Пахта мавсумидаги автоҳалокатда қурбонлар бор

Ўзбекистонда усти очиқ юк машинада одам ташиш ҳали ҳам қўлланилади Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Ўзбекистонда усти очиқ юк машинада одам ташиш ҳали ҳам қўлланилади

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида юк машинаси ағдарилиб кетиши натижасида пахта теримига кетаётган 10 га яқин киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Уларнинг ичида ўқитувчи онасининг ўрнига пахтага чиққан 15 ёшли ўспириннинг ҳам борлиги таъкидланмоқда.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг маълум қилишича, 20 киши жароҳатланган ва улар Янгиер туман шифохонасига олиб келинган.

Жароҳатланганларнинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

"8 чи совхоздаги ҳашарчиларни ортиб олган юк машинаси рўпарасидан келаётган жигулининг балони чиқиб кетибди. Ғилдиракдан қочаман деган юк машинаси эгаси рулни ўнг томонга буриб юборган. Машинанинг бортида турган ҳашарчилар бир томонга оғиб кетиши натижасида машина бир неча маротаба ағанаб кетган", - дейди "Эзгулик" жамиятининг Мирзаобод туманидаги фаоли Исроил Ризаев.

Мирзаобод туман Ички ишлар бошқармаси навбатчиси автоҳалокат бўлганлигини тасдиқлади. Бироқ қурбонлар сони 10 кишидан камлигини билдирди. Навбатчи ҳалок бўлган ва жабрланган сони борасида аниқлик киритмади.

Ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев ҳодиса рўй берган жойдаги гувоҳларга таяниб маълум қилишича, гувоҳлар машина ағдарилгач 4 жасаднинг ётганини кўрганини айтишган, Янгиер туман шифохонасига келтирилгандан кейин ҳам яна бир неча кишининг ўлгани ҳақида айтилган.

"Бизга келаётган маълумотларда 8 ва ҳатто 10 кишининг ҳалок бўлгани айтилмоқда. Уларнинг ичида онасининг ўрнига ҳашарга чиққан 15 ёшли бола ҳам бор", - дейди Исроил Ризаев.

Ҳуқуқбонга кўра, 8 чи совхоз номи билан машҳур жамоа хўжалиги пахтага ихтисослашган чўл зонасида жойлашган. У ерда ҳашарчиларни Газ-53 каби юк машиналарда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ташиш советлар давридан ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Усти очиқ машинанинг юк бўлмасига 30 гоҳида 50 одамнинг тик турган ҳолда ортилиши айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio