Рустам Азимов: "Ўзбекистонда бизнес буйруқбозлик ва порахўрликдан қийналмоқда"

Тадбиркорлар Ўзбекистонда қонунни бузмасликнинг иложи йўқлигини айтишади
Image caption Тадбиркорлар Ўзбекистонда қонунни бузмасликнинг иложи йўқлигини айтишади

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов мамлакатда бизнес соҳаси тадбиркорларларнинг ишига ноқонуний аралашув, ортиқча буйруқбозлик, порахўрлик ва таъмагирликдан азият чекаётганини айтган.

Бу ҳақда у 8 сентябр куни Тошкентда бўлиб ўтган иқтисодни ислоҳ қилишга қаратилган анжуманда сўзлаган.

Анжуман ҳақида хабар берган Uzbekistan today агентлигининг ёзишича, Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига тўлиқ ўтиши учун мамлакатда бизнес юритишга тўсқинлик қилаётган айрим муаммоларни ечиш керак.

"Ўзбекистон бизнес соҳаси бугунги кунда тадбиркорларнинг фаолиятига ноқонуний аралашув, ортиқча буйруқбозлик ҳамда порахўрлик ва таъмагирлик каби кўплаб муаммоларни бошидан кечирмоқда. Бунга кўплаб фактлар далолат қилмоқда", - дея Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов сўзларидан иқтибос келтиради Uzbekistan today.

Азимовга кўра, қонунчиликни қўпол бузилиши каби муаммолар жуда кенг тарқалган. Муаммолар қўшимча ишчи ўринларининг кўпайишига тўсқинлик қилиши, даромадларни камайтириши, аҳолининг истеъмолчилик лаёқатига путур етказиши мумкин.

"Шахсий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиш йўлидаги барча муаммо ва тўсиқлар йўқ қилинганидагина бозор иқтисодиётига ўтдик, деб айта оламиз. Фақат ўшанда ушбу жараённи тугатдик десак бўлади", - деган Рустам Азимов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи china.org
Image caption Қонунчиликнинг қўпол бузилиши кенг ёйилган, деган Азимов

Ўзбекистонлик тадбиркорлар мамлакатда бизнес юритиш учун шароитлар ўта қийинлиги борасида айтиб келади.

Уларнинг айримлари Ўзбекистонда қонунлар мантиқсиз тузилганидан уларни бузмасликнинг иложи йўқлигини таъкидлашади.

Тадбиркорларнинг муаммоси борасида ўзининг баъзи чиқишларида Ислом Каримов чекланган ҳолатда гапириб туради. Бироқ Президентдан бошқа аъёнларнинг Ўзбекистондаги муаммолар борасида матбуот олдида гапириши камдан кам кузатиладиган ҳолатдир.

“Азимовнинг танқидлари ҳеч нарсани ўзгартирмайди”

Марказий Осиё масалалари бўйича шарҳловчи Жоанна Лиллис Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг гаплари амалда ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини айтади. Таҳлилчига кўра, одатда бундай муаммолар ҳал этилмаса-да фақат Президент томонидан айтилади. Азимовнинг муаммолар ҳақида баралла гапириши эътиборга молик. Биз Жоанна Лиллис билан боғланиб Азимовнинг чиқиши нимадан дарак бериши ҳақида сўрадик.

Жоанна Лиллис: Рустам Азимовнинг сўзлари Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги иқтисодий ҳолатдан хавотирини билдиради. Ушбу гаплар ҳукуматнинг иқтисодий вазиятни яхшилашга истаги борлигини кўрсатади. Ўзбекистон минтақанинг бошқа мамлакатлари каби иқтисодий инқирознинг таъсирини ҳис қилмоқда. Тўғри ҳукумат инқирознинг таъсирини сезганини тан олгани йўқ, лекин аломатлар бор. Рустам Азимовнинг сўзлари иқтисоднинг азият чекаётгани ва қандай бўлмасин Ўзбекистонга инвестиция кириб келиши учун сармоя муҳитини яхшилаш туйғуси борлигини билдиради.

Би-би-си: Бу каби танқидлар олдин Президент Ислом Каримов томонидан ҳам янграган. Лекин аҳвол ўнгланмаган. Бош вазир ўринбосарининг сўзларидан сўнг бирор ўзгариш бўлиши мумкинми?

Жоанна Лиллис: Ўзбекистон бизнес юритиш бўйича халқаро рейтингларда, жумладан, Жаҳон Банкининг рейтигида энг сўнгги ўринларда туради. Бу Ўзбекистонда ўта қийин бизнес муҳити шаклланганидан ва тадбиркорлар учун муаммолар кўп эканлигидан дарак беради. Рустам Азимов муаммоларни айтган, аммо менга маълум бўлган жиҳати, у ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун аниқ ечимлар таклиф қилмаган. Биз олдин Ўзбекистон раҳбарияти, жумладан Каримов томонидан мамлакат иқтисодидаги ва тадбиркорлар олдидаги муаммолар ҳақида эшитганмиз. Лекин яхшиланганини кўрганимиз йўқ, Аниқ таклифларсиз вазиятнинг ўнгланишига кўзим етмаяпти.

Би-би-си: Ўзбекистондаги муаммоларни Президент Каримов гапирган бўлса-да, мулозимларнинг матбуот олдида гапириши кузатилмайди. Ушбу чиқиш Рустам Азимов учун нимани англатади?

Жоанна Лиллис: Асосан Ислом Каримов гапириб келган муаммолар ҳақида Рустам Азимовнинг очиқ гапириши нимани англатишини тахмин қилиш қийин. Балки бу Азимовнинг Ўзбекистонда таъсирли одам эканлиги ва бу каби гапларни баралла айта олишга қодирлигини англатар. Балки у ўзини мустақил фигура сифатида кўрсатишни истаётгандир. Бироқ буларнинг ҳаммаси тахмин. Чунки Ислом Каримов атрофида нималар бўлаётганини жуда оз биламиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ