"Ёшлар" телеканали Андижондаги ҳужрани сазойи қилди

"Ёшлар" телеканали Андижон шаҳри Далварзин маҳалласида ташкил қилинган диний сабоқ берувчи ҳужра ҳақида кўрсатув тайёрлаган. Танқидий руҳда ва қўрқинчли мусиқа ҳамроҳлигида тайёрланган кўрсатувда болаларини ҳужрага берган ота-оналар бу ишидан пушаймон эканлигини айтади.

Ўтган шанба куни эфирга кетган ва якшанба куни қайта берилган кўрсатувда Андижонда яширин фаолият юритиб диний сабоқ беришга асосланган ҳужра ҳақида гап боради.

Ҳужрага Тошкент, Наманган ва Жиззахдан келиб илм олган 17 нафар ўқувчи бўлган.

Кўрсатувда 7 ёшли болакай диний сабоқ олгани учун журналист томонидан айбдорлардек савол жавоб қилинади. Кўрсатувга олиб чиқилган ота-оналар фарзандини ушбу ҳужрага берганидан пушаймон эканлигини айтган.

Қўни-қўшнилар ва маҳалла раиси ҳужра фаолиятидан бехабар қолганини билдиришган. Кўрсатувда ўқувчиларнинг калтакланганлиги ва мактаб ва коллежлардаги ўқишни ташлаб диний илм олгани айтилди.

"Диний таълим олиш имкони йўқ"

Би-би-си билан боғланган исми ўзгартирилган Абдураҳмон ҳам мана шу каби ҳужраларда таълим берган.

Унинг айтишича, кўрсатув давомида диний сабоқ берувчиларга қўйилган айбларнинг барчаси бўҳтон.

"Бунақа ҳужралар бундан 5-6 йил бурун Ўзбекистонда бор эди. Ҳозир бор йўқлиги борасида менда маълумот йўқ. Ўша вақтлари ҳам назорат кучли бўлса-да 40-50 болага Қуръони Каримдан сабоқ берар эдик", - дейди Абдураҳмон.

Унинг айтишча, бу каби ҳужраларда қорилар дарс беради. Уларнинг ўзлари ҳам ҳудди мана шунақа ҳужраларда ўқиб қори бўлган. Қориларда давлат томонидан берилган диплом йўқ бўлса ҳам, дипломи борлардан яхши ўқитади, дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳужрада дарс берувчи муаллим Қуръоннинг 30 порасини ёддан билиши талаб этилади.

Кузатувчилар кўра, Ўзбекистонда саноқли сонда бу каби яширин ҳужралар сақланиб қолган. Лекин уларнинг барчаси қаттиқ хавотир остида фаолият юритиши айтилади. Чунки ҳар онда уларнинг фаолияти ҳуқуқ тартибот органининг назарига тушиши ва ташкилотчилар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бу каби ҳужраларда диний сабоқ бериш тақиқланган. Аммо хавотирли томони махсус кучлар ушбу ҳужралардаги муаллимларни экстремизмни тарғиб қилишда айблаб узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиши мумкинлиги.

Ўзбекистонда 9 мадраса борлиги айтилади, шунинг биттаси фақат қизлар учун мўлжалланган. Мадрасаларга ўқувчиларни маълум ёшга етканидан сўнг ва чекланган миқдорда қабул қилишади.

Ўқув ўринлари етишмаслигидан бу ерларда ўқиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. 3-5 йиллаб мадрасага кириш учун умри кетганлар ҳақида маълумотлар бор.

Иккинчидан масжидлар қошида тажвид каби илмларни ўргатувчи оддий савод чиқариш курслари ҳам тақиқлаб қўйилган. 90 йилларда бу каби саводхонлик курслари ўсмир йигитлар ўртасида жуда оммалашган эди. Бироқ динни назорат остига олишга уринаётган ҳукумат бу каби курсларни ҳам бутунлай бекор қилди.

Лекин асрлар бўйи Ислом динига амал қилиб келган аҳолининг катта қисми фарзандларига диний сабоқ беришни истайди.

Давлат томонидан қонуний йўллар ёпиб қўйилганидан сўнг, шўролар давлати бўлгани каби ҳужраларда савод чиқариш йўлларини излашга мажбур қолишмоқда.

"Президент маънавий иммунитетни ошириш керак дейди. Унинг учун албатта диний таълим олиш керак. Илми бўлмаган ИШИД каби турли оқим ва гуруҳларга қўшилиб кетиши мумкин. Ҳужраларда илм олганлар қўшилиб кетмайди. Чунки улар Абу Ҳанифа мазҳабида ўқиган бўлади. Кўрсатувга чиқарилган имомни мен танийман. Обрўли одам. Агар ишонмаганида ўғлини ҳужрага бермасди. Ота оналар боласига диний таълим бериш имкониятига эга эмас. Болам қори ва қория бўлсин деб ҳавас қилган ота-оналарга боласини 7-8 ёшидан диний илм олишга беролмайди. Чунки бунақа муассасанинг ўзи йўқ", - дейди Абдураҳмон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio