“Пахта бизнинг бойлигимиз, бизнинг фахримиз эканлигини билмайсизми?”

Ўзбекистон расмийлари пахта терими жараёнини қаттиқ назорат остида ушлаб туришни давом эттирмоқдалар. Яқинда пахта теримига сафарбарлик ва мажбурий меҳнат ҳолатлари мониторингини олиб борган ангренлик инсон ҳуқуқлари фаоли Дмитрий Тихонов милиция ходимлари томонидан калтакланган эди. Тихоновга кўра, Ангрен аҳолисини шаҳардан қарийб тўқсон километр узоқликда жойлашган Бўка районига пахта териш учун олиб боришади. Бироқ Бўка тумани бир хусусиятга эга. Бу ҳақида Дмитрий Тихонов Би-би-си билан суҳбатда гипириб берди.

Дмитрий Тихонов: Ўзбекистонда фаолият юргизаётган Жаҳон Банки бир неча вилоятларда зироатчилик лойиҳаларининг амалга оширилишига маблағ ажратган. Тошкент вилоятининг Бўка тумани Жаҳон Банкининг сармоялари билан ўз зироатини ривожлантираётган ягона тумандир. Энг муҳими шуки, Жаҳон Банки молиялаган ҳудудда мажбурий меҳнат қўлланмасин, деган шарт билан маблағ ажратади. Бироқ ўтмишдан қолган удумга кўра, Ангрен шаҳри ҳамиша Бўка туманини пахтакорлар билан таъминлаб келади. Мониторинг рақамларимга кўра, пахтакорларнинг 90 фоизи Бўка туманига олиб кетилади. Булар орасида давлат хизматчилари, ишлаб чиқарувчилар, хуллас, давлат корхоналарида ишлаётган одамлар талайгина.

Би-би-си: Сиз мониторинг қилган кунларда қанча одам йиғилгани ва қанча автобусларни кўрдингиз?

Дмитрий Тихонов: Мен Ангренда мониторинг ўтказганимда, бир кунлик пахтага сафабарлик ташкиллаштирилганига гувоҳ бўлдим. Дам олиш кунлари эди. Шаҳар ҳокимияти биноси олдида одамлар йиғилганди. Мен пахта кампанияси қандай ўтаётгани, одамлар билан мулоқотда бўлиш учун у ерга боргандим. Мен гаплашиб бўлганимдан сўнг, икки аёл олдимга келиб, асабийлашган ҳолда менга "Сиз нима сабабдан пахтага қизиқяпсиз? Ким учун маълумот йиғаяпсиз? Ахир, пахта бизнинг бойлигимиз, бизнинг фахримиз эканлигини билмайсизми?" дея бақира бошлашди. "Ватанимизга ёрдам бериш ўрнига, пахта теримига ҳисса қўшиш ўрнига, бизга халақит бераяпсиз", деб айтишди. Қарасам, улар ўта тажовузкор руҳда эдилар, шунинг учун мен орқага қайтдим.

Би-би-си: Эртаси куни сизни милиция ходимлари олиб кетиб, у ерда сизга қўпол муносабатда бўлишган, шундайми?

Дмитрий Тихонов: Мени эртаси куни шаҳар милиция бўлимига олиб келишганида, мени 22-хонада икки оператив ходим теримчилар олдига боришдан қандай мақсад кўзлаганимни сўраб, тергов қилишди. Ўша пайтда кабинетга милиция бошлиғи кириб келди. Устида формаси бўлмаган, ўзини таништирмаган, бироқ мен бу кишини кўп марта УВДда учратганман ва бошлиқлардан бири эканлигини билардим. Хуллас, эшикдан кирмасдан мени сенсираб, сўкиб, жисмоний куч ишлатишга таҳдид қилиб, бақира бошлади. Мен жим ўтирдим. Сўнг у менга яқинлашиб, муштларини кўтарди. Табиийки, мен ўзимни ҳимоя қилмоқчи бўлдим, лекин ўша заҳоти, ўзимни қўлга олдим, агар бирон бир жойига тегиб кетсам, кейинроқ, "милиция ходимларига ҳужум қилди" дея айблашлари мумкин эди. Бундай вазиятда ҳеч нарсани исботлаб беролмайсан. Шуни назарда тутиб, қимирламасдан ўтирдим. Кейин ўша одам қўлига икки юзтача қоғозларни олиб, бошқа икки ходим ҳозирлигида мени юзим ва бошимга ура бошлади. Ураётганда, "пахта бизнинг бойлигимиз, бизнинг фахримиз" деб бақирди.

Би-би-си: Сизга айнан шу сўзларни рус тилида айтдими?

Дмитрий Тихонов: Ҳа, айнан рус тилида, ураётиб, "пахта бойлигимиз ва сен бизга халақит бераяпсан", деди. Уриб бўлгандан кейин, кабинет остонасида менга қараб "нима ҳаққинг бор бизнинг ишларимизга аралашишга?!" деб чиқиб кетди. Хонада гувоҳ бўлган икки ходим, дарров "биз ҳеч нарсани кўрмадик" деб айтишди. Ярим соатдан кейин тез ёрдам машинаси келиб, икки аёл шифокор мени кўрикдан ўтказишди. Мен уларни чақирмагандим, уларни милиция чақирган, ўзларини келажакда сақлаб қолиш учун, ҳимоя қилиш мақсадида.

Би-би-си: Энди сиз нима қилмоқчисиз? Мониторингни ҳозирда тўхтатиб турасизми?

Дмитрий Тихонов: Мени милиция ходимлари ушлаганлари ва калтакланганим борасида ҳозирда адвокатлар билан маслаҳатлашаяпман. Лекин мониторингни тўхтатмайман. Давом эттираман. Бироқ агар кетимдан одам қўйиб, менинг ҳар бир ҳаракатимни пойлаб юришса ва турли пўписалар билан менга халақит беришса, мониторинг натижалари самарали чиқмаслиги мумкин. Мен ҳамиша мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатларни кузатганман ва бу ишларни давом эттираман. Мен билан содир бўлган ҳодиса фаолиятимни тўхтатиш учун асос бўла олмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio