Швейцария 'Каримовага тегишли кўрилган пулларни музлатади'

Image caption Каримованинг сўнгги твити Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари унинг Тошкентдаги люкс хонадонига бостириб киришидан бир кун аввал битилганди.

Швейцария расмийлари Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли дея гумон қилинган мол-мулкни музлатиш тўғрисидаги АҚШ томони қўйган талабга рози бўлган. Бу борада Швейцария Адлия тизими воизи маълум қилган.

Ой бошларида The Wall Street Journal уч телекомммуникация ширкати -Телиасонера, Вимпелком ва МТС пора бергани борасида текширув олиб бораётган Америка мулозимлари Оврўпо терговчиларидан 1 миллиард долларлик мол-мулкка арест қўйишни сўрашгани ҳақида хабар қилганди.

Швейцария Адлия вазирлиги воизи қанча қийматга эга мол-мулк музлатилишини очиқламаган. Аммо, The Wall Street Journal Швейцария банкларида тахминан 640 миллион доллардан камроқ маблағ борлиги ҳақида хабар қилганди.

2012 йил Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримова дохил 6 Ўзбекистон фуқаросига нисбатан пулларни ноқонуний ўзлаштириш гумони билан жиноий иш очилганини маълум қилганди.

Ўшандан бери Швейцария Бош прокуратураси теширувлар доирасида 854 миллион доллардан ортиқ маблағни музлатган.

Ўзбекистонда 2014 йил бошларида Гулнора Каримова "иҳоталаб қўйилганидан" бери унга алоқадар бўлган бизнеслар, хусусан кўплаб ёшларни ўз қаноти остига олган "Фонд Форум" хайрия ташкилоти фаолияти тақа-тақ тўхтаган.

Бир пайтлар АҚШ дипломатик ёзишмаларида мамлакатдаги "энг нафратланилган шахс" ўлароқ таърифланган Каримова хоним ўз отаси назаридан тушгани, бунинг оқибати, бизнесларининг бирин кетин йўқ қилиниши, ТВ станцияларининг ёпилиши, ўз тарафдорларининг ҳибс қилиниши, хайрия фаолияти тўхталиши ҳақида Тwitter орқали дунёни огоҳ қилиб турарди, бирой уй ҳибсига тушганидан бери у Твиттердан йўқолган.

2014 йил 16 феврал куни унинг Twitter ҳисоби ишламай қолди. Унинг сўнгги твити Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари Гулноранинг Тошкентдаги люкс хонадонига бостириб киришидан бир кун аввал битилганди.

Гулнора Каримованинг телеком бизнесидаги йирик коррупцияга алоқадорлиги қатор Оврўпо давлатлари ва АҚШда тергов қилинмоқда. Ўзбекистонда эса унинг энг яқин шериклари - ўнг қўли деб билинган Гаянэ Авакян ва турмуш ўртоғи Рустам Мадумаровлар қамалган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ