Урганчда концерт пайти фожеа рўй берган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Интернет ижтимоий тармоқларида Урганч кўлидаги кўприк фотосуратлари тарқалган.

Хоразм вилояти маркази Урганчдан олинаётган хабарларга кўра, 8 август куни кечқурун концерт пайти кўл ёқасида қурилган панжара қулаб тушгани оқибатида томошабинлар сувга қулаганлар.

Би-би-си манбаси хабар қилишича, фожеа жуда кўп одам тўплангани оқибатида рўй берган.

Концертга келганларнинг аксарияти ёшлар бўлиб, Хоразмнинг бошқа туманлари ва қўшни вилоятлардан ҳам ташриф буюришган.

Хабар қилинишича, Урганчдаги "Ёшлар кўли"да Наврўз Собировнинг концерти пайти кўп одамни кўтаролмаган сунъий оролга олиб ўтадиган кўприк панжараси қулаган.

Би-би-си манбаси хабар қилишича, 16 инсон чўкиб кетган.

13 инсон шифохонага ётқизилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари якшанба тонгигача қутқарув-қидирув ишларини олиб борганлар.

Чўкиб кетган инсонларнинг аксари сузишни билмайдиган болалар бўлгани хабар қилинмоқда. Кўлнинг чуқурлиги камида икки метрга етиши айтилади.

Хоразмдаги яна бир манбанинг бизга айтиб беришича, айни пайтда ҳамма жойда шов-шув, ваҳима бўлиб кетган. Кўчаларда милиция ходимлари кўпайгани кузатилган.

Воқеа жойи ва "Ёшлар кўли" га борадиган йўллар ички ишлар ходимлари томонидан ўралган. Ўлганлар орасида ёш болалар ва аёллар бўлганини айтди у.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов топшириғига биноан, Урганчдаги фожеа бўйича ҳукумат комиссияси ташкил этилган.

Ҳукумат комиссиясига ҳодиса сабабларини аниқлаш, оқибатларини бартараф этиш, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ва жабрланган шахсларга ижтимоий–моддий ёрдам кўрсатиш вазифалари юкланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio