Сергей Абашин: 'Ўзбекистонга қўйилмаганим сабаби қоронғу'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Тақдим этилган ҳужжат

Ўзбекистонга киритилмаган таниқли рус олими Сергей Абашин ўзига қўйилган тақиқ сабаблари тушунарсиз эканини айтди.

Марказий Осиё халқлари антропологияси ва этнографияси бўйича мутахассис 29 август куни Тошкент аэропортидан Москвага қайтариб юборилганди.

Бу ҳақда Сергей Абашиннинг ўзи Facebook даги саҳифаси орқали хабар берганди.

Би-би-сига гапирган Абашин жаноблари бу борада бирор бир шарҳ беришдан тийилаётганини билдирди.

"Ҳозир ҳодисани шарҳлай олмайман. Фақат мени Ўзбекистонга киритишмаганини маълум қилишим мумкин. Ҳодиса кечагина содир бўлди. Ҳозир ўзим ҳам бу иш ортидаги сабабларни тушуниб етишга ҳаракат қиляпман", дейди у.

Муқаддам, Ўзбекистонга мустақил ва ё хорижий ахборот воситалари вакиллари киритилмагани ҳоллари бўлган эди.

"Мен сиёсатчи ёки фаол бўлмасам, ё-да, ўзбек ҳукуматига хавф соладиган бирор бир ҳатти-ҳаракатга қўл ҳам урмаганман, нима учун бундай қилишгани ўзим учун ҳам қоронғу", дея қўшимча қилади олим.

Санкт-Петербург Оврўпо университетининг антрополгия профессори Сергей Абашин миллатчилик, Ислом ва муҳожирлик масалалари бўйича ҳам тадқиқотлар олиб боради.

Ўзбекистонга сафаридан мақсад ҳақида сўралар экан, у: "Мен ўз изланишларим доирасида, Туркманистондан ташқари, Марказий Осиё мамлакатларига сафар қилиб тураман. Баъзан, у ерга сайёҳ сифатида бораман. Бу гал ҳам Ўзбекистонга муайян бир мақсад билан бораётганим йўқ эди", дея жавоб берди.

Олимнинг Ўзбекистон аэропортидан ортга қайтарилгани ижтимоий тармоқларда кенг кўламда турли фикр-мулоҳазаларни уйғотди.

Баъзи кузатувчилар мазкур ҳодисани Россия-Ўзбекистон муносабатларидаги сўнгги совуқлашув билан изоҳлашга уринишади.

Сергей Абашин

Санкт-Петербург Оврўпо университетининг антрополгия профессори Сергей Абашин миллатчилик, Ислом ва муҳожирлик масалалари бўйича мутахассисдир.

Шунингдек, у - Марказий Осиёда миллатчилик ва Ислом, миллий ўзлик ва ижтимоиий эврилишлар мавзусида қатор илмий изланишлар ва китоблар муаллифи.

1997 йили Фарғона водийсидаги тадқиқотлари асосида "Замонавий ўзбек қишлоғидаги ижтимоиий ўзаро муносабатлар" мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Фан доктори унвони эса унга "Марказий Осиёда этонографик билим ва миллий қурилиш: XIX-XXI асраларда сартлар муаммолари" илмий иши асосида берилган.

2011 йили чоп этилган "Ўзбеклар" китобига муҳаррирлик қилган.

Ушбу асар Россия Фанлар Академиясининг Этнология ва Антрополгия Институти томонидан чоп этилувчи "Халқлар ва маданиятлар" силсиласи таркибида чоп этилган бўлиб, ўзбек миллатининг этник ва сиёсий тарихи, иқтисодий ва маиший ҳаёти, моддий ва маънавий маданияти қирраларини ўрганишга қаратилган.

Бундан ташқари, Сергй Абашин Қирғизистон жанубида 2010 июн ҳодисаларининг таҳлили ва зўравонликларни келтириб чиқарган омилларни тадқиқ қилган.

Бу тадқиқотлари натижасида Ўш қонли ҳодисаларининг сабоқлари ва огоҳлари ҳақида қатор мақола ва халқаро анжуманларидаги чиқишлар муаллифдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio