Ucell баёнот билан чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Швед-Финн компанияси Teliasonera Овросиё минтақасидаги бизнеси миқёсини камайтириш мақсадини эълон қилгани ортидан компаниянинг Ўзбекистондаги бўлими Ucell ўз фаолиятини давом эттириши ҳақидаги баёнот билан чиқди.

Қонунлар, шартномалар эмас, давлат амалдори ёки амалдорларининг инжиқликлари ҳал қилувчи қарор ролини ўйнайдиган Ўзбекистонда оддий одамлар бугун ишлаб турган ширкатнинг эртаси куни тўсатдан фаолияти тўхтатилиб қўйилиши мисолларини жуда кўп кўрганлар, бунда мижозларга мантиқий бир важ тушунтирилмаган ҳолатлари кўп бўлган.

Хусусан, телекоммуникация соҳасидаги энг сўнгги ҳодиса 2012 йил 17 июлида юз берганини кўпчилик яхши эслайди.

МТС-"Ўздунробита"нинг Ўзбекистондаги камида 9 миллион, айрим маълумотларга кўра, 11 миллиондан ортиқ мижози бир кунда мобил алоқасиз қолдилар, оломон ўзини бошқа мобил ширкатларининг "сим-карта"ларига урди.

Бир неча кунда Билайн ва Ucell мижозлари сони миллионлаб кўпайди.

Teliasonera баёноти мижозларни оммавий "қочиши"га олиб келиши олдини олиш мақсадини кўзлаган Ucell "қаттиқ ишлашни давом эттириши"ни эълон қилди.

18 сентябр куни Ўзбекистондаги оммаввий ахборот воситалари ихтиёрига Ucell ширкати баёноти келиб тушган.

Унда "маҳаллий стратегияси ва ривожланиш режасини ҳаётга татбиқ этишда қаттиқ ишлашни давом эттириши" айтилган.

Агар Ucell Teliasonera таркибидан чиқса, бу ривожланиш режаси ҳаётга қандай татбиқ этилиши ҳақида Ucell ҳозирча ҳеч нарса айтмаган.

Teliasonera ўз қарорини Овросиё бозоридаги иштирокини камайтириб кўпроқ эътиборини Оврўпо бозорига қаратмоқчи экани билан тушунтирди.

Айни пайтда Teliasonera Ўзбек мобил бозорига кириб келиши билан боғлиқ можаро ширкат диққат-эътибори ва вақтини банд қилаётгани маълум.

Бир неча мамлакат прокуратуралари Гулнора Каримовага боғлиқ терговни давом эттирмоқда ва Teliasonera мулозимларидан Ўзбек мобил бозорига кириш учун пора бергани-бермаганига алоқадор саволларга қайта-қайта жавоб беришга тўғри келмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистондаги конвертация билан боғлиқ муаммо Teliasoneraга 200 миллион доллар даромадини олиб чиқиб кетишга тўсиқ бўлиб тургани ҳам хабар қилинди.

Ucell Ўзбекистонда етти йилдан буён ишлаб келмоқда ва ҳозир абонентлари сони 8,5 миллиондан ортиқ экани айтилади.

Ucell Ўзбекистон бозоридаги улушини бошқа бир алоқа операторига топшириб кетадими ёки 8,5 миллиондан ортиқ мижозни кўчага ташлаб кетадими?

Бу савол компания мижозларини эсанкиратиб қўйди.

Интернет ижтимоий тармоқларида ушбу мавзу кенг муҳокама мавзусига айланди.

Жумладан Uz24.uzга тегишли Facebook саҳифасида "Шошилинч хабар! Ucell Ўзбекистон ва қатор МДХ давлатларини тарк этади" деган хабар эълон қилинди.

Бунга жавобан Babur Rakhmanov исмли фойдаланувчи шундай савол берди: Номерларимизни олиб қўйишадими ёки бизларга зарар тегмаган ҳолда шунчаки оператор номи ўзгарадими?

Aziz M Fernández: Кетмайди, бошқа компания ихтиёрига ўтади. Cоscом сотилса керак, КCелл, АзерCелл ҳам бошқа бўлмаса керак.

Peter Ten: Coscomниниг куни битган кўринади?

Dilshod Abdukarimov: Одамлар, диққат билан ўқинг, чиқиб кетади деб ёзилганку, ёпилади деган гап йўқ. Бу дегани кимдир уларни сотиб олади.

Twitterдаги @shuxratbek5 исмли фойдаланувчи: Юселга бугундан пул тушум озаяди. Билайн номерларга очеред кузатила бошлайди. Бепул дакикалар (булса) хизмати ўчирилади))

@Dgravity7: ростанам ёпиларканми ucell?

@Yoshlar_com: Ўзбекистон бозоридан кетади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ