Пахта 2015: "Мабодо Марсдан тушмаганмисиз?"

Варақаларда пахта теримига жалб қилиш мажбурий меҳнат эканлиги айтилади Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Варақаларда пахта теримига жалб қилиш мажбурий меҳнат эканлиги айтилади

Ўзбекистондаги "Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси" мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнатга қарши варақалар тарқатишга бел боғлаган. Уларнинг ташаббусини оддий одамлар қўрқув ва ҳадик билан кутиб олаётгани айтилади.

Пахта териш мавсуми авжига чиқаркан ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари одамларга маъмурий органлар томонидан босим остида меҳнатга мажбур қилиниш ноқонуний эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбек-олмон форуми томонидан тайёрлангани айтилаётган бу варақаларда Ўзбекистон қонунларида мажбурий меҳнат тақиқлангани тўғрисида иқтибослар келтирилган. Унда меҳнатга мажбурланган ҳолатда қандай йўл тутиш ҳақида йўриқномалар кўрсатилган.

Фаол Малоҳат Эшонқулова Жиззах вилоятидаги ўқитувчи, шифокор ва боғча ходимлари орасида ушбу варақаларни тарқатиш билан шуғулланган.

"Варақада ёмон нарса эмас, балки ўз ҳақ ҳуқуқларини талаб қилиш йўл-йўриқлари кўрсатилган холос. Мажбурий меҳнатга жалб қилинганда нималар қилиш ва ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ишни нимадан бошлаш ёзилган. Лекин тарқатган одамларимиз орасида олий маълумотли бўлса ҳам уни олиб ўқишга қўрқадиганларини учратдим", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ҳуқуқ фаолига кўра, одамларга варақа берилганида, уни олган тақдирда тазйиқ ва таъқибларга дуч келиш ёки келмаслиги ҳақида сўрашган.

"Варақани олишади, кўз югуртиришади-да, атрофга хавотир билан назар ташлаб тезда буклаб сумкасига солиб қўйишади. Биз кетганимиздан кейин бу варақаларнинг ҳоли нима кечганлиги борасида бир нарса деёлмайман".

Ўзбекистонда ҳар қандай варақа тарқатиш расмийлар томонидан ҳадик билан қарши олиниши айтилади.

Эшонқулованинг айтишича, улар бу каби варақаларни таниш одамлар орасида ва тор доирада тарқатгани учун ҳам ҳуқуқ тартибот органи ходимлар томонидан бирор муносабат билдирилмаган.

"Одамлардаги қўрқув, кўзларидаги ҳадик ва хавотирни кўриб уларга мажбурий меҳнатга қарши туришни тарғиб қилувчи варақаларни тарқатиш самара беришига шубҳа кўзи билан қарай бошладим", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ҳақ ҳуқуқларни талаб қилиш тўғрисидаги гапларни ўқиган одамлар ҳуқуқ фаолига қараб "Мабодо, Марсдан тушиб қолмаганмисиз, шундай қилиш мумкинми? Бизда қонун қолдими", - деб кулиб қўйишган.

Ўзбекистонда пахта теримига бюджет ташкилотларидан тортиб хусусий корхона ишчиларигача кенг сафарбарлик эълон қилинади. Талабалар ва олисда яшовчилар пахта териш учун кўчириб олиб кетилади.

Пахтага жалб қилиш кампанияси жуда кенг олиб борилади. Масжидларда ва овоз кучайтиргичлар ёрдамида пахтага чиқиш кераклиги уқтирилади.

Бунгача Сирдарё вилоятида пахта йиғим-теримида қатнашишдек "савобли ишдан четда турмаслик" даъвати битилган варақалар тарқатилган.

Одамларнинг ушбу меҳнатга ихтиёрий-мажбурий равишда жалб қилиниши айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ