Ўзбекистонда ов қилишга кимнинг ҳадди сиғади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўтган йил сентябр ойи охирида Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ҳамда Дубай амири ҳисобланган Муҳаммад бин Рашид ал Мақтум Ўзбекистонда ов қилгани хабарлари тарқалган эди

Ўзбекистонда 2015 йилнинг биринчи ярмида ёввойи ҳайвонларни овлаш учун 135 та, ёввойи ҳайвонларни мамлакатга олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш бўйича 334 та рухсатнома берилган.

Podrobno.uz интернет нашрининг ёзишича, мазкур рақамлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган 29 июл кунги йиғинида эълон қилинган.

Аммо, бу борадаги ҳисоботда айнан қайси турдаги ёввойи ҳайвонлар ов қилингани ва бунинг учун кимларга рухсат берилгани очиқланмайди.

Маълумки, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда дунёнинг бошқа жойларида учрамайдиган ҳайвонот ва қушлар дунёси мавжуд.

Бутунлай йўқ бўлиб кетиш таҳдиди остида бўлган муайян турдаги ҳайвонларни ов қилиш эса, қонун йўли билан тақиқланган.

Шунга қарамай, Марказий Осиёда ов қилиш хорижлик ишқибозларни ҳам ўзига тортиши сир эмас.

Ўтган йил сентябр ойи охирида Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ҳамда Дубай амири ҳисобланган Муҳаммад бин Рашид ал Мақтум, меросхўр шаҳзода Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мақтум ва уларнинг қатор аёнлари Ўзбекистонда ов қилгани хабарлари тарқалган эди.

Интернет нашрлари Ўзбекистонда лочин ови меросхўр шаҳзоданинг энг севимли машғулотларидан бири экани ҳақида ёзишган.

Шаҳзода ва овнинг бошқа иштирокчилари Instagram тармоғидагидаги Ўзбекистондаги ов жараёнларидан ҳикоя қилувчи жуда кўп фото ва видеосуратлар турли интернет саҳифаларида қайта босилганди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳисоботида айни борадаги қонунчиликни бузганлардан 1804,3 миллион сўм ундирилгани ёзилади.

Айтилишича, ноқонуний овчилардан 138 та ов қуроли ва 1128 та тўр олиб қўйилган.

Би-би-си Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан боғланди ва ноқонуний ов қилувчилар кимлар бўлиши, ёввойи ҳайвонларни ов қилиш борасида айнан кимлар қизиқиб, рухсат сўраши, рухсатномалар қай тартибда берилиши борасида сўради.

Қўмита матбуот хизмати ходимлари эса, саволларимизни жавобсиз қолдиришди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ