Тошкентда яшашга шароит бор, Ўзбекистонда-чи?

Image caption Тошкент ҳам Самарқанд, Бухоро ва Хива каби мамлакат фахридир.

Тошкент яшаш шароитлари бўйича дунёнинг 140 шаҳри ичидан 116-ўринни олган.

Бу дегани - Ўзбекистон пойтахти айни рейтингда ўтган йилларга нисбатан кескин пастга тушиб кетган.

Economist Intelligence Unit рўйхати шаҳарларни тиббий хизмат, таълим, барқарорлик, маданият ва атроф-муҳит шароитларига қараб баҳолайди.

Тошкентнинг яшаш шароитлари бўйича жаҳоннинг 140 шаҳар ичидан 116-ўринга лойиқ кўрилгани бир тарафдан хушхабар.

Демак, ўтган асрда намунавий Шўролар Осиёси шаҳри сифатида ривожлантирилган шаҳар ўз мавқеини тутиб турмоқда.

Economist Intelligence Unit ташкилоти тузган рўйхат дунё шаҳарларидаги тиббий хизмат, таълим, маданият, ҳаво ва атроф-муҳит тозалиги, транспорт, маданий ҳордиқ чиқариш ва барқарорлик каби ўнлаб омилларга қараб тузилади.

Жамоат транспорти бобида эса Ўзбекистон пойтахти ҳар вақт дунёнинг энг сара шаҳарларидан бири, деб кўрилади.

Бу йилги энг сара шаҳарлар сифатида Австралиянинг Мельбурн, Австриянинг Вена шаҳарлари тан олинган.

Яшаш шароитлари кескин ёмонлашган шаҳарлар сифатида эса нотинчлик ҳукм сураётган Ливия ҳамда Сурия пойтахтлари - Триполи ва Дамашқ тилга олинади.

Яшаш қийин шаҳарлар қаторидан Бангладешнинг Дакка шаҳри ва Нигериянинг энг йирик Лагос шаҳри ҳам жой олган.

Тошкентда шароит ёмонлашяптими?

Тошкент юз баллик шкала бўйича ўртаҳол бал тўплаган. Аммо таълим борасида Ўзбекистон пойтахти анча юқори ўринда.

Айни Economist Intelligence Unit чиқарган уч йил аввалги рўйхат эса Тошкентни яшаш шароитлари бўйича 58-ўринга қўйгани хабар берилганди.

Яъни, ўтган уч йилда Ўзбекистоннинг йирик шаҳридаги шароитлар 116-ўринга тушиб кетган бўлиб чиқади.

Рўйхатнинг энг пастки қаторига тушган Триполи ёки Дамашқ шаҳарларидаги аҳволнинг ёмонлашуви у ерлардаги нотинчликка боғлиқ эканлиги аён.

Аммо не боис Тошкент рўйхатда пастлагани батафсил изоҳланмаган.

Image caption Ўзбеклар ҳам дунёнинг бошқа халқлари каби ўз пойтахтларига иш ва омад излаб келишади.

Кейинги йиллар Тошкентда кўприклар ва янги бинолар қурилмоқда. Айни дамда, хиёбон ва кўплаб соя ташловчи дарахтлар кесилмоқда ҳам.

Тиббий хизмат эса фақат номига пуллик бўлиб, беморлар ҳатто энг оддий дориларни ҳам ўзлари сотиб олишлари керак.

Ҳуқуқ фаоллари ташхис қўювчи ва даволовчи тиббий ускуналардан текин фойдаланиш имконлари пасайиб кетаётганини айтишади.

Уларга кўра, ўқитувчи ва шифокорларнинг оммавий тарзда дала ишлари ҳамда кўчаларни тозалаш каби мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳам таълим ва тиббий хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Барибир Тошкент яхши!

Ҳар қандай ҳолатда Тошкент Ўзбекистондаги энг намунавий ва шарт-шароит муҳайё шаҳар.

Шаҳарда мунтазам электр, сув ва газ таъминоти ишлаб турибди.

Бироқ Ўзбекистоннинг кичик шаҳар ва қишлоқлари 20-аср бошидаги яшаш шароитларига қайтишмоқда.

Қишлоқларда газ қувурлари бўм-бўш, свет соатлаб берилади ё тез-тез ўчиб туради, сув ё ўлчаб берилади, ё умуман етиб бормаган.

Чўл ҳудудларида қишлоқ одамлари ёмғир сувини йиғиб ичишади, пулдорлар эса машинада сотиб олиб келтиришади.

Молнинг тапписидан тезак қилиш эса қишлоқлар у ёқда турсин, ҳаттоки кичик туман шаҳарларига ҳам қайта жонланмоқда.

Шундай шароитда, ҳукумат аҳоли кўп ва зич яшайдиган Тошкент каби йирик шаҳарларда шароитларни рисоладагидек тутиб туришга интилмоқда.

Тошкент - бир дунё, Ўзбекистон - бир дунё...

Хусусан, Тошкент бошқа вилоятларда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари учун деярли ёпиқ шаҳарга айлантирилди.

Image caption Ўзбек жамиятидаги маҳаллийчилик ифодаси бўлган интернет суратларидан бири.

"Прописка" қилиш имконлари шу қадар чекланганки, қишлоқ боласи университетда аъло баҳога ўқиб, даҳо бўлиш қудратига эга бўлса ҳам Тошкентда яшаб қололмай, қишлоғига қайтиб кетади. Унга муносиб иш ўрнини эса амал-тақал қилиб, уч баҳога ўқиган бўлса ҳам, лекин Тошкент "прописка"сига эга бошқа биров ишлайди.

Кўпинча, ўз пойтахтига сиғмаган ўзбеклар агар иложини топишса, яқин ё узоқ хориж давлатларига чиқиб кетишдан бошқа чоралари қолмаяпти.

Иложсизлар эса ишсизлик юқори ва яшаш шароитлари паст бўлган ўз қишлоқларида иш топа олишмаса, тузукроқ ҳаёт ёки иш излаб пойтахтга келишаверади.

Сталин жорий этган прописка тизими янада кучайтирилган бугунги ўзбек жамиятида азалий маҳаллийчилик кайфиятлари ҳам қайта кучаймоқда.

Бугун ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик ёшлар орасида тез-тез учрайдиган ва ҳатто ҳақорату-камситишларга қадар етиб бораётган маҳаллийчилик асосидаги баҳслар шундан далолат.

Тошкентликларнинг айблашича, вилоятликлар пойтахтнинг гази, свети, иш имконлари ва яхши яшаш шароитларини кўзлаб, шаҳарга оқиб келишмоқда ва тошкентликларнинг иш ўринларини тортиб олишмоқда. Шу боис улар ўз минтақаларига кетишлари керак.

Вилоятликлар эса, агар Бухоро ё Қашқадарёнинг гази, Фарғона водийсининг мева-сабзавоти, Хоразмнинг гуручи, Сирдарёнинг электр қуввати, Чорвоқнинг суви бўлмаса, Тошкентда бундай шароитлар қаердан яратиларди, деб савол қўйишади.

Хорижий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати юритаётган иқтисодий сиёсат ҳам ўзбек жамиятида маҳаллийчиликни қайтадан кучайтирмоқда.

Натижада, Иккинчи Жаҳон Урушида юз минглаб бошқа миллат вакилларини ўз бағрига олган "нон шаҳри" бугун ўзини боқаётган ўз ўзбегининг кўксидан итармоқда, дейишади улар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ