"Ички ишлар бўлимида 62 кун ноқонуний ушлаб турилган"

Мирзо Улуғбек тумани паспорт бўлимига борган тошкентлик Олмосбек Эркабоев "терроризмга қарши кураш" бошқармаси ва хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, 60 кундан ортиқ изоляторда ноқонуний сақланган, дейди Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Би-би-сига.

Олмосбек Эркабоевнинг онаси Мўтабархон Содиқовага кўра, ўғлининг айби унинг намозхон эканида бўлиши мумкин.

Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига мурожаат қилган онахон, Олмосбек биометрик паспорт олишга борганида қонунга зид тарзда ушлангани ва Тошкент вилоят Ички Ишлар бўлимига олиб борилиб, ҳимоячисиз сўроқ қилингани ва қийноққа тутилгани ҳамда диний экстремизм бўйича айбловни бўйнига олишга мажбурланганини сўзлаб берган.

Мўтабархон Содиқова ўғлининг нимада гумон қилинаётганини билиш учун ҳар куни Тошкент вилоят ИИБга қатнаган.

Бироқ "терроризмга қарши кураш" бошқармаси ходими ўғлининг нимада айбланаётганини сир сақлаб, тез кунларда қўйиб юборилишини айтиб уни тинчлантирган.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи аралашуви билан 4 августда Олмосбек Эркабоев озод қилинади.

Бироқ ИИБ дагилар Олмосбекни чиқара туриб, қандайдир ишда гувоҳ сифатида қатнашиши кераклиги талабини қўйишган. Бундан ташқари ўзлари унга яхши муомалада бўлганлари ҳақида ёзилган ҳужжатга имзо чекиб беришга мажбурлаганлар, агар бу воқеа интернетда чиқса, қамоққа ташлаш билан таҳдид қилганлар, деб айтади ҳуқуқ фаоли.

Суръат Икромовга кўра, Олмосбек Эркабоев 62 кун давомида жуда ёмон шароитларда изоляторда сақланган. Гигиена учун зарур нарсалар берилмаган. Олмосбек озодликка чиқарилгач, қорин қисмида ва юрагида пайдо бўлган оғриқдан шикоят қилган.

Бундан ташқари, Эркабоевга 3 ойдан бери сабабсиз тарзда биометрик паспорт берилмаяпти.

Мирзо Улуғбек туман паспорт бўлимидагиларга кўра, юқоридан шундай кўрсатма бўлган, лекин уни ким берганини очиқламаганлар.

Олмосбек Эркабоевнинг онаси ўғли 62 кун ноқонуний ҳибсда ушланиб, қийноқларга тутилгани устидан шикоят аризасига жавоб кутмоқда, дейди ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio