"Қўшнининг қарзи деб бутун уй сувсиз қолмасин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси "Тошиссиққуввати" ишлаб чиқариш бирлашмасига огоҳлантириш хатини йўллаб, бирлашма баъзи хонадонлар қарздорлиги сабаб бутун уйни иссиқ сувдан маҳрум этишга ҳаққи йўқлигини айтган.

Подробно.уз сайтининг "Правда Востока" газетасидан иқтибос келтириб ёзишича, қатор фуқаролар ўз турар жойларидаги иссиқ сув баъзи қўшниларининг қарзи туфайли ўчириб қўйилаётганидан қўмитага шикоят қилганлар.

Рақобат қўмитасининг "Тошиссиққуввати"га йўллаган хатида қарзи бўлмаган хонадонларни иссиқ сувдан маҳрум этмаслик талаб қилинади.

Мақолада айтилишича, охирги тўққиз ой давомида рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига 3,6 мингта шикоят ва аризалар келиб тушган.

Коммунал хизматлар устидан шикоятлар ўтган йилгидан бироз камайган бўлса-да, бу соҳа арзлар рўйхатида 58,2 фоиз билан барибир илғорлик қилмоқда.

Қолган шикоятларнинг 18,9 фоизи савдо ва озиқ-овқат таъминоти, 9,8 фоизи эса транспорт ва алоқа соҳаларига тааллуқлидир.

Коммунал хизматларидаги қарздорлик туфайли кўп қаватли уйлардаги хизматларнинг узиб қўйилиши янги ҳол эмас. Аммо, давлат идорасининг бу тажрибани тўхтатишни талаб қилаётгани янгиликдир.

Муносабат

Ушбу хабар Тошкент шаҳар аҳолиси дуч келаётган ижтимоий муаммолардан бирининг ечими сифатида кўрилиши мумкин.

Бироқ, унга ижтимоий тармоқларда бўлаётган муносабатлар турлича.

Facebook тармоғидаги "Новости Узбекистана" гуруҳи фойдаланувчилари уни бироз шубҳа билан қарши олишган.

"Қанақа яна огоҳлантириш?! Уларнинг огоҳлантиришлари муаммони ҳал қиладими?! Бу эса йиллар давомида ечими топилмаётган муаммоларнинг кичик бир қисми холос!!! Наҳотки шундай кичик бир шаҳарда аҳоли учун қулай яшаш шароитини қилиш қийин бўлса??" дейди Гаяна Аванесян.

Ўз фикрида давом этаркан, Аванесян яна шуни қўшимча қилади: "Афсуски, бу каби хизматларда ўз ишини чинданам ҳалол ва виждонан бажарувчи ишчилар йўқ. Агар бўлсалар ҳам, уларнинг хизматлари назардан четда қолиб кетади ва улар аста-секин қўлларини қўлтиқларига уриб қолаверадилар... Жуда афсус. Жуда ҳам."

Бошқа бир фойдаланувчи эса иссиқлик таъминоти сифатини сўроқ остига олади. "Иссиқликни жуда кеч беришади, батареялар доим совуқ, сизнинг уйингиз иссиқлик трассасининг охирида жойлашган деб айтишади, лекин тўлов мажбурий, нима учун?" деб сўрайди Лолита Аролита.

Баъзи юзерлар эса ташкилотнинг иссиқ сув ва иссиқлик истеъмоли учун тўловларни аҳолидан йиғиб юривчи хизматчилари хатти-ҳаракатларидан арз қилишган.

"Улар ўзларини худди рекетёрлар каби тута бошладилар. Уларнинг бутун ташкилотларини текшириш вақти аллақачон келган," дейди Диля Абдуллаева.

Татьяна Якунина унинг фикрига қўшилиб, шундай дейди: "Улар кўпроқ коллекторларга ўхшашади. Чегара билмаслар."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio