Uzwebiston: Skype муаммоларига сабаб нима?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистонда Skype, Viber, Telegram, WhatsApp каби мессенжерларга қўйилган тўсиқлар ҳозиргача бекор қилингани йўқ.

Айниқса, ўзбекистонликлар Skype орқали видео ва овоз алмашинув хизматидан фойдалана олишмаяпти.

Интернет провайдерлари мазкур ҳолатни "Ўзбектелеком" Акциядорлик Ширкати ҳамкорлари тармоқларида аллақандай техник профилактика ишларини кетаётгани билан изоҳлайдилар.

Аммо, айтилаётгани қандай профилактика экани, қайси ҳамкор бу билан шуғулланаётгани ҳақидаги тафсилотлар нимагадир сир тутилади.

Эслатиб ўтамиз, Skype ва бошқа мессенжерлар билан боғлиқ ушбу муаммолар жорий йилнинг 29 июлидан бошланганди.

Воқеаларнинг қизиқ бир ривожига эътиборингизни тортсак:

·2015 йил 20 июл. Япониянинг "Diplomat" журнали бир нечта Осиё давлатлари ўз фуқароларни кузатувчи ва улар ўртасидаги сўзлашувларни эшитишга қодир қурилма сотиб олишгани ҳақида ёзди. Мазкур давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

· 2015 йил 22 июл. Кутилмаганда, Ўзбекистон ҳудудида тўсиқ қўйилган мухолифат сайтлари ва ахборот саҳифаларига ҳеч қандай муаммосиз кириш мумкин бўлиб қолди. Мазкур ҳолат қарийб 24 соат давом этди ва ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди.

· 2015 йил 29 июл. Ўзбекистонда Skype билан боғлиқ муаммолар бошланди.

Gazeta.uz нашри 10 август кунги хабарида ушбу муаммолар сентябр ойигача давом этиши ҳақида хабар берди.

Куни кеча айни вебсаҳифа яна Skype мавзусини кўтарар экан, жараён яна бир ойга чўзилишини ёзди. Бу эса, фойдаланувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди: http://on.fb.me/1i4a602

Alyona Ashurova исмли тармоқ фойдаланувчиси: "Бу тўлиқ таъмирлашга тенг бўлган профилактика", дея истеҳзо қилди.

Bahtiyor Mirzabaev: "Бундан ортиқ нимани кутса бўлади?" деб юборди.

Lianna Zakharyan эса: "Кейин яна бир ой ва яна бир ой. Баракалла!" дея хафсаласи пирлигини изҳор қилди.

Victoria-Mishel Parker: "Сўкинишга сўз ҳам топа олмаяпман", дея ёзғирди.

Муаммога тармоқ фойдаланувчилари ечим ҳам излашади.

Elmira Gyul Facebook даги "Потребитель.Уз" гуруҳига изоҳ қолдирар экан: "Сентябр ойига келиб Skype ишлайди, деб ваъда беришган эди. Лекин, бундай бўлмади. Агар Vyber юклаб олсам, аудио ва видеоалоқа яхши бўладими?" дея сўрайди.

Renata Gubaydulina эса: "Vyber ишламокда", деб қўяди.

Ульяна Игнатьева эса: "Vyber ишламоқда? Vyberдан ким телефон ёки фотосурат жўнатишга мувафақ бўлди? Июл ойидан бери буни ҳеч имкони йўқ!" дейди.

Дмитрий Шокин: "Янги дастурни тавсия қиламан - "Imo". Худди Vyber каби, лекин яхшироқ ишлайди".

Atush Beshka: "Hike (дастурини) юкланг, жуда зўр!!!" дея маслаҳат беради.

Natali Sharipova: "We chat" (дастури)га ўтинглар, жуда яхши ишлаяпти", дея бошқаларни хабардор қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ