"Хавфсизликка таҳдид солганлар фуқароликдан чиқарилади‏"

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 10 августда "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга тузатиш ва ўзгартишлар киритишга оид қонунни имзолаган.

Қонуннинг ўзгартириш киритилган 21- моддасига кўра, Ўзбекистонда жамият ва давлат манфаатларига зиён етказган шахслар фуқароликдан маҳрум қилинади.

Бошқа давлат фойдасига ишлаш, осойишталик ва хавфсизликка қарши жиноятларни содир этиб, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказганлар фуқароликдан чиқарилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 29 июлда қонунни қабул қилган, 6 август куни Сенат томонидан маъқулланган.

2015 йил 11 августидан кучга кирган ҳисобланади.

Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, уруш, тажовузкорликни тарғиб-ташвиқ қилиш, уруш қонунлари ва одатларини бузиш, геноцид, чет давлатларда ҳарбий хизматга ёлланиш, хорижий давлатда хавфсизлик органлари, полиция, каби идораларда фаолият олиб бориш, террорчилик, миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғаш кабилар осойишталик ва хавфсизликка қарши жиноятлар, дея саналади.

Терроризм, террорчилик ҳаракатларини тайёрлаш ёки содир этганлик ҳақидаги маълумотларни яшириш, террористик ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида тайёргарликдан ўтиш, миллий, ирқий, этник ва диний низоларни қўзғаш кабилар тинчликка қарши жиноятлар сифатида кўрсатилган.

Бундан олдин Тожикистонда ҳам шундай қонун кучга кирган. Тожикистон Президенти фармонига биноан, хориждаги террористик гуруҳлар сафида қатнашувчи тожик фуқаролари автоматик равишда мамлакат фуқаролигидан чиқарилиши маълум қилинганди.

Бироқ Ислом Каримов чиқарган қонун ундан анча фарқ қилиб, баъзи саволларни юзага чиқаради. Агар Ўзбекистон фуқароси хорижий ширкатда ишласа ёки хорижга чиққан бўлсачи?

Хорижга чиққанларга таъсири қандай?

Фуқаролик тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этган иш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса ҳам Ўзбекистон республикасининг фуқаролигини йўқотиши мумкин.

Шу боисдан кузатувчиларнинг эътиборини тортган жиҳати хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритган шахсларнинг фуқароликдан маҳрум қилиниши бўлмоқда.

Тошкентдан юрист Руҳиддин Комилов қонундаги ушбу ўзгартиришнинг биринчи жумласи мавҳум эканини айтади.

"Шу қисми абстракт. Негаки, хорижий давлат фойдасига қонуний ишлаб туриб ҳам, хорижий давлатнинг вакили бўлиши мумкин, хорижий компаниянинг бошқарувчиси бўлиши мумкин. Хоҳлайсизми-хоҳламайсизми бунда Ўзбекистон манфаатига зид ишлаши мумкинку?

Шунинг учун биринчи бўлимдаги тушунча тушунарсиз. Бу бизнес. Иқтисодий муносабатларда содир бўлиши мумкинда. Лекин бу ҳолатда қанақа, иқтисодий фойда оламан деб ўзини вазифасини бажаряпти.Тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин хорижий компанияда. Табиийки зиён келтириши мумкин, иқтисодий зиён, керак бўлса жиддий келтириши мумкин", дейди тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Франциядаги ҳуқуқбон Толиб Ёқубов қонундаги ушбу ўзгартиришдан асосий мақсад хорижга борган ва Ўзбекистон ҳукумати учун ёқимсиз бўлган шахсларни фуқароликдан маҳрум қилишга қаратилган бўлиши мумкинлигини айтади.

"Чет элларда жуда кўп диссидентлар бор, ҳукумат сиёсатига рози бўлмаган одамлар ўша қатағонларга дуч келганидан кейин четларга чиқиб кетган. Ҳатто Ўзбекистон парламентининг депутатлари чиқиб кетишди. Улар чет элга бориб, чет эл давлатининг манфаати учун ишлаймиз, деган мақсадда чиқиб кетишгани йўқ. Буларни шароит мажбур қилди. Репрессив шароит мажбур қилди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати бундай деб ўйламайди".

Толиб Ёқубов хорижга чиқиб кетган фуқароларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга қайтишга ҳаракат қилаётганини билдирди. "Чиқиб кетган одамларнинг кўпчилиги ватанга қайтишга тайёр. Масалан менинг ўзим шунга ҳаракат ҳам бошлаганман. Мен декабрнинг ўрталарида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Равшан Усмоновга хат ҳам ёзганман. Лекин жавоб олмадим. Шу йўлда ҳаракатимни давом эттирмоқчиман. Лекин булар қандайдир йўл билан мени Ўзбекистонга қўймасликка ҳаракат қилишлари мумкин", дейди Толиб Ёқубов.

Хорижда туриб Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф фаолият юритаётган шахсларнинг яқинларини фуқароликдан маҳрум қилиш амалиёти аввал учраган. "Бирдамлик" партияси лидери Баҳодир Чориевнинг хотини ва тўққиз ёшли ўғли 2014 йил сентябрда Тошкент аэропортидан Америкага қайтариб юборилган. Феруза Хуррамовага Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинганини билдиришган. Унга беш йил давомида Ўзбекистоннинг АҚШдаги консуллигида рўйхатда турмаганлик айби қўйилган. Бироқ Хуррамова ушбу ҳодисани турмуш ўртоғининг сиёсий фаолият юритиши билан боғлаганди.

Юрист Руҳиддин Комилов эса, ушбу қонуннинг оқибатлари номаълум қолаётганини билдиради.

"Боринг ана фуқароликдан маҳрум қилди дейлик кимнидир.Оқибати қанақа?- деган тушунча пайдо бўлади. Анови жанг қилишга кетган одамларга буни умуман қизиғи йўқку, агар айнан ўшаларга белгиланган бўлса бу қонун? Улар ўзининг тушунчасини тан олади, бошқасини тан олмайди", деб айтади Тошкентдан юрист Руҳиддин Комилов фуқаролик ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар ҳақида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio