BBCга айтаман: Кўнгли ҳаққа талпинган шоир

СЎЗ уммонида юзиб юрган юзлаб шоирлар бор. Аммо ”...султону гадонинг қаърини кўрдим, Ғаззолий сиғмаган тубан оламда шайтондан тўралган ғайирни кўрдим”, - дея дадил айта оладигани камдир.

Бунинг учун ”Фақат ишқ… Фақат ишқ… Бошқаси сароб, бошқаси шамолнинг оний сурони” эканлигини англаган, кўнгли самовий ишққа боғланиб МУНОЖОТ айлаган, ”Туҳмат мурдалари қалашиб ёттан, иғволар қуртлаган шўрлик диёрда замону маконин буткул йўқотган бир улуғ фарёднинг боласи” бўлиб зору нидо қиладиган , Ғаззолий ҳазратларининг маъно денгизига чўмиб, покланган юраги бўлиши керак шоирнинг.

Замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин вакили Шавкат Раҳмон ана шундай ”мусаффо чашма”нинг ташнаси, “гунафша атирли тансиқ туйғулар” муаллифи.

”Ўшни кезганда ўйлаганларим” шеъри орқали майда манфаатлар учун катта ҳақиқатларини бой бериб келаётган инсониятнинг аччиқ фожеасини кўзгудай “ярқ” эткизиб, кўзингизга тутқазади:

қани улар,

замин алқаган,

умидвор тикилган митти даҳолар?

Бирининг кўзида ғалат дард кўрдим,

бирининг кўзида кўрдим жаҳолат.

Тобора кичрайиб кўринар улар

кичкина ташвишлар исканжасида.

Шундоқ сўниб борар ер орзулари

ҳирсу таъмаларнинг кир панжасида.

Наъра тортаймикин

тўқсон тўққиз минг

паҳлавон бобомнинг овозин йиғиб,

даҳмалар қопқоғин тақиллатайми,

фарёд қилаймикин осмонни йиртиб?!

Бу фарёдларларга тўла СЎЗнинг ўткир тиғи ногаҳон юрагингизни шиғиллатиб кесиб юборади... “Оҳ” дейишга улгурмай қоласиз нур тезлигида кўнглингизни кесиб юборган Сўзнинг шиддатидан. Жисму жонингиз сирқираб кетади, қорачиқларингиз беихтиёр кенгайиб кетади гўё дунёни энди кўраётгандек. Аслида ҳам шоирнинг сўзлари сизнинг ҳали кашф этишга улгурмаганингиз ёхуд назар ташлашга журъат этолмаганингиз – дунёнинг асл ҳақиқатларига тик қарашга, уни қайтадан кашф қилишга мажбур этади. Аммо ўқувчи бу “мажбурият”дан – шоирнинг юракка “санчилган” сўзларидан малолланмайди, аксинча, қалбини симиллатиб бўлса-да, ғафлат тўсинидан халос этгани, шеъриятнинг ширин азобларидан баҳраманд этгани учун миннатдорлик ҳиссини туяди.

Ҳеч ким айтмаган, ҳеч ким эътироф этмаган тақдирда ҳам комилликка, инсоний етукликка интилган ижодкор ўзини юксакликнинг қай нуқтасида турганлигини ўзи яхши билади, чуқур ҳис қилади. Уни эътироф этмасликлари, эта олмасликларининг сабабини ҳам тўғри тушунади ва ҳеч кимдан ранжимайди. Аксинча ҳали олдда комронликнинг инсон қадамини, маънавий жасоратини кутиб ётган ҳийла баланд довонлари борлигини ҳис этарак, шу олис, юксак довонларга ҳавас ва шаҳд билан тикиларкан, айни дамда забт этган юксаклик нуқтасида бир дам ўйга чўмиб, бош эгади. Замондошларининг ҳам ана юксалиш шарафига муяссар бўлишини чин юракдан истайди. Аммо қадамлар тезлиги, хаёлот учқурлиги, фикрий ўсиш даражаси ҳаммада бир хил эмас...

“Сулаймонтоғда ўйлаганларим” шеърида ана шу ҳолатнинг нозик чизгисини кўрамиз. Ўз халқини шовқин солмай, меҳру муҳаббатини иддао этмай, миннат қилмай, чуқур бир қайғу, чуқур эҳтиром билан сева олган жўмард ИНСОНнинг некбин ва ўйчан қиёфаси кўз ўнгимизда гавдаланади.

Юксакда бўлса-да

бошим эгилган —

юксакка чиқдим деб керилганим йўқ.

Бир дам кулганим йўқ,

суюлганим йўқ,

сокин лаҳзаларга берилганим йўқ.

Ё беғам ёнбошлаб тўралар каби,

ўткир коньяк ичиб,

қази емадим

ёки бармоғимни пастликка нуқиб:

«Э, афсус, шулар ҳам халқми?» демадим.

Ўйладим

юксакка чиққан чоғимда

ўз зотин,

ўз отин унутганларни,

қадимий булоқлар кўзини кўмиб,

азим дарёларни қуритганларни...

Шавкат Раҳмон ўз фикрий юксаклигидан туриб ўтмиш ва келажак орасига солинган кўприкнинг шонли, мустаҳкам, шу билан бир қаторда заиф, ожиз, чирик нуқталарини ҳам теран нигоҳлари билан аниқ кўра олган ва ўқувчига кўрсата олган фозил, ростгўй ва жасоратли шоир. Унинг лирик қаҳрамони фано кўчасидан биздан аввал от солиб ўтганларнинг хатолари сабаб юзага келган баъзи маънавий ўпирилишлар, синиқликларни бутлаш ўрнига уни кўриб-кўрмасликка олаётган, катта орзу-умидлар билан келаётган саф-саф авлодларни тап тортмай ана шу хатарли йўлларга бошлаб бораётган “ҳай, баракалла”чиларнинг ҳалиям борлигидан, “энг қаттол душман ҳам қилмаган ишни тўнғизфеъл бир нокас бажариб кет(д)иши” мумкинлигидан ҳасрат чекади, хавотирланади. “Абадиятнинг нурли изларини йўқотаётганлар, элнинг қалбин бузиб, ёдини бузиб, қарғишу лаънатга ботиб ётганлар”дан нафратланади. “Кўриб бўлармикан бу нокасларнинг қора курсиларга ўтирар чоғин?”- дея ҳақли саволни ўртаниш ила ўртага ташлайди. Сатрларда ҳеч бир сирғанишсиз тафаккур чўққиси сари ўрлаб бораркан, фожеани қамраб ётган сабабларни пиёзнинг пўсти каби бир-бир “арчиб” ташлаб, ҳақиқатнинг тиниқ шакли ва моҳиятига эътиборни қаратади: ”...Аммо тўлармикин кўнгил шу билан, шу билан кетарми хотирдан ғашлик, юраклар куларми, қуларми буткул шу билан юксакда ўсган пасткашлик?”

Ўта жиддий бўлган бу мулоҳаза қошида фано мулкининг ақли, иймони бўлган ҳар бир йўловчиси бир лаҳза бўлса-да тўхтайди. Ўз сувратию сийратига, босиб ўтган йўлига бир назар ташлаб, маънавий кемтиклигини тўлдиришга, хатолари учун тазарру қилишга, ботиний ва зоҳирий оламини ислоҳ қилишга киришади. Лекин, афсус, замон саҳнидаги йўлчиликда шундай тоифалар ҳам борки, улар ўз пасткашликларидан воз кечмайдилар, ялтоқиликларидан уялмайдилар, аксинча ўз гумроҳликлари ва гуноҳларидан ғурурланадилар, бу “ғурур”ларининг нақадар чиркинлигини ҳис этмайдилар ҳам. Бундай бедодликдан ”Агар мен бақирсам, ёрилар осмон –ҳар дамим оламнинг дамин тўзитар”, - дея исёнга келган шоир элнинг кўзига қарашга уяладиган ҳеч бир айби йўқлигини яхши билса-да, бедилларга дил очиш бенафлигига иқрор бўларкан, эл, миллат учун бор масъулиятни мардлик, бағрикенглик билан ўз бўйнига олиб, улуғ бир одамийлик сўзини айтади: “...Барокўҳда бошим эгилди, қарашга ор қилдим элнинг кўзига...”

Ор-номусни туғдай баланд тутган шоир – кўнгли Ҳаққа қараган шоирдир. Бундай шоирлар ҳар бир сўзини гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга қараб оғиб турадиган сиёсатнинг қош-қабоғига қараб эмас, Ҳаққа қараб айтадилар. Миллий шеъриятимизнинг жасур сиймоларидан бири, “элнинг бахти учун умрини тиккан” Шавкат Раҳмоннинг Ҳаққа қараб айтилган ҳақиқатлари ҳам замонлар оша олис авлодларнинг юрагига қадар етиб боради, дея айтишга ҳақлимиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer