'Ўзбек ёшлари билан боғлиқ муаммолар оғриқли'

Image caption "Ҳозирги ёшлар, ҳозирги ёшлар..."

Яқинда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича мажмуа иккига бўлингани хабар қилинди.

«Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаларига таяниб ёзишича, президент фармони асосида Соғлиқни сақлаш, экология ва инсонлар ҳаёти сифати, шунингдек, Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича бўлимлар ташкил қилинган.

Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича мажмуа раҳбари ҳамда тегишли равишда бош вазир ўринбосари этиб Баҳодир Ҳодиев тайинланган.

Ўзбекистонда бундан олдин ҳам ёшлар билан ишлайдиган "Умид", "Камолат" каби ташкилотлар фаолият қилган.

Гулнора Каримова етакчилигидаги Фонд Форумнинг қатор лойиҳалари ҳам ёшларни қамраб олганди.

Бироқ, таҳлилчилар мазкур ташкилотлар таъсирида ёшларнинг жамият ва сиёсатдаги мавқеи ҳаминқадар ортгани ҳақида гапирадилар.

Ўзбекистондан мустақил журналист Саодат Омоновага кўра, ташкил қилинадиган муассасалар тарғиботдан нарига ўтмаслиги уларнинг фаолияти кўпда самарасиз якун топишига олиб келади.

"Кўпроқ умумий гап, тадбирбозлик бўлганидан кейин бундай ташкилотлар самара бермайди. Лекин, назаримда, Гулнора Каримованинг лойиҳалари муваффақиятли бўлганди. Анча болалар грант асосида ўқишга киришганди. Қайсидир маънода ўз ишларини очишга йўл қўйиб берилганди. Лекин, бу ишлар ҳам ёпилиб кетди. Кейин самара бермаслигининг асосий сабаби - сўзда ҳамма нарса зўр. Лекин, коррупция бор экан... "Умид" нимага ёпилиб кетди? "Умид"чилар Ўзбекистонга қайтиб келганларидан кейин иш топиша олмади ва хорижга қайтиб кетишди. Бу ҳолат, албатта, тепада ўтирганларга ёқмади. Асосида коррупция, ишсизлик ётади-да", дейди Саодат Омонова.

Бугун Ўзбекистонда ёшлар сиёсати билан шуғулланувчи алоҳида мажмуанинг ташкил қилинишига ёшлар билан боғлиқ муаммоларга жиддийроқ қаралаётгани аломати сифатида қараш тўғрими?

Журналист Саодат Омонова баъзи ёшларнинг Сурия ва Ироқдаги ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган гуруҳлар сафларига қўшилиб кетаётгани ҳам масалага жиддий қараш заруратини туғдирган бўлиши мумкинлигини айтади.

"Менимча, шундай. Ўша ИД сафларига қўшилиш биз учун кутилмаган ҳолат бўлди... Бу ёшларга бўлган эътиборнинг сустлиги, уларни иш билан таъминлаш ёки бошқа масалаларда ҳам бефарқликнинг натижаси, деб ўйлайман", дейди журналист.

Шунингдек, журналист Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол, ишсизлик, кўплар иш излаб ватанни тарк этгани, ортда қолаётган болалар эса, ота-онадан йироқда ўсаётгани ёшлар билан боғлиқ қатор муаммолар ортидаги сабаблар сифатида санайди.

"Бу оғриқли, жуда ҳам оғриқли нуқта. Иш билан таъминланмагани учун кўп йўлларга кириб кетади-да, ёшлар. Ўғрилик, дейсизми, бошқа дейсизми? Давлатнинг ўзи шунга жиддий эътибор қаратмас экан, бу муаммо бартараф этилмайди. Кўп болаларнинг ота-оналари четда ҳозир, Россия, бошқа жойларда ишлашяпти. Болалар ўзи билан ўзи қолган. Бувиси, бобосининг қўлида қолган. Интернетда ўтиришади... у ерда турли беҳаё филмларни томоша қилишяпти. Фақат ўйин. Бунақа ўйинлар билан ҳаёт бўлмайди-да. Ҳаётда пасту-баландликлар борлигини ота-она, мактаб тушунтира олади-да".

Суҳбатни тўлиқ тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сиз бу ҳақда нима дейсиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio