Ўзбекистон: Мактабларда ҳамон Россия дарсликларидан фойдаланилмоқда

Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери 24 йил кечганига қарамай, мамлакат ўқув юртларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дарсликлардан камдан-кам фойдаланилади.

Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашларича, миллий типографиянинг маҳсулоти яроқсиз бўлгани туфайли Россияда чоп этилган ўқув дарсликларини ёппасига кўчириш ва уларни тарқатиш “ерости” индустрияси Ўзбекистонда кенг миқёсда тус олган.

Бундай ҳолат нафақат бошланғич ва ўрта мактабларда, балки аксар олий ўқув юртларида, академик курслар ва докторантураларда ҳам кузатилади.

Бу ҳақида Ўзбекистон ичкарисида фаолият юритаётган омма фикрини ўрганиш маркази сўров ўтказган.

Сўров натижаларига кўра, русийзабон мактабларда фойдаланаётган ўқув китобларининг 65 -70 фоизгача Россия босмахоналарида нашр қилинган дарсликларнинг кўчирилган нусхаларидир.

“Ерости” махфий босмахоналар

Бошланғич мактабларнинг биринчи синфидан бошлаб бундай ноқонуний тажрибага йўл қўйилар экан.

Биринчи синфни битирган ўқувчи Умарнинг онаси август ойида мактабга тайёргарлик кўришни бошлаган.

Унинг айтишича, портфелни йиғиш яъни ўртача нархларда қалам, дафтар ва ҳоказоларни сотиб олиш учун у 100 доллар атрофида харажат қилиши керак.

Бу маблағ ичига ўқув дарсликлари учун талаб қилинадиган пул кирмайди ҳам...

Уч болалик бошқа бир ёш онанинг айтишича, “мен ўғлимнинг таълими учун пулимни аямайман, мен унинг яхши маълумотли бўлишини хоҳлайман”.

У сифатли дарсликлар учун пул тўлашга тайёр.

Ўзбекистонда нашр қилинган дарсликлар умумтаълим мактаблардаги қоидага мувофиқ ижара асосида трақатилади.

Бироқ ижара ҳақини ота- оналар тўлашса ҳам, амалда улардан рус мактабларида камдан кам фойдаланилади.

Ота-оналар пул йиғиб Россия дасрликларини ўқитувчи орқали сотиб олишар экан.

Москвада чоп этилган дарсликларнинг муқоваси ва биринчи уч саҳифалари олиб ташланади, ҳеч ким бу китоблар қаерда нашр этилгани ва муалифлари кимлигини билмасликлари учун...

Янги муқовага мултфилм қаҳрамонлари ва ҳар бир ўқувчининг исми фамилияси ёзилади. Ўқитувчи мабодо вазирликдан комиссия келиб қолса, болаларга ўзбекча дарсликларни парталари остида сақлаш ва алмаштириб қўйишни ўргатади.

Image caption Россияда нашр этилгани билинмаслиги учун дарслик муқова ва биринчи уч саҳифасиз қайта чоп этилади

Умарнинг хикояси

2-синф ўқувчиси Умарнинг айтишича, партаси остида доимо ўзбек математика китоби ётади.

“Агар ким келиб қолса, биз унга ўзбек дарсликлари бўйича ўрганаётганимизни кўрсатамиз. Муалиммамиз ҳам ‘ким келиб қолса, унга кўрсатиш учун, парта тагида ушлаб туринглар’, дейди. Масалан, мактаб директори биз қайси китоблардан дарс ўқиётганимизни билмайди, агар директор кириб қолса, биз ўша заҳот русча китобларимизни яшириб, ҳудди ўзбекча китоблардан фойдаланаётганимизни ва уларни ўқиётганимизни кўрсатамиз. Кетиши билан, яна Россияда чиқарилган китобларга ўтамиз”.

Сизлар “нега биз бундай қилишимиз керак деб муаллимангиздан сўрамайсизларми”, деган саволга, етти яшар бола қуйидагича жавоб берди: “ Ахир директорнинг жаҳли чиқмасин деб шундай қилаяпмиз-да!”

“Бирор марта директор синфга тўсатдан бостириб кирганми?”

“Фақат бир марта бўлган, холос,” дейди Умар.

Умарнинг онасига кўра, ўтган йили махфий тайёрланган ҳар бир россия дарслиги учун у 18 минг сўм тўлаган. Бу йил нархлар кўтарилишини кутмоқда.

Умарнинг синфида 45 бола ўқийди. Унинг айтишича, ўзбек дарсликларидаги вазифа ва мисолларни тушуниш қийин. Онаси эса бошланғич таълимнинг сифати пастлиги ва ўзбек ўқув китобларидаги дастур “ўта енгил” бўлгани учун ота-оналар россия китобларидан ўқитишни афзал кўришини айтади.

Чаласавод дарсликлар ва... қўйлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Шу йилнинг апрел ойида Podrobno.uz интернет нашрида “Таълим вазирлиги хатолар билан чоп этган ўқув услубий қўлланмалар ижтимоий тармоқларда ҳазил мавзусига айланган” деган мақола чиққан.

Мазкур нашр Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи асослари қўлланмасидан жойлаштирган суратларда рус тилида хато билан ёзилган айрим мисолларни келтирган.

Имтиҳон билетлари уч саволдан иборат.

“Ўзбекистон президенти ва унинг ваколатлари” ҳамда “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари” каби саволлар билан бирга жиддий равишда ўқувчиларга учинчи саволда “А исмли вояга етмаган ўсмир бола қўшнисининг қўйларини қўйиб юборгани” ёзилган.

Эҳтимол, бундай “ҳаётий” мисол орқали “ўқувчининг хулқ-атвор борасида олган билимларини амалиётда татбиқ эта олиш” қобилиятини текширмоқчи бўлганлар.

Маҳаллий манбаларнинг айтишларича, Россияда чиқарилган тест қоғозлари уялмасдан кўчирилиб, “миллийлаштирилади”.

Улар келтирган мисоллардан: 4-синф учун босқичли имтиҳон материаллари ва методик тавсиялар тўпламида "дўппи" ва бу бош кийими қандай хавас уйғотиши мумкинлиги ҳақида диктант матни чоп қилинган. Саволларда эса “дўппи” сўзини таҳлил қилиш тавсия этилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ўзбекчилик муҳитига мослаштирилган бироқ ҳақиқий ҳаёт шароитларидан йироқ "Математика" дарслигида 800 туп лимон ва 400 туп хурмо кўчатларини ўз ҳовлисида етиштирган Нодир ҳар бир дарахтни 150 сўмдан сотгани ҳақида вазифа берилади.

Олтинчи синф учун Қадимги давр тарихи китобида юнон-форс урушлари ва Саламин жангида иштирок этган Спарта қироли Леонид хақида сўз юритилади. Уни акс эттириш учун “300” филмида уйнаган Голивуд актёри Жерард Батлернинг сурати босилган. Бемаъни ва мантиқсиз мисолларни кўплаб давом эттириш мумкин...

Фаоллардан бирининг айтишича, “...қулишни ҳам билмайсан киши, йиғлашни ҳам...бутун муаммо шундаки, ҳатто танқидий мақолалар чиққанидан кейин ҳам бу имтиҳон билетлари нашрга берилган ва ҳозирда ҳам берилмоқда. Ва бу ҳазил эмас, бу таълим тизимини бошқараётган шахсларнинг савиясидир”.

Тошкент вилоятида жойлашган мактаблардан бирининг бошланғич синф ўқитувчисининг Би-би-сига айтишича, эски китобларни кутубхонада сақлагани учун мактаб катта жарима тўлаган, ҳозирги ўзбек тилидаги дарсликлар мураккаб тилда ёзилгани, уларда бошланғич синф ўуқувчиларига “тўғри келмайдиган расмлар” бўлгани сабаб берилган вазифаларни болаларга етказиш қийин кечмоқда.

Мўмайгина бизнес

Интернет сайтларида Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги томонидан чиқарилган дарсликлар ва қўлланмалар тез-тез танқидга учрайди.

Одатда ўзбекистонлик истеъмолчилар ўз танқидий қарашларини очиқ матбуотда изҳор этишдан бош тортишса, бироқ таълиму-тарбия масаласига келганда, бу мавзу одамларни қанчалар ташвишлантираётганини кўриш мумкин.

Хира нусхаларни чиқараётган махфий босмахоналар гуркираётгани ҳам ҳеч ким учун янгилик эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати журналистик текширув жараёнида бундай босмахоналарга алоқадор “даллол”лардан бири билан мулоқотда бўлди.

Даллолга кўра, у Россияда чоп этилган ҳар қандай дарсликни муқовасиз ва биринчи уч саҳифасиз типографияда тайёрлаб бериши мумкин. Ўқув йили бошланишига кам вақт қолаётган сайин, буюртмалар сони ҳам қўпайган. “Шунинг учун, шошилинг!”, деди у.

Даллолнинг айтишича, 2-синф ўқувчиларига мўлжалланган математика дарслигининг А4 шаклдаги нусхаси бугунги кунда 36 минг сўмга чиқди, Рус тили эса 26 минг сўм бўлди. “Сифати учун хавотир олманг, қандай истасангиз ва қанча керак бўлса, шунча тайёрлаб берамиз”, деди у.

Кузатувчиларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда дарсликларни тайёрлаш, ҳамда Россияда нашрдан чиққан дарсликларни кўчириш билан шуғулланаётган шахсларнинг кўплари ... саводсиз. Мустақил фаолнинг айтишича, унга давлат тест маркази ходимларидан бири “энг муҳими, ҳеч бўлмаса бир мавсумни бир амаллаб ўтказиб олсанг бўлди... Агар қўлга тушмасанг, бир сезонда юз минг ва ундан ортиқ пул ишлаш мумкин,” деган.

Image caption Изоҳга ҳожат йўқ...

Ҳар ҳолда миллий валютани назарда тутиб гапирмагани аниқ...

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўтган апрел ойида интернетда масхара қилинган хатоларга жавобан, қўлланмалар учун маъсул ходим ишдан бўшатилгани ҳақида эълон қилганди.

Бироқ Ўзбек хизматининг айнан шу масалада қилган мурожаати шу вақтга қадар жавобсиз қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio