"Пахта пулимиз овқатимизга кетяпти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи talaba.96.lt

Ўзбекистонда давлатга пахта топшириш режаси борасида ахборот ошкор қилинмаётган бир вақтда, далаларда пахта қолмагани айтилмоқда. Би-би-си билан гаплашган теримчилар пахта ўрнига кўсак теришга мажбур бўлаётгани ва терган пуллари овқатланишга аранг етаётганини билдиришди.

Андижон вилоятининг давлатга пахта топшириш режасини бажаргани тўғрисидаги хабар ижтимоий тармоқларда 9 октябр куни чиқди. Бироқ орадан 4 кун ўтган бўлса-да, бу борада расмий хабар чоп қилингани йўқ.

Би-би-си Андижон вилоят ҳокимиятига боғланиб пахта режаси борасида сўраганида, гўшакни кўтарган ходим режа бажарилганини ва нима учун матбуотда чиқмаётганлиги борасида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Ходим давлатга қанча пахта топширилгани ва ҳашарчиларнинг ортга қайтиши борасида изоҳ бермади.

"Далада пахта йўқ, кўcак териб юрибмиз"

Сирдарё вилоятидаги талабалардан бирининг айтишича, пахта режаси тўлган тўлмаганлиги ва яна қанча пахта териш ҳақида теримчиларга ҳеч қандай маълумот берилмайди.

"Бизга яна қанча пахта теришимиз ва вилоят режаси қанча бўлганлиги борасида ҳеч нарса айтишмайди. Фақат пахта териш кераклигини айтишади. Кунлик мажбуриятни бажармаган талабаларни штабда изза қилишади", - дейди талаба.

Унинг айтишича, далада пахта қолмаган. 1 октябрдан бошлаб иккинчи теримга тушишган. Аммо пахта ҳосили озлиги сабаб, одатга зид равишда иккинчи теримни чаноқлари билан териб ола бошлашган. Кунлик мажбурият 80 килодан 60 га туширилган.

"Бир ҳафтадан сўнг чаноғи билан қўшиб терсак ҳам бир кунлик мажбуриятни бажаролмай қолдик. 8 октябрдан бошлаб мажбуриятни 50 килога туширишди ва кўсак қўшиб теришга ҳам рухсат беришди. Энди 40 кило кўсак териб унинг устига 10 кило чаноқли пахта теряпмиз. Аммо меҳнат ҳаққимизга бир тийин ҳам олмаяпмиз", - дейди суҳбатдошимиз.

Маълум бўлишича, терилган бир кило пахта учун 250 сўмдан нарх белгиланган. Аммо турли чиқитлар учун қайтарилгандан сўнг, теримчининг қўлига килосига 230 сўмдан берилади.

Эркин бозордаги курс бўйича бир доллар топиш учун 21 кило пахта теришингизга тўғри келади.

Терилган пахтадан теримчиларнинг кунлик овқати учун 6 минг сўмдан уриб қолинади.

"Нонуштага ҳафтада бир марта сариёғ, қолган вақтлари буханка нон ва шакар чой беришади. Тушлик ва кечки овқатга макаронли ва гуруч шўрвани ҳар куни ўрнини алмаштириб пиширишади. Овқатнинг таъми умуман йўқ. Пайшанба ва якшанба куни палов дамлашади", - дейди талаба.

Теримчилар иккинчи теримга ўтиши билан меҳнат ҳаққини олиш имконсиз бўлиб қолган. Уларнинг топган пули фақат овқатига етмоқда.

"Фақат қорнимиз тўйиши учун ишлашга мажбурмиз. Чунки биз тераётган кўсак ва чаноқли пахта лабораториядан ўтканидан сўнг кўпи чиқитга чиқиб кетаётган экан. Қўлимизга пул бермай қўйишди", - дейди талаба.

"Одам ёлласак ҳам ишга чиқяпмиз"

Пахтага чиқариш мажбурий тус олар экан, ташкилот ходимлари теримга чиқмаган тақдирда ўз ўрнига одам чиқариши мажбурий қилингани айтилади.

Бироқ ушбу мажбуриятни бажарганлик билан ходим ишдан озод қилинмаяпти.

"Пахта теримига пул ёллаб одам чиқарсак ҳам, якшанба куни ҳам ишга чиқишимизга тўғри келяпти. Раҳбариятнинг айтишича, кўпчилик пахтада бўлганлиги боис асосий ишимиз қолиб кетаяпти ва ўрнини тўлдириш учун дам олишсиз ишлаяпмиз. Ташқаридан қарасангиз, бир маошга икки одамнинг ишини қиляпман. Ҳам пахтага одам ёлладим, ҳам ишхонада ишлаяпман", - дейди шифокорлардан бири.

Пахта кампанияси авж олаётган бир маҳалда ижтимоий тармоқларда ўтган йиллари кузатилмаган ўзига хос норозикликни кўриш мумкин.

Facebook ижтимоий тармоғида фикр билдирган ва Ўзбекистонда яшаётганини билдирган фойданувчилар пахта сиёсатини сўроқ остига ола бошлашган.

"Муаммо нима сабабдан пахта теримига одамлар мажбурий чиқарилаётганида. Даромадини фермер кўрадими? Фермер терсин! Бир ўзи эплай олмайдими? Унда пулини тўласин! Пули йўқми? Пахта экмасин! Қанақасига пахта бойлик, агар ўз теримига пул етказиб беролмаса? Ўзбекистон фуқароси пахта теришга мажбур деган қонун борми? Пахта бозор шарт шароитларига мос равишда ўстирилиши ва сотилиши керак!!! Пахта ризқ - рўзимиз, бойлигимиз эканлигини менга исботлаб кўрадиган борми?", - дейди Алишер Абдужаббаров.

Айримлар пахта миллий бойлик эканлиги ва уни териб олмасликка чақириш, сиёсий норозилик вазиятнинг издан чиқишига олиб келишини ёзган.

Бироқ давлатнинг пахтага мажбурий-ихтиёрий чиқариши ёки оммавий равишда пахта етиштириш Ўзбекистон иқтисоди учун фойдали эканлигини далиллар билан кўрсатиб бермаган.

"Барака топгурлар, пахта теришдан бош тортишим мани Ватанимни севмаслигиммас. Мантиқни бунақа тушуниш нотўғри. Кимдир бориб мажбуран пахта териб Ватанини севса ман пахта теришдан бош тортибам Ватанимни севавераман. Зато қўлларим қадоқ бўлмайди", дейди Dilnur Kamilov.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio