Ёш ҳожилар Ўзбекистон хавфсизлиги учун таҳдидми?

Ўзбекистонлик ёшлар ҳажга бориш деярли имконсизлигини айтишади Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзбекистонлик ёшлар ҳажга бориш деярли имконсизлигини айтишади

Ўзбекистонлик ёшлар мусулмонлар учун фарз бўлган ҳаж амалини бажаришда тўсиқларга дуч келмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга бу борада шикоятлар тушган. Кузатувчилар Ўзбекистон ҳаж қилувчилар сонини сунъий равишда чеклаб келишини айтишади.

Бу йил Саудия Арабистонига ҳаж сафари учун 5 200 ўзбекистонлик бориши кутилмоқда.

"Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳам ҳажга бориш борасида Диний идорага мурожаат қилган. Бироқ ёши 40 га етмагани учун рад жавобини олган.

“Ташкилотимизга тушган шикоятларнинг аксарияти ҳажга бориш учун 3-4 йиллаб кутишга тўғри келиши устидан бўлмоқда. Бундан ташқари зиёратга борувчилар учун ёш чекловлари қўйилган”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Фаолнинг билдиришича, ёш чекловлари Саудия Арабистони томонидан эмас, балки Ўзбекистон расмийлари томонидан қўйилади.

“Ўзбекистонда диний гуруҳлар ва диндорларга нисбатан ўзига хос сиёсат шаклланиб келяпти. Миллий зеҳниятлар билан ҳам боғлиқ кўринишлар. Жамоат ташкилотлари, мамлакатдаги бирламчи институтлар ҳаммаси таклифлар беришган. Гўёки диндор бўлсанг, 40 ёшингдан кейин бўлишинг керак. Шунинг учун Мусулмон диний идораси кенгашининг таклифи билан Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси чекловлар киритган”.

Ташанов бу каби чекловлар одамларнинг конституциявий ҳуқуқларининг топталиши эканлигини айтади.

Би-би-си масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси Халқаро алоқалар бўлими билан боғланди.

Ташкилотга юборилган саволларга жавоб кутмоқда.

Ҳали 40 га кирмаган Абдураҳмон Ташанов кейинги йил ҳам Диний идора томонидан ҳаж сафари учун рухсат ололмаса сайёҳлик фирмалари орқали Ҳажга боришни мўлжаллаётганини айтди.

“Бундай йўллар билан ҳаж сафарига борган ёшлар давлат идоралари томонидан таъқибларга учраши мумкин. Турли йўллар билан ҳаж ибодати ёки бошқа оммавий ибодатларга бориб келиш Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан муайян даражада таъқиб қилинади. Буни сўнгги вақтларда ўзимиз кўриб турибмиз”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги тақсимотига кўра, мамлакатнинг ҳар бир миллион мусулмон аҳолисига ҳаж сафари учун ўртача минг ўрин ажратилади.

Ўзбекистон аҳолисининг 95 фоизи Ислом динига амал қилиши айтилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон Саудия Арабистонидан камида 20 ёки 27 минг кишига ҳаж қилиш учун ўрин олиши мумкин.

Бироқ номаълум сабабларга кўра, Ўзбекистон ушбу имкониятдан фойдаланмайди ва сунъий равишда Ҳажга борувчиларнинг сонини тушириб келади.

Натижада Ҳаж учун йиллаб навбатлар ҳосил бўлиши, ўртага таниш билишлик ва пора аралашуви кузатилиши айтилади.

“Бир йил давомида 20 минг ёки 30 минг одамни юборадиган бўлса, Ўзбекистон учун жуда ҳам фойдали. Масалан, учоққа чипта сотиш орқали давлат бюджетига пул туширишади. Лекин одамларнинг айтиши бўйича, бунга кафиллик бера олмайман, агар ҳаж ўринлари кўпаядиган бўлса, коррупцияга ўрин қолмайди. Яъни пора билан ҳажга бориш деган нарсага ўрин қолмайди. Бошқа соҳаларда бўлгани каби Ўзбекистон ҳаж соҳасида ҳам коррупция ҳолатини айтиш мумкин”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio