Обидхон қорига суиқасдда гумон қилинган асосий шахс Швецияга берилди

Image caption Обидхон қори Назаров 2012 йил 22 феврал куни отиб кетилганди

Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасдни амалга оширишда гумон қилинган шахс Швецияга экстрадиция қилинган.

Обидхон қори Назаров 2012 йил 22 феврал куни пешин намозига чиқаётган пайти, ўз уйи йўлагида яқин масофадан номаълум шахс тарафидан отиб кетилганди.

Унинг ўғли Довудхон Назаровнинг Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан берилган маълумотларга таяниб айтишича, гумондор шахс 25 август куни Швецияга олиб келинган.

"Бизга келган маълумотларга кўра, асосий жиноятчи дея гумон қилинган шахс кеча (25 август) кечга яқин Швецияга келтирилган. Гумондор анчадан бери халқаро қидирувга берилгани айтилган эди. Аввалроқ, у Россияда қўлга олингани ҳақида хабар ҳам тарқалганди... Аммо, айтилишича, гумондор бу хабарлар тарқалган вақтда эмас, ундан кейинроқ, сўнгги бир неча ой ичида ҳибс қилингани бизга маълум бўлди. Ва Россия ва Швеция томонлари ўртасида яширин музокаралар кечган, натижада, ва ниҳоят, гумондор Швецияга экстрадиция қилинган", дейди Довудхон Назаров.

Довудхон Назаровнинг айтишича, бундан олдинроқ, гумондорни ҳибсга олиш тўғрисида сиртдан қарор чиқарилган.

Маълум қилинишича, гумонланувчи жума куни Остерсунд шаҳар маҳкамасида ҳозир бўлиши кутилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари келгуси икки кун ичида унинг Швеция маҳкамасига келтирилиши ҳамда расман айблов эълон қилиниши мумкинлигини айтишган.

Бундан олдин, Швециянинг Остерсунд шаҳри маҳкамаси таниқли имом Обидхон Қори Назаров ҳаётига суиқасддга алоқадорликда айблаб икки нафар ўзбекистонликни маҳкамага тортган, аммо уларнинг қотиллик уринишидан қўллари борлиги етарлича исботини топмагани айтилиб, оқлов ҳукми чиқарилганди.

57 ёшли Обидхон қори Назаров суиқасд уринишидан сўнг маълум муддат кома ҳолатида қолган.

Ўғли Довудхон Назаровнинг билдиришича, унинг саломатлиги аста-секинлик билан тикланиб бормоқда.

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги хабар юзасидан ойдинлашган маълумотларни чоп қилиб боради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ