Пахта - 2015: Ўзбек ҳуқуқбонлари тахқирона текширилди

Ҳуқуқ фаоллари далада коллеж талабалари қониқарсиз шароитларда пахта тераётганини айтади Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova
Image caption Ҳуқуқ фаоллари далада коллеж талабалари қониқарсиз шароитларда пахта тераётганини айтади

Мажбурий равишда пахтага чиқариш ҳолатларини ўрганаётган ҳуқуқ фаоллари Ҳазорасп туманида жинсий тахқирланганини айтмоқда. Малоҳат Эшонқулованинг Би-би-сига айтишича, туман Ички ишлар бошқармасига таклиф қилинган гинеколог уларни қип-яланғоч қилган ҳолда жинсий аъзоларидан расм ва аудио туширилган флешка қидирган.

"Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг хонасига ҳар ким киради, турли инфекциялар бўлиши мумкин. Агар текшириш ниятингиз бўлса туман шифохонасига олиб бориб текширинг, деб илтимос қилдим. Лекин ҳеч нарса бўлмайди, деб ўша хонанини ўзида ечинтириб, қўллари ва ускуналар билан пайпаслаб флешка излашди. Гинекологнинг ёнида яна бир аёл ҳам бор эди. Лекин ҳеч нарса топиша олишмади", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Эшонқулованинг айтишича, олдинроқ уларни ушлаш жараёнида бир нечта флешка ва фотоапаратни олиб қўйишган. Аммо ушбу ҳолатни олдиндан сезган фаоллар теримчилар ва уларнинг шароитларини акс этган флешкани маҳаллий одамларга бериб қўйишга улгурган.

"Эътиборимни тортган томони мажбурий меҳнат ва тахқирлашлар оддий одамларнинг жонига шундай текканки, улар ўз хавфсизлигини хатарга қўйиб биз учун флешкани яшириб қўйишга рози бўлишди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshanqulova
Image caption Ҳуқуқ тартибот органи ходимлари теримчиларнинг расмларини излаган

Ҳуқуқ фаоллари ички ишлар бошқармасида 14 соат ушлаб турилган ва сўроқ қилинган. Уларга нисбатан ҳеч қандай айблов илгари сурилмаган.

Эшонқулованинг айтишича, уларни ушлаш жараёнида куч ишлатилган, ҳайдовчининг боши ёрилиб қон оққан. Аммо ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

Фаоллар Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқулова Халқаро Меҳнат Ташкилотининг кузатувчилар гуруҳи мониторинг ўтказган Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида мустақил равишда кузатишга аҳд қилганини айтмоқда.

"Биз билан гаплашган шифокор ва ўқитувчилар ХМТ кузатувчилари келган вақтда нималар содир бўлганини айтиб беришди. Уларга кўра, халқаро ташкилот кузатувчилар келишидан олдин даладаги коллеж талабалари ва шифокорлар олиб чиқиб кетилган. Кузатувчилар келиб кетганидан сўнг улар яна қайтарилган", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ҳуқуқ фаоллари Ҳазорасп туманида коллеж талабаларининг ётоққа пахтага олиб чиқилганига гувоҳ бўлишган. Уларнинг шароитлари ва озиқ овқатлари билан яқиндан танишишган.

Улар Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқаъла ва Беруний туманларида ҳам мониторингни давом эттириш нияти бўлган. Бироқ турли босимлар ва тўсқинликлар ортидан Тошкентга қайтишга мажбур бўлишган.

Ҳазорасп туман Ички ишлар бошқармаси билан боғланишга қилган уринишларимиз бесамар кетди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio