Ўзбекистон Зимбабве ва Сомали сафида

Ўзбекистонда бешикдан қабргача порахўрлик авж олгани айтилади
Image caption Ўзбекистонда бешикдан қабргача порахўрлик авж олгани айтилади

Ўзбекистон - дунёдаги коррупцияга энг кўп ботган 10 давлатнинг бири.

Transparency International ташкилоти томонидан эълон қилинган рўйхатда Ўзбекистон Африканинг Зимбабве каби давлатидан ҳам пастга қўйилган.

Рўйхатнинг энг пастида Сомали ва Шимолий Корея давлатлари турибди.

Ўзбекистон эса қўшниси Туркманистондан битта юқори. Қуйидан ҳисоблаганда 8-ўринда турибди.

Шу асно Ўзбекистон энг коррупциялашган "кучли" ўнталикка кирмоқда.

Дания, Янги Зеландия ва Финландия давлатлари коррупция деярли йўқотилган, энг тоза мамлакатлар рўйхатини бошқариб турибди.

Иқтисоди шиддат билан ривожланаётган Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Мексика, Индонезия, Нигерия ва Туркия ҳам коррупция илдиз отган давлатлар қаторига киритилган.

Transparency International нодавлат ташкилоти раҳбари Хосе Угазнинг Independent нашрига айтишича, иқтисоди тез ривожланаётган давлатлар шаффоф бўлиш кераклигини рад этишади ва коррупцияга тоқат қилишади.

Нопок амалдор ва ширкатлар ўзларининг жазога тортилмасликларини билгач, коррупцион маданият шаклланади.

Ўз-ўзидан у мамлакатда кейин коррупция гуллаб яшнайди.

Бешикдан қабргача - коррупция

Кузатувчилар Ўзбекистоннинг энг коррупциялашган ёки нопок давлатлар сафида туриши ҳақиқатни акслантиради, дейишади.

Мамлакатда коррупциянинг нақадар чуқур илдиз отганини ҳар қадамда кўриш мумкин.

Ўзбекистондаги қонунлар эса ҳамма учун бирдек ишламайди ва бу ижтимоий адолатсизликка сабаб бўлаётгани айтилади.

Би-би-сига мурожаат қилган ўзбекистонлик бир мухлис, мамлакатда бешикдан тортиб қабргача порахўрлик авж олганини урғулайди.

Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари ва президент онда-сонда авж олган порахўрлик, коррупция ҳамда таъмагирлик ҳақида баланд минбарлардан гапириб туришади.

Аммо кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда коррупцияга қарши самарали кураш кўринмайди ва аслида юқори мартабали амалдор ҳамда раҳбарлар ёки уларнинг оила аъзолари коррупцияга ботгани хусусида бот-бот иддаолар янграб туради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ