Обидхон қорига суиқасд уринишида гумон қилинган шахс ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Швеция расмийлари ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасдни амалга оширишда гумон қилинган шахс экстрадиция қилингани ҳақидаги хабарларни тасдиқладилар.

Айтилишича, асосий жиноятчи дея гумон қилинган шахс 25 август куни кечда Швецияга келтирилган.

Обидхон қори Назаров 2012 йил 22 феврал куни пешин намозига чиқаётган пайти, ўз уйи йўлагида яқин масофадан отиб кетилганди.

Бундан олдин, Швециянинг Остерсунд шаҳри маҳкамаси Обидхон Қори Назаров ҳаётига суиқасддга алоқадорликда айблаб икки нафар ўзбекистонликни маҳкамага тортган, аммо уларнинг қотиллик уринишидан қўллари борлиги етарлича исботини топмагани айтилиб, оқлов ҳукми чиқарилганди.

Би-би-си ишни олиб бораётган прокурор Кристер Петерсон билан боғланиб, экстрадиция қилинган шахс ҳақидаги тафсилотларни сўради:

Кристер Петерсон: Унинг исми Юрий Жуковский. 1978 йили туғилган, Ўзбекистон фуқароси.

Би-би-си: Баъзи хабаларда унинг Россия фуқароси эканлиги ҳам айтилганди?

Кристер Петерсон: Буниси менга маълум эмас. У бу ерда фойдаланган паспорт Ўзбекистонники бўлган. Паспортида Украинада туғилган, деб ёзилган эса-да, бошқа ҳужжатлар бизга маълум эмас. Бу борада кенгроқ текширув ўтказилганга қадар унга Ўзбекистон фуқароси сифатида қараймиз. Менимча, унда иккинчи фуқаролик бўлса ҳам, бу Россия фуқаролиги эмас. Чунки, акс ҳолда, уни экстрадиция қилишмасди.

Би-би-си: Демак, гумондор Россия фуқароси бўлмаса-да, у ердаги расмийлар экстрадицияга рози бўлишган?

Кристер Петерсон: Ҳа ва бунда мен ҳеч қандай ноодатий ҳолни кўраётганим йўқ. Чунки, қонунга биноан Россия ҳам, Швеция ҳам ўз фуқароларини экстрадиция қилмайди. Лекин, ўз тупроғимизда бошқа давлат фуқароси қўлга олинса ва уни экстардиция қилишга қатъий асослар бўлса, бу иш амалга оширилади.

Би-би-си: Демак, гумондорни Швецияга топширилиши борасидаги музокаралар ўзбек томони билан эмас, балки Россия билан олиб борилган, шундайми?

Кристер Петерсон: Айтишим мумкинки, Ўзбекистон улар билан алоқага чиқиш уринишларимизни эътиборсиз қолдирди. Мактубларга ҳам жавоб берилмади. Менинг саъй-ҳаракатларимга жавоб берган ягона давлат Россия эди.

Би-би-си: Жуковскийни экстрадиция қилиш зарурлигини исботлаш учун Россияга анчагина далиллар тақдим этиш лозим бўлган бўлса керак? Қўлингизда қандай далиллар борлигини айта оласизми?

Кристер Петерсон: Биринчидан, бирон бир шахсни Швецияга экстрадиция қилдириш учун маҳкамага мурожаат қилишим керак. Ва маҳкама уни жиноятда қўли бор гумондор деб аташга етарли асос борлиги юзасидан қарор чиқармоғи керак. Швеция маҳкамаси мен тақдим этган маълумотлар асосида шундай қарорни чиқариб берди. Биз қўлга киритган асосий далиллар сирасига унинг автомобил ижрага олгани, кредит карточкаларидан фойдалангани, дўконларга кирган вақти тушиб қолган суратлари киради. Турар жой ҳам ижарага олган. Қўлимизда ДНК маълумотлари ҳам бор. Жиноят содир этилган ерга яқин жойда ичида тўппонча бор рюкзак топилган, ундан ДНК намуналарини олганмиз. Энди ушбу ДНК намуналари жаноб Жуковскийники билан солиштирилади. Агар улар мос тушса, Юрий Жуковский ўз ҳатти-ҳаракатларини тушунтириш учун анча ҳаракат қилишига тзғри келади.

Би-би-си: Бу иш бўйича аввал икки Ўзбекистон фуқароси оқланган. Маҳкама ниҳоясида ҳакам суиқасд уринишини ким амалга оширган бўлмасин, бунинг ортида ўзбек режими турганлиги қатъий белгилари борлиги ҳақида хулоса қилганди. Бу галги текширув ушбу йўналишни ҳам текширадими?

Кристер Петерсон: Муаммом шуки, менинг мурожаатларим ўзбек томонида мутлақ сукут билан қарши олинган. Шунинг учун, комил ишонч билан айтишим мумкин, айни масалада Ўзбекистондан ҳеч қандай ёрдамга умид қила олмайман. Ҳозирда ҳамма нарса жиноят Ўзбекистондан туриб буюртма берилганлигига ишора қилаётган бўлса-да, айнан ким буюртма берганини аниқлаш имкони йўқлигини ҳам кўрсатади. Шу боис, ҳозирги босқичда эътиборни экстрадиция қилинган шахсга қаратиш керак бўлади. Ўзбек томони ҳамкорликдан бош тортаётгани юзасидан хулосамни чиқариб, у ердаги ишга алоқадор бирон бир шахсни аниқлашга қодир бўламан, деб ўйламайман.

Би-би-си: "Ўз хулосамни чиқараман", демоқдасиз. Кимдир жиноятни ошкор этишда ҳамкорликдан бош тортса, бу нимадан далолат беради?

Кристер Петерсон: Мен шундан хулоса чиқараманки, Ўзбекистонга ёрдам беришларини сўраб, 10-12 марта мактуб йўлладим. Ўзбекистон учун масъул Швеция элчисидан ҳам ёрдам сўрадим. У бу борада ўзбек расмийларига икки маротаба сўз очган. Тошкентдаги Интерпол оффисини ҳам ишга жалб қилдим. Буларнинг биронтасига жавоб берилгани йўқ. Ана шулар баъзи хулосаларимга асос беради. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати Швециядаги суиқасддан жабр кўрган шахсни террорчи сифатида кўради. Уни ҳибсга олишни сўраб, Интерполга ариза беришган. Кейин бирданига уни 20 кишининг ўлимига сабаб бўлган жиноятда ҳам айблашган. 2011 йил ёзида эса, ҳибсга олиш сўровини бекор қилишди. Бундан бир неча ой ўтиб, Швецияда уни ўлдиришга уриниш бўлди. Бундан ҳам, муайян хулоса чиқарса бўлади. Лекин, бу борада ўзбек томонидан бирон киши менга шарҳ ёки маълумот беради, деб ўйламайман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ