Ўзбекистонга шунча милиционер керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи varlamov.ru

Би-би-си "Ижтимоий минбар"ининг ушбу ҳафтадаги муҳокама мавзуси Ўзбекистонда қонун ҳам қабул қилинмаган милиция ҳақида эди.

Бу мавзуни кўтаришимизга британиялик сайёҳнинг Ўзбекистонга сафари таассуроти ҳам туртки берди.

"Ўзбекистон - нақадар ажойиб мамлакат! Фақат барча милиционерларининг қўлларидан қуролни тортиб олиб, ўрнига белкурак тутқазиш керак. Бўлмаса бекорчи, туристлардан пул ундириб ўтиришаверади. Ҳовуз атрофида йўллар ўнқир-чўнқир бўлиб ётибди, эълонлар узилиб тушай деб зўрға осилиб турибди, улар эса ҳуштак чалиб ўтиришибди".

Тошкентдан қайтган хорижий сайёҳнинг Би-би-сига айтишича, шаҳар метро бекатларига кириш учун камида олти нафар милиционер "назар"идан ўтишингиз керак.

"Метрога кираверишда, ташқарида иккитаси туради, кейин жетон оладиган жойда иккиси, метро ичкарисида яна икки нафари бор. Чорсу атрофидагилари эса гадойларни қувиш билан кун ўтказади. Милиция гадойларни Чорсудан кўчага қувади, кейин кўчадан яна Чорсуга қувади... Кун бўйи иши шу милиционерларнинг".

Биз Интернет ижтимоий тармоқлари фойдаланувчиларига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик:

Халқ орасида ҳуқуқ посбонларига ҳурмат катта эмаслиги сир эмас. Нима учун шундай? Ўзбекистонда милиция ваколатлари ва вазифаси ҳақида қонун йўқ. Уларнинг сони эса "саноқсиз". Уларнинг маошлари оз эмаслиги ҳисобга олинса, давлат уларни қандай боқаяпти?

Ўзбекистонга шунча милиционер керакми? Йўллар шунча ДАН ходимига муҳтожми?

Улардан сизга қандай фойда теккан? Ё зарар кўрганмисиз?

Хорижлик сайёҳ назарида Ўзбекистон қанчалик бекорчи ва ортиқча милиция ходимларига тўлиб-тошган бўлмасмин, аксар ўзбекистонлик ўқувчилар мамлакатдаги кўп сонли милиция ходимлари бўлишини маъқуллашган.

Бу мавзу ижтимоий тармоқлардаги ўқувчиларимиз орасида энг кўп баҳсларга сабаб бўлган саволлардан бири бўлди.

"Чунки кўп милиция керак" деган фикрларга муқобил изоҳлар ҳам оз бўлгани йўқ.

Масалан, Facebookдаги Сардор Муратов исмли фойдаланувчи "метрода 6 нафардан милиция ўша аҳмоқ туристларнинг хавфсизлиги учун турибди. Кейин милиция бўлмаса, шаҳарни гадой босиб кетади", деб ёзади.

Рустам Карим исмли ўқувчи эса - "Нима учун шаҳарни гадой босиб кетади, бунда халқ айбдорми?", деб савол қўяди.

Шу ўринда мавзу гадойлар ва Ўзбекистонда камбағаллик борми-йўқми, деган йўналишга бурилиб кетади.

Милиционерлар кўплиги ҳақида ёзганлардан Расулбек Худайберганов эса "кўп юртларда бўлдим, аммо Ўзбекистондаги тартиб-интизомни кўрмадим деб айтади. Бу тартибни соғиндим", дейди.

Алишер Саидий эса АҚШ ва Оврўпода ҳам полиция "керак бўлса" кўп, дейди.

Вай Ман эса унга жавобан, АҚШда бўлиб, Тошкентдаги каби кўп милицияни кўрмаганини айтади.

Миракбар Миртолибов эса ривожланган давлатларнинг бюджети ва аҳолиси сонини Ўзбекистон билан солиштиради ва бюджети уларга нисбатан шунча кам бўлган мамлакатда шунча кўп сонли милиция борлигига ишора қилади.

Бунга жавобан Айбек Самиев эса "қулликда ўсган одам озодликни ҳис қилмайди, аксинча, қулликни улуғлайди", деб ёзган.

Бироқ кўпларнинг фикрича, Ўзбекистонда милиция кўп бўлгани учун ҳам одамлар бемалол ухлашмоқда ва тинчлик.

Ҳусниддин Корабоев эса бунинг устига милицияда ишлаб, маълум сондаги инсонлар иш билан таъминланганини айтади.

"Лекин буларни ҳафтада икки марта каратэ билан шуғуланнтириш керак", деб ёзади у.

Бунга жавобан Бахром Шаматов ростдан уларнинг ё жуда семиз, ё жуда ориқлигини урғулайди.

Жамол Ёқубов исмли ўқувчи милиция ходимлари эртачи нафақага чиқиб, яна профессорлар қатори пенсия олишини айтади.

"Шу учун кўплар МВДга ишлашни истайди", деб ёзади у.

Лекин Фаррухбек Отахонов унга жавоб ёзаркан, ўзбек милициясининг иши профессорникидан қийин деган фикрни уқтиради.

Ғайрат Йўлдош эса "милиция бўлмаса ҳаммаёқ бетартиб бўлиб кетади ва одамлар бир-бирини гўштини ейди", деб ёзган.

"Оддий халқ оппоқми, - деб савол қўяди бу ўқувчи, - милиция ё амалдор ичидаги яхшиси ҳам, ёмони ҳам шу халқдан чиққанку, уларни тарбиялашдан олдин, оддий халқни тарбиялаш керак", деб таклиф ташлайди Ғайрат Йўлдош.

Озода Мухамедова эса полициячилар янада кўпайишини исташини ёзади.

Каршилик фаол Гулшан Кораева эса, Ўзбекистоннинг хозирги шароитида милиция кўп бўлиши ўзини оқлайди қабилида фикр билдирган.

Муайян камчиликлар бор ва уларни бартараф этгандан кейин, милиция сафларини озайтириш мумкин, деб фикр билдиради у.

Бек Беков исмли ўқувчи эса "милициянинг сонини кўпайтирмасдан, сифатини яхшилаш зарур" деб айтади.

Айни дамда милиция сони кўплигини сиёсий сабаблар билан изоҳлаган ўқувчилар бўлган.

Масалан, Пўлат Турон тахаллусли ўқувчи "Ўзбекистон ҳукумати ўз халқига зулм қилаётганини билади ва шу учун халқни куч билан ушлаб туриш ниятида милиция ходимлари сонини кўпайтиради", деган фикрни билдиради.

Тошкентлик таниқли ҳуқуқбон Васила Иноятова эса бу ўринда Ўзбек халқ мақолини келтиради ва "Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади", деб айтади.

Унга кўра, "милициянинг ҳам озгинаю-созгинаси тузук".

Жамол Якубов исмли тингловчи милиция ходимларига ўз билим ва малакасини ошириш учун имконият яратилиши керак, деб ҳисоблайди.

“Мен Ички ишлар батальонларида лекция ўқийман. Кўпчилик учун ишлаб туриб, сиртдан билимини ошириш имконлари йўқ. Мана 13 йилдан бери сиртқи таълим ёпилган", деб айтади Жамол Якубов.

Азизбек Даминзода эса "шу милиция ходимлари биров қурол кўтариб чиқса, шу милиция ҳимоя қиладими? Биринчи бўлиб бу милиционерлар қочиб қолишига ишонаман. Тинчлигимизни эса, кам сонли милиция ҳам эплай олади", деб фикр қолдирган.

Сардор Тўлаганов эса милиция кўплиги ҳақида фикрини айтаркан, "улар катта ойлик олиб, фақат ўтиради", деб ёзади.

Бахтиёр Абдулахадов эса уларни "фойдали иш қилмайдиган бекорчилар" деб атайди.

Кодир Ашраповнинг фикрича, улар "отнинг калласидек маош олиб, табелда иш куни кетиб, ўзлари ҳангомалашиб ўтиришади". Унинг айтишича, "бу милиция ходимлари қўлига кетмон тутқизиб, далага юбориш керак".

Нилуфар Якубова исмли тингловчи эса "милиционерга эҳтиёж борми, ишлайверишсин, оила боқишмоқда улар ҳам" деб ёзади.

Нилуфарга кўра, ораларида бир-иккита камчилик бўлиши мумкин. Шу ўринда Нилуфар Британия полициясини назарда тутиб, уларни обрўлик деёлмайман, деб ўзбек милицияси билан солиштиради.

Тўғриси, бу ўринда обрў деганда Нилуфар нимани тушунади, билмадик, аммо Ўзбек милиция қийноқларни қўллаш, одамларни ноҳақ ҳибсга олиш ва коррупция масаласида халқаро ҳисоботларда тез-тез танқид қилинади ва кўплаб жонли гувоҳлар ўзбек милицияси қўлида қанчалик азоб чекишганини айтишган.

Шу ўринда айтиш жоизки, аксар ўқувчилар ўта ҳақоратомўз сўзларни ишлатишган. Бу ўзбекистонлик муайян тоифа ҳукуматпараст фикрдаги ўқувчиларга хос қўполлик белгиси. Улар Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини ҳимоя қилаяпман деб форумларда айтиб бўлмайдиган уятли сўзларни ишлатишади.

Кейин бирон киши мавжуд камчиликни танқид қилса, тинчликни кўролмаётган халқ душманига чиқариб қўя қолишади.

Яъни, танқид орқали камчиликларни тузатиб олишни эмас, балки камчиликларни бекитишни афзал биладилар.

Хуллас, айтиш мумкинми, аксар ўзбекларнинг фикри бир хил – "шу милиция кўп бўлгани яхши. Чунки улар бор, биз тинчмиз, юртимиз тинч".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ