Уругвайлик футболчи Луис Суарес Самарқандга келган эдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан Луис Суареснинг Самарқандга келиб кетганлиги тўғрисидаги хабар ҳозирча тасдиғини топмади.

Мақола муаллифи Бекзод Ҳидоятов хабарнинг рост ёлғонлигини тасдиқлай олмаслигини маълум қилди. ЎзА мухбири манба сифатида таянаётган championat.asia сайти эса хабарни 1 апрел ҳазили бўлганлигини билдирди.

5 август куни “Мафтункор юртнинг жозибадор бренди” сарлавҳаси остида чоп қилинган мақолада машҳур футболчи Суареснинг Самарқанд шаҳрига оиласи билан келиб кетгани ҳақида ёзилди.

“Суарес оиласи билан Самарқандга келиб кетган. Бу ҳақда футболчининг ўзи хабар тарқатган. Регистон майдонида суратга тушиб, “Instagram”даги шахсий саҳифасига жойлаштирган”, -дейилади Бекзод Ҳидоятов томонидан ёзилган мақолада.

Биз журналист Бекзод Ҳидоятов билан боғланиб Луис Суареснинг Самарқандга келгани ҳақидаги хабар нимага асосланганлигини сўрадик.

“Одноклассики ва Вконтактида муҳокама бўлганди. Лекин мақолага айнан бу нарса асос бўлмаган. Бундан ташқари футболга ихтисослашган сайтларда орқасида ғишт билан терилган фонда оиласи билан тушган сурати қўйилиб Луис Суарес Самарқандга келди, деган хабар пайдо бўлган. Адашмасам, championat.asia да эди. Қайси сайтда кўрганим аниқ эсимда йўқ. Бу хабарнинг чиққанига кўп бўлганди. Анча шов шув кўтарилганди”, - дейди Бекзод Ҳидоятов.

Журналистнинг айтишича, мақолада ушбу хабар рост ёки ёлғонлиги борасида аниқ бир нима деёлмаймиз, деб алоҳида таъкидланган.

Суареснинг Самарқандга саёҳати борасидаги хабар фэйсбук ижтимоий тармоғида 2 апрель куни пайдо бўлган эди.

Футболга ихтисослашган championat.asia сайтининг фэйсбукдаги саҳифасида футболчининг қисқа таътилдан фойдаланиб Самарқанддаги тарихий обидаларни оиласи зиёрат қилгани ёзилганди.

Ушбу хабарда Суареснинг оиласи билан лойсувоқ девор фонида тушган сурати келтирилган.

Championat.asia портали раҳбари Нодирхўжа Йўлдошев ушбу хабарнинг 1 апрель ҳазили эканлигини билдирди.

“Бу 1 апрел куни муносабати билан чиққан хабар ва у ижтимоий тармоққа тегишли эди, сайтда чиқмаган”, - деб ёзди Нодирхўжа

Суареснинг Самарқанд зиёратига келгани хақида хабар берган ЎзА мухбири Бекзод Ҳидоятов ушбу хабар 1 апрел ҳазиллиги борасида билмаганлигини айтди.

“Унда билмадим, хабарга аниқлик кирита олмаганим учун ҳам унинг нечоғлик тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида бир нарса деёлмаймиз, деб абзацнинг бошидаёқ берганмиз”, - дейди Бекзод Ҳидоятов.

Ушбу хабарни тез орада бошқа интернет нашрлари ҳам ЎзАга манба келтирган ҳолда ўз саҳифаларида чоп этди.

Хабарга исбот сифатида футболчининг оиласи билан лойсувоқ девор фонида иссиқ кийимларда тушган расмини келтиришди.

Ушбу расм уругвайлик футболчининг инстаграм саҳифасида ростдан ҳам бор, аммо у ерда Самарқанд ҳақида гап йўқ.

Футбол ишқибозлари бу хабарларни шубҳа билан қарши олишди.

“Жиддийми? Самарқандга келиб иссиқ кийимларда битта расмга тушиб кетибдими, шаҳарнинг бошқа гўзалликлари олдида суратга тушмаптими?”, - дейди Достон Маматов.

“Уз24, қанақа бўлмағур нарсани кўчириб босгансизлар? Унинг инстраграмида бунақа изоҳ йўқ, расм эса апрелнинг бошида олинган. Олий тоифали журналистика”, - дея киноя қилади Максим Диденко.

Жасурбек Норметов соддалик қилмасликка чақиради:

“Соддалик қилманглар, келмаган у. Келганда, ростдан ҳам бунақа мавҳум тушмасдан регистон фонида тушарди”.

2009 йили президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бошчилик қилган “Ўзбекистон маданият ва санъат жамғармаси” ташаббуси билан Ўзбекистонга машҳур футболчи Криштиана Роналду келган эди.

2008 йилда эса, Ўзбекистон футбол федерацияси Барселонанинг юлдузлари Леонел Месси, Хави, Андрес Иньеста ва Самюэль Это’Оларни Тошкентга бир муддатга олиб келганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ