"Бозор иқтисодиниям майнавозчиликка айлантириб ташлашган"

Image caption Гулнора Каримова боис бизнесни текширишга келган "маски шоу" ташаббускорлари Интернетда "сазойи" ҳам қилинганди.

Би-би-си "Ижтимоий минбар"ининг навбатдаги мавзуси Ўзбекистондаги бизнес муҳитига бағишланди.

8 сентябр куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов мамлакатда тадбиркорларлар ўз фаолиятларига қилинадиган аралашувдан азият чекаётганини айтди.

"Ўзбекистон бизнес соҳаси бугунги кунда тадбиркорларнинг фаолиятига ноқонуний аралашув, ортиқча буйруқбозлик ҳамда порахўрлик ва таъмагирлик каби кўплаб муаммоларни бошидан кечирмоқда. Бунга кўплаб фактлар далолат қилмоқда", - деб айтган Тошкентда бўлиб ўтган иқтисодни ислоҳ қилишга қаратилган анжуманда сўзлаган Рустам Азимов.

Азимовга кўра, қонунчиликни қўпол бузилиши каби муаммолар жуда кенг тарқалган.

Жаноб Азимов айтишича, бу муаммолар қўшимча ишчи ўринларининг кўпайишига тўсқинлик қилиши, даромадларни камайтириши, аҳолининг истеъмолчилик лаёқатига путур етказиши мумкин.

Ўзбекистон бизнес юритиш бўйича халқаро рейтингларда, жумладан, Жаҳон Банкининг рейтингида энг сўнгги ўринларда туради.

Хорижий таҳлилчиларга кўра, бу Ўзбекистонда ўта қийин бизнес муҳити шаклланганидан ва тадбиркорлар учун муаммолар кўп эканлигидан дарак беради.

Маҳаллий тадбиркорлар эса турли давлат органларининг ҳаддан ташқари аралашуви ва таъмагирлиги, рақиблар буйруғи асосидаги "маски-шоу" рейдлари ва конвертация каби муаммолардан арз қиладилар.

Биз ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан Ўзбекистондаги тадбиркорлик муҳити ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишини сўрадик.

Ўзбекистонда бизнес қилиш осонми, деган саволга Одноклассникидаги САРОЙМУЛКХОНИМ исмли фойдаланувчи шундай фикр билдирган: Қийин, ўта қийин. Афсус, кўз очирмайди. Дўконларни бузовиради, яна қайтадан сотаверади.

СТРЕЛЕЦ: Осон, фақат ҳокимиятдан ёки МХХ дан бирор суянчиқ, ҳамкор бўлса, бу қонунларни "четлаб" ўтиш имконини беради.

Крутой парень: Тўғри, яна бир гап - пора берасан ёки лаганбардор бўласан, кейин иш битади. Қонуний бизнесмен бир ойда банкрот, жойи олинади яна бировга сотилади.

Tiemur Tim: Бозор иқтисодиниям майнавозчиликка айлантириб ташлашган. Қишлоқ жойларда пахта деб, магазинларни ёпиб қўяди, лекин солиқни ҳар доимгидак талаб қилади.

Dilmurod Yusupov: Қонун ва қонуности ҳужжатлари қуйи ижрочилари томонидан нотўғри талқин қилиниб, тадбиркорларга қийинчилик туғдирмокда...

Мухаммед Угизхан Угли: Иш куни бошланмасдан олдин, сизга қанча инкассация қилишни айтиб қўйишади! Савдо бўладими-йўқми, уларни қизиқтирмайди! Бу нарсани улар хронометраж дейишади, агар топширмасангиз, дело тикиб судга жўнатишади.

Ali Sher: Тадбиркорлик соҳасида муаммо кўплигидан, тадбиркорлик қилишни ўйлаш ҳам қийин. Лекин соҳа бўйича чиққан қарорлар ривожлантириш йўлида, бу қарорлар жойларда ижро қилинмаяпти.

Alisher Aytu: Суд ва солиқ тизимлари рекэтчилар. Сал нарсага тизимлар бизнесни чиритади .

Мухаммад Мирзо: ОСОН ЭДИ БУНДАН 15 ЙИЛ АВАЛ.

Тохир Абдуллаев: Ҳақини талаб қилган фермерга вилоят ҳокимини гапи: "ҳаққингаям, ўзингаям тупурдим". Тупиртириб юрибмиз!

Қаҳрамон Аминов ёзади: Экспорт-импорт патенти бор, валюта ҳисоби эса йўқ. Абсурд. Хорижда ҳамма нарса банк орқали бўлишини хоҳлашади. Бизда қонунлар бор, лекин улар ишламайди. Ҳаммасини қайта кўриб чиқиш керак. Ҳамма тадбиркорлар хоҳлаган пайтда қонунга зид бўлиб қолиши мумкин. Бу атайин шундай қилинган бўлса керак, деб ёзади у.

Абдулла Аҳмаджонов: Ўзбекистонда ҳамма нарса монополия қилинган. Биринчидан, солиқ кодексини қайта кўриб чиқиш керак. Жуда кўп тўсиқлар қўйилган. Шунинг учун сармоялар кам. Чет эллик инвесторлардан ҳеч қайсиси сармоя киритишни хоҳламаяпти. Конвертация ким учундир бор, бошқа бир киши учун эса тўсиқлар кўп. Ҳатто банкда кредит олиш қийин. Албатта, “шапкаси”ни бериш керак. Яна экспорт бўлса ва ишлаб чиқариш бўлмаса, валютанинг 25 фоизини давлат курсида банкка сотиш керак. Нима учун? Бир сўз билан айтганда, шуларнинг ҳаммасини осонлаштириб бўлмайдими? Импорт заводи бор(товарлар озиқ-овқат эмас) божхонадан ўтди, талаб қилинган барча солиқлар, божлар тўланди. Энди нимани хоҳласанг, шуни қилишинг керак: хоҳласанг, нақд пулга сот, хоҳласанг пул ўтказиш йўли билан. Хоҳласанг бировга текинга бер, хоҳласанг улоқтириб юбор. Бизда эса банкка пул қўйдингми, бўлди. Бу пул энди сенинг ўзингники эмас. Товар олиб кирдинг, буям энди ўзингники эмас. Масалалар, муаммолар шунчалар кўпки(товар қайси складда, экспортдан пуллар нега тушмади ва ҳоказо) Ахир мен ҳамма солиқлар, пошлиналар ва қолганини тўлаб қўйдим-ку, энди давлатнинг нима иши бор? Қисқаси, қонун бўйича бизнес қилиш қийин.

Dilshodbek Alimdzhan: Бизнесни яна ҳам либераллаштириш керак, банкларни хусусийлаштириб кредитлаштириш системасини оммабоп қилиш керак.Тадбиркорлик патентларини солиғини минималга тушириш керак.

Ubaydullo Salimov: Порахўрлини йўқотишсин, қолган ҳаммаси изга тушиб кетади.

Meena Kothari: Солиқ ҳамма давлатларда ва ҳар доим бўлган, яъни ундирилган. Хонлик даврида ҳам халқдан ундирилган. Лекин даромадга қараб ҳамда шариатга бўйсуниб ундирилган.

Jamilahon Sunny тадбиркорларни мажбурий ўқитиш таклифини илгари суради: Тадбиркорга ёки янги фирма раҳбарига гувоҳнома беришдан олдин Тадбиркорлар палатасида мажбурий 2 ой ўқитилсин, имтиҳон олиб кейин бизнесга киритилсин. Юқоридаги курсларда налог, бизнес юритиш, маркетинг асослари, Ўзбекистон республикасининг бизнесга доир айрим қонунлари, банк билан ишлаш схемалари, жиноят кодекси ва шунга ўхшаш мавзулар ўргатилиб имтиҳон олиб кейин гувоҳномалар берилса, тадбиркорларнинг сал саводи ошади, қандай қилиб бизнес юритиш керак ва ким унга таъмагирлик қилаётганини тушунади. Жуда кўп ҳолатларда тадбиркорлар ўз ҳуқуқларини билмайди-да унга налогдан келган бир тирранчани гапига кириб ўзи "на лапу" беради! Шу ҳолатда ким айбдор?! Бу ҳолатлар банкда ҳам, ҳокимиятда ҳам бошқа органларда ҳам шунақа.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ