“Ислом ОИТСни тўхтатади деган мафкура тўғри эмас!”

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Интернет нашрларида Африка харитасини чизган бир олимнинг хулосалари қизғин муҳокама қилинмоқда.

Muxlis.uz нашрида чоп этилган ва мазкур олимга тааллуқли деб талқин қилинган икки харитадан бирида Ислом дини тарқалган ҳудудлар, иккинчисида ОИТС, яъни СПИД касаллиги тарқалган минтақалар акс эттирилган.

Бундан “қаердаки Ислом дини бўлса, ўша ерларда СПИД тарқалмаган” деган хулоса келиб чиқади.

“Олимлар хулосаси: Ислом ОИТСдан асрайди” сарлавҳа остидаги мақолада “мазкур харита ҳозирда интернетнинг турли ижтимоий тармоқларида “Қуръонда битилган қоидаларга амал қилсак, ОИТС деган балога сира дучор бўлмаймиз” қабилидаги фикрлар билан муҳокама қилинмоқда деб ёзилган.

Тошкент шаҳар ОИТС марказида узоқ йиллар давомида ишлаб келаётган шифокор Собир Усмоновнинг айтишича, “Ислом дини бор жойда деган гап тўғри эмас. Ислом динига бўйсунган жойда, Ислом дини қоидаларига итоат қилган жойда касаллик камроқ тарқалган”.

“Исломда...зино қилмаслик деган тушунча бор, бу эса жинсий садоқатга олиб келади,” дейди шифокор.

“Қаерда садоқат кучли бўлса, инфекциянинг жинсий йўл билан юқиши қийин бўлади.”

Шифокор Собир Усмоновнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда ОИТС билан яшаётганлар сони 30 мингдан ошган.

Бу касаллик уч йўл орқали –парентерал, яъни тер ва шиллиқ қаватнинг шикастланиши орқали, жинсий ва онадан болага юқади.

Ўзбекистон миқёсида парентерал йўли энг юқори деб ҳисобланади.

Шифокорнинг тушунтиришича, “хоҳлаймизми –хоҳламаймизми, биз наркотрафик жуда кучли бўлган жойга яқин жойлашганмиз”.

Ўзбекистон орқали Оврўпога оқаётган гиёҳванд моддаларнинг айрим қисми барибир Ўзбекистонда қолади.

“Наркотик қолар экан, наркоманлар бор бўлар экан, парентерал йўли биринчи ўринда қолади.”

“Умуман бу муаммони динга боғлаш тўғри эмас”, деб xулоса чиқаради шифокор Собир Усмонов.