Швеция терговчилари: “Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароси Жуковский борасида сукут сақламоқда"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Обид қори Назаров жонига 2012 йилда қасд қилинганди

Швеция тергов расмийларининг айтишларича, ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров жонига суиқасд уюштиришга алоқадорликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси устидан тергов жараёни давом этмоқда.

Юрий Жуковский август ойи охирида Россиядан экстрадиция қилинганди.

Суиқасд уриниши 2012 йил феврал ойида уюштирилган бўлиб, шундан сўнг, тергов томонига кўра, Жуковский Швецияни тарк этган.

Тергов ишларини олиб бораётган Кристер Петерсоннинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, унинг гўё Жуковскийнинг турмуш ўртоғидан электрон мактуб олгани ҳақидаги хабарлар асоссиздир.

Кристер Петерсон: Жуковский экстрадиция қилиниб, ҳибсга олинганидан сўнг, биз уни бир неча бор сўроққа тутдик. У тергов билан ҳамкорлик қилмоқда. Лекин у ҳамма айбловлар ва бизнинг унга нисбатан гумонларимизни рад этмоқда. Ҳозирда тергов манфаати туфайли, унинг айнан нималар дегани ва қандай жавоб бераётгани тафсилотларини очиқлай олмаймиз.

Би-би-си: Лекин у айбловларни рад этмоқда дедингиз, ҳозирги босқичда унга қандай айбловлар қўйилмоқда?

Кристер Петерсон: Бизнинг гумонимиз шундаки, у Обидхон қори Назаров жонига уюштирилган суиқасднинг асосий ижро этувчисидир. Биз қўлга киритган далиллар бу шубҳаларни тасдиқлашга катта ҳисса қўшади, деб ишонамиз. Айни далилларнинг баъзиларини бу ердаги илк маҳкама мажлисида, уни ҳибс остида қолдириш қарори чиқарилган маҳкамада тақдим этганмиз. Лекин тергов тактикаси нуқтаи назаридан ҳамма далиллар ҳозирча унинг ўзига тақдим этилгани йўқ. Бу далиллар унга босқичма-босқич тақдим этилиб, унинг нима дейишига қараб, бошқа далилларга солиштирилган ҳолда олиб борилади.

Би-би-си: Ўша дастлабки маҳкама мажлисида Жуковский ўзи шахсан ҳозир бўлдими?

Кристер Петерсон: Йўқ, у шахсан маҳкамада ҳозир бўлгани йўқ. У видеоалоқа орқали саволларга жавоб берди. Швеция қамоқ тизими расмийлари Жуковский гумон қилинаётган жиноятнинг табиати, уни бир жойдан иккинчи жойга кўчиришда қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилиши эҳтиёжи борлиги эҳтимоли туфайли уни шахсан маҳкамага олиб келишга қарши маслаҳат беришганди. Маҳкамада терговни 25 сентябрга қадар олиб бориш учун рухсат берилди. Ўшанда яна бир маҳкама мажлиси ўтказилади ва керак бўлса, тергов жараёнини чўзишга яна рухсат сўраймиз. Тахминимизча, тергов камида 2 ой давом этади. Бу иш билан боғлиқ, яъни жаноб Жуковскийга ёрдам беришда гумон қилинган икки шахсни маҳкамага тортишдан олдин ўтказилган тергов жараёнида кўплаб маълумотлар йиғилганди. Ҳозирда жаноб Жуковский уларнинг бари билан танишиб чиқиши керак. Уларни биз таржима қилиб беришимиз керак, бундан ташқари унинг ўзига нисбатан тергов жараёнида ҳам талайгина маълумот йиғилган. Шунинг учун у камида икки ой тергов ҳибси остида бўлса керак.

Би-би-си: Швеция қонунларида тергов жараёни қанча вақт давом этиши белгиланганми?

Кристер Петерсон: Йўқ, аниқ муддатлар белгиланмаган. Лекин тергов ҳибси остида бўлган вақт кейинчалик қамоқ жазоси белгилангандан кейин ўша муддатдан олиб ташланади. Масалан, маҳкама қарори чиққунга қадар бир йил ҳисбда бўлса, беш йиллик қамоқ жазосидан бир йил олиб ташланади. Лекин агарда Жуковскийнинг жинояти исботланса, у умрбод қамоқ жазосига юз тутиши мумкин. Биз барибир тергов 2-3 ой давом этишини тахмин қилмоқдамиз.

Би-би-си: Жаноб Жуковскийнинг турмуш ўртоғи сизга электрон мактуб йўллаб, эрининг қаерда эканлигини очиқлашни талаб қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди...

Кристер Петерсон: Мен унинг турмуш ўртоғидан ҳеч қандай мактуб олганим йўқ. У мен билан умуман ҳеч қандай алоқага чиқмаган. Лекин шуни айтишим мумкинки, жаноб Жуковскийнинг ўзи қамоқхона расмийларидан хотинига телефон қилиш рухсатини сўраган. Биз тергов жамоаси номидан унга бу каби рухсатини бердик. Лекин у хотинига қўнғироқ қилдими, йўқми, ҳозирча хабарим йўқ.

Би-би-си: Ўтган галги суҳбат мобайнида сиз Ўзбекистон томонига Жуковский борасида юборган биронта сўровингизга жавоб олмаганингизни айтгандингиз. Унинг Россиядан экстрадиция қилинганидан сўнг ҳеч бўлмаса ўзбек расмийлари сиз билан алоқага чиқишдими?

Кристер Петерсон: Йўқ, Ўзбекистон расмий доиралари томонидан ҳеч қандай алоқага чиқиш ҳаракати бўлмаган.

Би-би-си: Жуковский ўз рафиқасига қўнғироқ қилишга рухсат сўрабди. Айнан унга эмас, балки Ўзбекистондаги бошқа бирон манбага қўнғироқ қилиб, тергов жараёни ҳақида маълумот бермайди деган кафолат борми?

Кристер Петерсон: Буниси албатта бир оз муаммоли... Биз албатта ҳамма нарсани текшира олмаймиз. Агарда у қўнғироқ қилишга аҳд қилса, суҳбат мобайнида у ерда қамоқхона вакили ва таржимон албатта бўлади. Агар унинг турмуш ўртоғидан бошқа шахсга телефон қилаётгани аниқланса, суҳбат шу заҳотиёқ узилади. Албатта, биз 100 фоиз ишонч ҳосил қила олмаймиз, аммо қўлимиздан келган чораларни кўрамиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ