Халқни газдан қарздор қилиш кимнинг манфаатида?

Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси хабар тарқатишича, мамлакатда оддий аҳолини табиий газдан сунъий қарздор қилиш ҳоллари тобора кўпайиб бормоқда.

Мамлакатда газ ўлчагич ускунаси кўрсаткичидан кўп миқдорда тўлов ёзиш, газдан фойдаланмаган бўлса-да, уйига тўлов ҳисоби келиши ҳолатлари бундан олдин ҳам кўп учраган.

Давлат мутасадди идоралари коммунал хизматлар учун масъул ташкилотларни оддий одамларни қарздорга айлантириш амаллари қонунга зид экани ҳақида огоҳлантиришлари кўп бўлган.

Хусусан, шу йилнинг ўзида давлат монополияга қарши кураш идораси газ таъминот ташкилотларини бир неча бор огоҳлантирди.

Лекин Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси охирги ойларда жойлардаги аҳолини табиий газ билан таъминлашга масъул идораларининг бундай жиноий ҳаракатлари сони кўпайганини хабар қилмоқда.

Алянс тарқатган охирги ҳисоботда, хонадонларни қарздор қилиш Ўзбекистоннинг деярли ҳар бир шаҳри ва қишлоғидаги маҳаллада кузатилмоқда, дейилади.

Алянс фаоллари асоссиз "газ қарздор"ига айлантирилган фуқаролар ишларини ўрганганлар, газ ўлчовчиларнинг оддий одамларни талаётганига қарши шикоятлар билан мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганлар.

Алянс ҳисоботида оддий одамларни қарздорга айлантирилаётганига қарши чиққан Навоий вилоятидаги газ идораси икки ходимаси ишидан ҳайдалгани ҳақида хабар қилинган.

Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги "Дашти Сўхта" маҳалласи аҳли газ йўқлиги сабабидан маҳаллага тортиб келинган газ қувурларини буткул кесиб ташлаганлар, қувурлардан узум токи учун фойдаланаётганларига 20 йил бўлган.

2009 йили туман газ идораси бу маҳаллада умуман газ таъминоти йўқлигини тан олиб расмий ҳужжат тақдим қилган.

Бироқ яқинда "Дашти Сўхта" маҳалласи яшовчилари киши бошига 2 миллион сўм газ қарздорлиги борлиги ҳақидаги қоғозларни олганлар.

Қарзини тўламаганлар иши судга оширилиб, мол-мулки мусодара қилиниши ҳақида огоҳлантирилганлар.

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги атиги бир маҳалладан 300 киши катта миқдорда газ қарздорига айлантирилгани маълум бўлган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси фаоли Шуҳрат Рустамов моддий имконияти йўқлиги сабабидан чиндан ҳам фойдаланган гази учун пулини тўлай олмаётган одамлар ҳам кўп, дейди.

"Бунинг сабаби газ идоралари мансабдор шахслари новвойлар борми, ғишт цехлари борми, парниги бор одамларга газдан "левий" фойдаланишга йўл қўйиб берганлар. Уларнинг чўталини олиб "чўнтакка уриб юришган". Президентнинг 11 февралда газ қарздорликларини тартибга солиш ҳақидаги қарори чиққанидан кейин камомадлар чиқиб келаётгани сабабли бу "камомадни халқнинг бўйнига тенг қилиб тақсимлаб қўйишаяпти", дейди Шуҳрат Рустамов.

Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, бу борада ҳатто Ўзбекистон Бош прокуратурасига ёзган мурожаатларига ҳам жавоб бўлмаган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ