Тошкентда кўп қаватли бино ёнди

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра шаҳар марказидаги L'ETO Party Bar ресторани жойлашган кўп қаватли бинода ёнғин юз берган. Инсоний талофатлар борасида расмий маълумотлар йўқ. Бироқ гувоҳлар ҳеч ким жабрланмаганини айтмоқда.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеолавҳаларда бинонинг бошдан-оёқ ёнаётгани тасвирланган. Бизнес маркази бўлган ушбу бинода асосан офислар жойлашгани айтилмоқда. Бино пойтахт марказидаги «Wyndham Tashkent» (собиқ Dedeman) меҳмонхонаси ёнида жойлашган.

Кун.уз сайтининг ёзишича, ёнғин маҳаллий вақт билан соат 18:30 да бошланган. Сайт мухбирларига кўра, кундуз куни ушбу бино томида қишга тайёргарлик кўриш мақсадида иш олиб борилган ва олов ёқилган.

Ёнғинни ўчириш учун ўт ўчирувчилар гуруҳи жалб қилинган, одамлар ёнғин бўлган жойга тез тиббий ёрдам машиналари етиб келганини кўрган.

Ижтимоий тармоқларда ёнғиннинг ўчирилгани ҳақида ёзилган.

Бинога яқин ҳудудда турувчиларнинг айтишича, ўт ўчирувчилар машиналарнинг кўплигидан ёнғин жойига етиб боришда қийналган.

Маҳаллий нашрлар бинога олиб борувчи йўллардан бири ёпиб қўйилганини ёзмоқда. Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалаётган сурат ва видеоларда машиналар қатнови тўхтамаганини кўриш мумкин.

Би-би-си ҳодиса юзасидан расмий изоҳ олишга уринди. Бироқ Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчиси бу борада ҳеч қандай маълумот беролмаслигини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio