TeliaSonera Ўзбекистон бозоридан чиқиб кетади

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz
Image caption TeliaSonera Ўзбекистондаги лицензияси учун пора беришда айбланган

Скандинавиянинг TeliaSonera телеком ширкати Овросиёдаги иштирокини камайтираётгани ва пировардида Ўзбекистон дохил, минтақанинг етти давлатидан чиқиб кетишини маълум қилган.

Ширкат ўзининг янги стратегияси доирасида Оврўпо ва Швециянинг ўзидаги амалиётларга кўпроқ эътибор қаратишини айтган.

2014 йилда Непал, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Гуржистон, Молдова ҳамда Тожикистонни ўз ичига олган Овросиё бозори TeliaSonera умумий даромадларининг 20 фоизини ташкил этган.

Рейтер агентлигига кўра, ўтган йили ширкатнинг даромади 12.3 миллиард долларни ташкил этган.

Пайшанба куни эълон қилинган баёнотда ширкатнинг ижрочи директори Йохан Деннелинд "Овросиё минтақасидаги амалиётларни яхшилашга қаратилган икки йиллик саъй-ҳаракатлар" ортидан ушбу қарорга келинганини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, ўтган вақт мобайнида корпоратив ҳамда этика андозаларини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар TeliaSonera бошқарув даражасининг ўсишига олиб келган.

Айни пайтда Деннелинд ширкат Овросиёнинг айрим бозорларига "тўғри йўллар билан кирмагани"ни эътироф этган.

"Биз Овросиё бозорида бизнес қилиш ва даромад олиш мумкинлигига ишонамиз, аммо бизнинг назаримизда бозорга тўғри йўллар билан кириш муҳим", деб айтган TeliaSonera ижрочи директори.

Image caption Teliasonera Овросиё бозоридан чиқиб кетиш қанча вақт олишини билмайди

Сўнгги икки йилда Ўзбекистондаги Ucell ширкатига эгалик қилувчи TeliaSonera ўзбек телекоммуникациялар тизимидаги коррупция иддаолари марказида бўлган.

Ҳозирда Швеция, Норвегия, Швейцария, Голландия ва Қўшма Штатларда TeliaSonera нинг Ўзбекистон билан келишувлари юзасидан тергов жараёнлари бормоқда.

Ширкатнинг Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин шахсларга пора бергани ҳақидаги иддаолар 2013 йилда TeliaSonera ижроия директори ва ва директорлар кенгаши аъзоларининг истеъфосига сабаб бўлган.

Шу йил майида Швеция матбуоти TeliaSonera Озарбайжон Президентининг оиласига давлатга қарашли телеком ширкати ҳиссаларини қўлга киритишда ёрдам бергани ҳақидаги мақолани чоп этган.

Бунинг эвазига ширкатга имтиёзлар берилгани иддао қилинган.

TeliaSonera га кўра, ҳозирги босқичда Овросиё бозорларидан чиқиб кетиш жараёни қанча вақт олиши аниқ эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio