Ўзбек-Қирғиз музокаралари издан чиқишида айбдор ким?

Расмий Тошкент билан расмий Бишкек ўртасида даҳанаки жанг авж олган.

Қирғиз томонига кўра, икки мамлакат ўртасидаги чегара делимитацияси ва демаркацияси масалаларини муҳокама этиш учун Тошкентга борган Қирғиз ҳукумати ҳайъати билан ҳеч ким учрашмаган.

Қирғиз чегара хизмати делегация икки кундан сўнг Бишкекка қайтишга мажбур бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Бунинг ортидан Қирғиз Ташқи ишлар вазирлиги Бишкекдаги Ўзбекистон элчисини чақириб тушунтириш талаб қилган.

Қирғиз тарафига кўра, Тошкентга ҳукумат делегацияси кетганидан кейин музокара ҳайъати таркиби ўзгартирилгани ҳақида Ўзбекистон томони маълум қилган.

Ўзбекистон тарафи эса июл ойи охирида ҳеч қандай учрашув бўлмаслиги ҳақида иккинчи тарафни огоҳлантиргани ва чегарадан ўтиш нуқталари масалаларини муҳокама қилиш мўлжалланган учрашувга чегарачилар, божгирлар ва транспорт хизматлари вакиллари бўлиши кўзда тутилганини хабар қилган ва учрашув шакли ҳақида Қирғиз томонини огоҳ этгани ҳақида хабар қилган.

7 август куни Ўзбек Интернет нашрларида Қирғиз ҳукумати ҳайъати аъзоси Курбанбай Искандаров барча музокараларни издан чиқараётган киши сифатида тақдим қилинган мақолалар пайдо бўлган.

Подробно.уз нашри Қирғиз ҳукуматининг делимитация ва демаркация бўлими бошлиғи Курбанбай Искандаровни муаммони ҳал этиш йўлида "ўтиб бўлмайдиган тўғаноқ" деб атаган, унинг ҳаракатларини бутун жараёнга зарар етказаётганликда айблаган.

Интернет сайт ёзишича, Искандаров йўқ жойдан жанжал чиқариб, нафақат Ўзбек томони, балки ўз раҳбариятига ҳам ёлғон маълумотлар етказиш орқали вазиятни бузиб кўрсатмоқда.

Мақолада Қирғиз мулозимининг шахсий сифатлари ҳам тилга олиниб, унинг ҳиссиётга берилиши, ҳаттоки контрабанда ишларига эҳтимолий аралашиши каби жиддий айбловлар ҳам тилга олинган.

Би-би-си Қирғиз хизмати Курбанбай Искандаров билан боғланиб, унга қўйилаётган айбловлар борасида суҳбатлашишга мувафақ бўлди.

Курбанбай Искандаров: Мен ўзбек оммавий ахборот воситаларида пайдо бўладиган хабарларга кўникиб қолганман, булар ҳеч қандай янгилик эмас. Мен аввал ҳам нега Ўзбекистон музокараларни чўзиб ётиши ҳақида айтган эдим. Бунга тўлиқ Ўзбек тарафи айбдор. Турли баҳоналар билан улар масаларни муҳокама қилишдан бош тортиб келишмоқда. Биз эса музокаралар тезроқ битиб, эл чегара қаерда эканлигини тезроқ билсин, деган ҳаракатдамиз.

Би-би-си: Ўзбек медиасида эса Сизнинг энг асосий тўсиқ бўлаётганингиз айтилмоқда. Балки Сиз чекароққа чиқиб туришингиз керакдир?

Курбанбай Искандаров: Буларнинг умиди ҳам худди шундай бўляпти. Уларнинг Искандаров эмас, делегацияни вице-премьер бошқарсин деган таклифига ҳам биз рози бўлганмиз. Ҳозирги вақтда делегацияларни вице-премьерлар Маматалиев ва Азимовлар бошқаришмоқда. Мен фақат делегация аъзоси сифатида ўз фикримни айтаман, холос. Мен ўз фикримни илгари тузилган ва имзоланган ҳужжатларга асослантираман. Ўзбек тарафи эса Советлар даврида имзоланган ҳужжатларни тан олмасликка уриняпти.

Би-би-си: Ўзбек медияси сизнинг ҳиссиётларга берилиб кетишингиз, дипломатия ҳадларидан чиқиб, музокара сирларини эълон қилишингизни айб сифатида келтиришган. Шундай ҳоллар балки учрагандир?

Курбанбай Искандаров: Мен ҳеч қандай дипломатия қоидаларини бузмаганман. Мен бу масала устида охирги ўн йил давомида ишлаб келаётган одамман. Ўзбекистоннинг бу ерда тактикаси музокараларни чўзишдир. Улар кетма-кет делегация бошлиқларини алмаштириб туришади. Янги келган бошлиқ эса ўзининг янгилигини пеш қилиб, яна вақт талаб қилади ва ҳоказо.

Би-би-си: Мақолада сизни жуда ҳиссиётга берилади, балки бу одам чегарадаги контрабанда ишларига алоқадордир, деган гумон ҳам келтирилган. Бунга жавобингиз қандай?

Курбанбай Искандаров: Агарда мен контрабандага аралашган бўлсам, Худо мени урсин! Агарда аралашмаган бўлсам, бу бўҳтонни айтган одамларни Худо урсин! Мен фақат чегара масалалари билан шуғулланган одамман. Улар мени жилдириб, бошқаларни алдаб-сулдаб ўз мақсадларига етишмоқчи, холос.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ