Қурбоной Эгамбердиева: тирик бўлганида эрим бугун 53 ёшга тўларди

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси хабар қилишича, икки йил илгари ғўза чопиғига чиққани туфайли саломатлиги ёмонлашган ва ҳаётдан кўз юмган Турдиқул Эгамбердиевнинг оиласи на товон пули, на моддий кўмак олаяпти.

Ишсиз бўлган Турдиқул Эгамбердиев рафиқаси Қурбоной Эгамбердиева бетоб бўлгани учун ўрнига пахта чопиғиги чиқишга қарор қилган.

Қурбоной Эгамбердиева сўзларига кўра, ўзи ишлаган Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги болалар боғчаси, бошқа маориф ва тиббиёт муассасалари ходимларини Термиз туманидаги "Жайронхона" оромгоҳи яқинидаги пахта майдонига ғўза чопиғига олиб чиқишга буйруқ берилган.

Табиийки, бу буйруқ оғзаки буйруқ ва бу буйруқ Жарқўрғон туман ҳокимлигидан оғзаки берилган.

Инсон ўлимига олиб келган ушбу буйруқ учун туман ҳокимлигини судга бериш мумкинми?

Мумкин ва маҳкамада давлат идорасини мажбурий меҳнатда айбдор деб топиб товон пули ундиришга ҳам эришиш мумкин.

Фақат суд тизими чиндан ҳам мустақил ва ҳокимиятдаги амалдорларнинг буюртмасини бажармайдиган мамлакатда.

Ўзбекистонда эса мажбурий меҳнат учун қуйида туман ҳокимлиги, ундан юқорида вилоят ҳокимлиги ва яна ҳам юқорида Вазирлар Маҳкамаси масъул бўлади.

Бироқ ҳукумат ўз фуқароларини мажбурий меҳнатга чиқишга мажбурлаётгани, чиқишни истамаганлардан пора ундирилаётгани ҳолатларини тан олмайди.

2013 йил 9 июн куни жарқўрғонлик давлат идоралари ходимлари Термиз туманига ғўза чопиғига олиб чиқилганлар.

Бу бир ҳафталик ётоқ экани айтилган.

Рафиқаси ўрнига борган Турдиқул Эгамбердиев бир ҳафтадан кейин уйга қайтишни ният қилган.

Аммо, рафиқаси Қурбоной айтишича, 11 июн куни соат 16:00 ларда телефон орқали сўзлашганлар, ярим соатлардан кейин эса турмуш ўртоғининг вафот этгани ҳақида хабар келган.

Бирдан саломатлиги ёмонлашган Турдиқул Эгамбердиев ўлимига нима сабаб бўлгани текширилмаган.

Ортида тўрт фарзандини қолдириб ҳаётдан кўз юмган пайтида у 51 ёшда эди.

"Тирик бўлганида бугун 17 август куни турмуш ўртоғим 53 ёшга кирардилар", дейди Қурбоной Эгамбердиева.

Жарқўрғон туман ҳокимлигига Қурбоной Эгамбредиевага ҳеч қандай ёрдам берилмаслигини айтишган.

"Фақат туман маориф бўлими касаба уюшмаси 89 минг сўм ёрдам пули берган.

Мамлакатда мажбурий меҳнат ҳамон давом этмоқда.

Шу кеча-кундузда, мисол учун, Тошкентнинг Олмазор туман ҳокимлиги ҳар бир маҳалладан беш кишини пахта йиғим-теримига олиб чиқиш ёки 400 минг сўм тайёрлаб қўйиш буйруғини берган.

Яқинда ғўза чопиғига чиққан Тошкент вилояти тиббиёт муассасалари ходимлари жазирама иссиқдан ҳушларидан кетгани хабарлари тарқалди.

Оддий одамларни ғўза чопиғи ёки пахта йиғим-теримига чиқишга мажбурлаётган амалдорлар соғликка етказилган зарар ва ҳатто инсонлар ҳаётдан кўз юмган пайтда ҳам ҳеч қандай жавобгарликка тортилаётганлари йўқ.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ