Президент Каримов яна терроризм ва барқарорлик ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган террорчи гуруҳ мусулмонлар орасига адоват солиш учун яратилганини айтди.

31 август куни Тошкентдаги "Шаҳидлар майдони"да ўтган хотира маросимида гапирган Каримов жанобларига кўра, гуруҳнинг номи Ислом дунёсини таҳқирлайди.

Шунингдек, давлат раҳбари дин пешволарини жума маърузалари пайти одамларни дунёда бўлаётган ҳодисалардан огоҳ қилишга чақирган.

Ислом Каримов терроризм масаласида илк бор ўз мавқеини очиқлаётгани йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати "террорга қарши уруш"да Ғарбнинг яқин ҳамкорларидан ҳисобланади.

Аммо, мутахассислар ҳукумат экстремизм ва террорчиликка қарши кураш баҳонасида ўз мухолифларини жазолаётганини айтишади.

"Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди"

Айни пайтда Президент Ислом Каримов Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаслигини айтган.

Ўзбекистон Мустақиллиги 24 йиллиги тантанасида сўзлаган Каримов жаноблари: "Яна ва яна бир бор айтиб ўтишни зарур деб биламан: Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди. Ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига, ҳарбий хизматчиларимизни, бизнинг болаларимизни мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди. Ўзбекистон қонуни даражасига кўтарилган бу тамойилларни, айни шундай чуқур ўйланган йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри, энг маъқул деб биламиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз", деб айтган.

Шунингдек, Президент Каримов узоқ-яқинда турли "зиддиятлар, тўқнашув ва қон тўкишлар" кучайиб бораётганига диққат қаратар экан, юзага келадиган қарама-қаршиликларни "зўравонлик билан эмас, тинч ва сиёсий йўл билан" ҳал қилиниши лозимлигини урғулаган.

"Халққа тинчлик ва омонлик керак"

"Илгари ҳам айтганман - бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу - ўзбек халқининг истаги, бу - ўзбек халқининг мақсади, бу - ўзбек халқининг қароридир", дея қўшимча қилган Ислом Каримов.

Шунингдек, у ўзбекистонликларни "огоҳ ва сезгир" яшашга ҳамда "тинч ва осуда ҳаёт"ни ҳимоялаш учун кураш заруратини таъкидлайди.

Қарийб 26 йилдан бери қудратда қолаётган Ислом Каримов Ўзбекистон ичкарисида "тинчлик ва барқарорлик кафолати" сифатида таърифлаб келинади.

Аммо, шарҳловчилар мамлакатдаги осойишталик ўта қаттиққўл сиёсат ва ўзгача фикрлиларни қаттиқ жазолаш ҳисобига ушлаб турилганини айтадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio