Қайси ҳароратда ишни тўхтатиш керак?

Image caption Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги термометр фотоси тарқалган.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати қанчага кўтарилганда иш вақти қисқартирилиши ёки буткул тўхтатилиши керак?

Бу савол кўпчиликни қизиқтиради ва бу йилги ёзги жазирамалар одамларни мутасаддиларга ушбу саволлар билан мурожаат қилишларига ундаган.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бу мурожаатларга жавоб қайтарган, бироқ асосий саволга жавоб йўқ.

Ўзбекистонда об-ҳаво ҳақидаги маълумот Шўролар замонидан оддий одамлар томонидан ҳаётдаги воқеликни бузиб кўрсатиш тимсоли сифатида қабул қилина бошланган, "Тоштемир Тойлоқов бўлиб кет-э!" деб айтиш ёлғонни фош этишдай нарсага айланганини кўпчилик бугун ҳам яхши билади.

Давлатнинг қаттиқ назоратидаги телеканаллар ўшанда ҳам, бугун ҳам ҳаво ҳароратини 44 даражадан баланд кўрсатмаган.

Яқинда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги одамларни ҳаво ҳарорати 44 даражагача кўтарилишидан огоҳлантирди, ўзларини иссиқдан ҳимоя қилишга чақирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи 12news.uz

Аммо бугун техника жиҳозлари тараққий этган замонда кўпчилик ўзбекистонликлар ўзларидаги термометрлар аслида ҳарорат анча юқорини қайд қилганини кўрмоқдалар.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига аҳолидан мурожаатлар кўпайган.

Одамлар бундай иссиқ шароитда иш тартиби қандай бўлиши керак деган саволга Ўзбекистон қонунчилигида қандай жавоб кўзда тутилгани билан қизиққанлар.

Вазирликнинг Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси ушбу сўровларга жавобан тушунтириш берган.

Бу тушунтиришда Ўзбекистон ҳудудида саноат бинолари ичкарисидаги микро иқлимга боғлиқ тартиб-қоида Ўзбекистон Бош санитар врачи томонидан белгиланиши маълум қилинган.

Микроиқлимнинг асосий кўрсаткичлари сифатида ҳаво ҳарорати, ҳавонинг нисбий намлиги, босими, шимолнинг ҳаракатланиш тезлиги ҳамда бино томининг қизиган ҳарорати инобатга олиниши лозим, дейилган вазирлик изоҳида.

"Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, йилнинг совуқ ва ўтиш даврида иссиқлик даражаси кўп бўлмаган хона ва биноларда жисмоний енгил ишлар учун микроиқлимнинг оптимал параметрлари (даражаси) қуйидагича бўлиши: ҳаво ҳарорати 20-23° ва нисбий намлик - 40- 60%, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги - 0,2 м/с дан кўп бўлмаслиги лозим. Шу шароитларга микроиқлимнинг рухсат этилган миқдорлари: ҳаво ҳарорати - 19-25°, нисбий намлик 75%, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги - 0,3 м/с дан кўп бўлмаслиги керак. Оғир меҳнат учун ҳаво ҳароратнинг оптимал миқдори бўйича 4-5°га, рухсат этилган миқдори бўйича 6° га паст бўлиши лозим. Йилнинг иссиқ мавсумида нормалар бўйича ҳаво ҳарорати 2-3° га юқори бўлиши белгиланган," дейилади Меҳнат вазирлиги билдиришида.

"Ўта иссиқ ҳарорат таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоя тўсиқлар сиртининг ҳарорати 45° дан ошмаслиги лозим", дейилади вазирлик эълон қилган тушунтиришда.

Бироқ ёз кунларида ўзбек деҳқонларининг далада ишлашларига тўғри келади, очиқ ҳавода энг мақбул баланд ҳаво ҳарорати қанча бўлишига рухсат этилади?

Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида Би-би-си Тошкентдаги Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизматига ҳамда Соғликни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Бош санитар врачи идорасига боғланди.

Аммо саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Хўш, ҳаво ҳарорати нечага кўтарилганда ишни тўхтатиш мумкин?

Ўзбекистондаги меҳнат қонунчилигини яхши биладиган таниқли ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов ўзи юрист бўлишига қарамасдан, бу саволга жавобни билмаслигини айтади.

Руҳиддин Комилов айтишича, Ўзбекистон шароитида қайси ҳарорат ишлашга рухсат берадиган ҳарорат деб қабул қилингани ҳақида "Меҳнат Кодекси"да ҳеч нарса айтилмаган.

"Бу нарса норматив ҳужжатлар билан белгиланади. Лекин бу норматив ҳужжатлар бизга тақдим қилинмаган. Буни мутахассислар, меҳнат муҳофазаси билан шуғулланадиганлар билади", дейди ҳуқуқшунос.

Ҳали 1990 йиллар ўрталарида Ўзбекистон Гидрометереология марказига об-ҳаво маълумотини тарқатиш кескин чекланиши ҳақида буйруқ берилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи umida.ahmedova

Бундан олдин мамлакатда рўйхатдан ўтказилган ҳар бир оммавий ахборот воситаси Гидрометереология марказидан эмин-эркин маълумотни олган бўлса, бундан кейин фақат айрим ахборот агентликларигагина бу маълумотни тарқатишга рухсат берилган.

Ҳаво ҳарорати қизиб кетиши россияликларни ҳам мушкуллик пайдо қилган ва оддий одамларнинг саволларига Россия Меҳнат вазирлиги аниқ-таниқ жавоб берган:

"Агар термометр кўрсаткичи 28 дан 32 даражагача кўтарилса, иш вақти қисқаради. +28,5 даражада иш соати 7 соатдан ошмаслиги лозим, +29 даражада иш соати 6 соатдан, +30 даражада 4-5 соатдан кўп бўлмаслиги лозим. Агар ҳаво ҳарорати 33 дан ошса, Россия қонунчилиги бўйича умуман ишга келмаслик мумкин", дейилади Россия Меҳнат вазирлиги тушунтиришида.

Бу Россиядаги об-ҳаво шароитига тааллуқли, бироқ Ўзбекистондаги аҳволга оид мутасаддиларнинг тушунтиришидан кейин ҳам қатор саволлар яна очиқлигича қолган.

Бу ҳақда сиз қандай фикрдасиз?

Сиз тарафларда ҳаво ҳарорати нечагача кўтарилди?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ