Ўзбекистон пахта плани бажарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Дея эълон қилган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев. Бу ҳақда Бош вазир Тошкентда очилган пахта ярмаркасида гапирган.

Ўзбекистон ва Россия нашрларининг хабар қилишларича, ўн биринчи марта Тошкент шаҳрида ташкиллаштирилган халқаро пахта ва текстил ярмаркасининг очилиш маросимида Бош вазир Мирзиёев маъруза қилган.

Ўз чиқишида жаноб Мирзиёев Ўзбекистон ҳукумати режалаган йиллик план бажарилганини маълум қилган.

Бош вазир сўзларига кўра, териб олинган ҳосилнинг 98 фоизини олий ва биринчи навли тола ташкил қилган.

Оммавий ахборот воситалари бу йилги давлат режаси 3 миллион 350 минг тонна қилиб белгилангани ҳақида хабар тарқатганлар.

Ўтган йили ҳукумат фермерлар учун шартнома мажбуриятини 3 миллион 400 минг тонна этиб белгилаганди.

Бундан 1 миллион 200 минг тонна атрофида тола чиқади деб кутилади.

Шундан 550 минг тоннасини Ўзбекистон ҳукумати қайта ишланган маҳсулот эмас, яна тола сифатида хорижга экспорт қилишни режаламоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Ўзбекистон ҳукумати қарийб 20 йилдан буён мамлакатда етиштирилган пахта толасининг 60 ёки 70 фоизини Ўзбекистоннинг ўзида қайта ишлаш ниятида эканини эълон қилиб келади.

Бироқ ҳамон Ўзбекистон ўз пахтасини четга асосан хомашё сифатида сотаётган мамлакат бўлиб қолмоқда.

Пахта ва дон харид нархларини эркинлаштириш, фермерларга эркинлик бериш чақириқларини ҳукумат рад этиб келади.

Бунинг натижасида пахта ва ғалла етиштириш ўзбекистонлик фермер учун даромад келтирмайдиган соҳа ҳисобланади.

Пахта таннархи арзонлигини таъминлаш мақсадида ёшу-қари сентябр-октябр ойларида пахта далаларига "ҳайдалди".

Бу йил ҳам Халқаро Меҳнат Ташкилоти Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаганига ишонч ҳосил қилиш мақсадида мониторинг ўтказди.

Кузатувчилар борган далалардан ўз ихтиёрига қарши пахта теришга олиб чиқилганлар қайтариб олиб келинди.

Бу йилги мавсумда фоҳишалар ҳам пахта даласига олиб чиқилгани ва чаноқларга пахта ёпиштириб чиқилгани дунё матбуоти саҳифаларига ҳам чиқиб кетди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshanqulova

Йўл қўйилаётган мажбурий меҳнат туфайли Жаҳон Банкидан Ўзбекистонга молиявий ёрдамни тўхтатиш талаблари ҳам янгради.

Бу йил ҳам пахта терими инсонлар ўлимига олиб келди.

Мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлашга қарор қилган ҳуқуқбонлар таҳқирона текширилдилар.

Ўзбекистон ҳукумати СССР замонига қиёс бўлмасин учун "план" сўзини қўллашни тақиқлаган.

Аммо моҳиятан пахта кампанияси Шўро замонидан ҳеч фарқ қилмайди.

Тобора кўп кузатувчилар Ўзбекистон пахтасидан халққа эмас, "юқоридаги амалдор"га фойда, деган хулосага келмоқдалар.

Бундай хулосага бирор марта ҳам Ўзбекистон парламентида йиллик бюджет муҳокама қилинаётган пайтда пахтадан қанча даромад тушгани ва бу даромад қайси мақсадларга сарфлангани кўрсатилмагани ундайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ