“Жуковский ўзига қўйилаётган айбловларни рад қилди”

Обид қори Назаровнинг соғлиғи кундан кунга яхшиланаётгани айтилади Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Обид қори Назаровнинг соғлиғи кундан кунга яхшиланаётгани айтилади

Остерсунд шаҳри маҳкамаси таниқли уламо Обидхон қори Назаровга суиқасд уринишида гумон қилинаётган Юрий Жуковскийни ҳибсга олиш ва тергов қилишга қарор чиқарди. Жуковский маҳкамада видео орқали иштирок этган. У ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилган.

Ўзбекистон фуқароси эканлиги айтилаётган 37 ёшли Юрий Жуковский 25 август куни Россиядан Швецияга эстрадиция қилинганди.

Имомнинг ўғли Довудхон Назаровнинг ўз адвокатига таяниб айтишича, хавфсизлик нуқтаи назаридан Юрий Жуковский маҳкама залига келтирилмаган.

У ўз камерасидан туриб видео орқали маҳкамада иштирок этган ва ҳакамнинг саволларига жавоб қайтарган.

Жуковский муҳожиротдаги ўзбек имоми Обидхон қори Назаровга суиқасд уринишида иштирок қилганлик борасидаги айбловларини рад қилган. У суиқасд уринишида асосий гумондор сифатида кўрилмоқда.

Маҳкама жиноятни ошкор қилиш мақсадида гумондорни ҳибсга олишга ва тергов қилишга ҳукм чиқарган.

Швеция матбуоти ушбу жараённи яқиндан ёритиб бормоқда.

Маҳаллий матбуотда ёзилишича, прокурор Кристер Петерсон гумондорга қарши айбловлар расман бир неча ойнинг ичида эълон қилинишини айтган.

Довудхон Назаровнинг айтишича, Россия томонидан Швецияга жиноятда гумондорларни экстрадиция қилиш ҳолати олдин кузатилмаган.

Мана шу жиҳат ҳам жамоатчиликнинг қизиқишга сабаб бўлган.

Бундан олдин, Швециянинг Остерсунд шаҳри маҳкамаси таниқли имом Обидхон Қори Назаров ҳаётига суиқасддга алоқадорликда айблаб икки нафар ўзбекистонликни маҳкамага тортган, аммо уларнинг қотиллик уринишидан қўллари борлиги етарлича исботини топмагани айтилиб, оқлов ҳукми чиқарилганди.

Ўзбек имоми 2012 йилнинг 22 февралида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилган эди.

57 ёшли Обидхон қори Назаров суиқасд уринишидан сўнг маълум муддат кома ҳолатида қолган.

Ўзбек уламосининг соғлиғи кундан кунга яхшиланаётгани айтилади.

Ўғли Довудхонга кўра, дадаси мулоқотга киришиб қолган ва мулоқоти кундан кунга енгиллашмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ