларидаги норозиликлар ортидан изоҳ беришга мажбур бўлганлар.

Айтилишича, трамвайда бир йўловчини ташишга кетаётган харажат йўловчи чиптасидан тушаётган даромаддан кам бўлаяпти.

Шунинг учун ана шундай қарорга келингани ҳақидаги эълонлар 31 июл куни Тошкентда пайдо бўлган.

Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ