МХХ полковниги гиёҳванд савдосида айбланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи 12news.uz
Image caption Топилган картиналар орасида Федор Васильев (1850-1873) нинг "Қрим манзараси" асари ҳам бор

Ярим расмий 12news.uz нашрининг хабар беришича, аввалроқ коррупцияда айбланиб, ҳибсга олинган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати полковниги Юрий Савинков гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосида ҳам гумон қилинмоқда.

Нашрнинг МХХ ходими Лазиз Ибодхўжаевдан иқтибос келтиришича, Савинков мансуб бўлган "уюшган жиноий гуруҳ" Ўзбекистондан Россияга ноқонуний экспорт ва гиёҳванд моддалар (героин) трафики билан шуғулланиб келган.

"Ноқонуний йўллар билан топилган маблағлар кўчмас мулк, қимматбаҳо машиналар ва санъат асарларига сарфланган", - дея Ибодхўжаевдан иқтибос келтиради 12news.uz нашри.

Аммо МХХ вакили Савинковга қўйилган гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига доир айблов тафсилотларини бермаган.

Ўзбек махсус хизматларининг гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлиги ҳақидаги иддаолар бундан аввал Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ва ўзбек мухолифат нашрлари томонидан илгари сурилган.

Шунингдек, аниқ исмлар келтирилмаган бўлса-да, бу каби иддаолар АҚШ дипломатларининг Викиликсга сизган ёзишмаларида ҳам тилга олинган.

Халқаро полиция ташкилоти-Интерполнинг Ўзбекистондаги шўъбаси раҳбари ҳам бўлган 56 ёшли Юрий Савинков шу йилнинг 17 августида Москвада ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга топширилганди.

Ўғирланган картиналар

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон давлат санъат музейидан ўғирланган 32 картина МХХ полковниги Юрий Савинковнинг "шахсий коллекцияси"дан топилган.

Савинков 19-20 асрларга оид ушбу картиналарни ноқонуний йўллар билан хорижга олиб чиқишни режалаган бўлгани айтилади.

Ҳозирда картиналарнинг ҳаммаси давлат музейига қайтарилгани айтилади.

Ўтган ой Ўзбекистон телевидениеси Тошкент ва Нукусдаги санъат музейларидан қимматбаҳо санъат асарлари ноқонуний сотилгани ҳақидаги лавҳани намойиш этган.

Унда Ўзбекистон Давлат санъат музейи қўриқчиси "умумий ҳисобда 47 ярим миллиард сўмлик" картиналарни ўғирлагани ҳамда қалбакилаштиргани айтилганди.

Лавҳада номи келтирилган коллекциячилардан Тоир Тоиров Би-би-си билан суҳбатда ўзига қарши илгари сурилган иддаоларни рад этган.

Давлат санъат музейи ходими "қидирувдаги Россия фуқароси" Тоир Тоировга 7та картинани "5100 долларга" сотганини айтган эди.

Лавҳада номи тилга олинган Қорақалпоғистондаги Савицкий музейининг собиқ раҳбари Мариника Бобоназарова эса коллекциядан қимматбаҳо асарларни ўғирлагани ва уларни сохталари билан алмаштиргани борасидаги айбловларни "асоссиз" ва "бемаъни" дея рад этган.

Шу йил августида Қорақалпоғистон Маданият вазирлиги музей директори Мариника Бобоназаровани тўсатдан ишдан бўшатганди.

Ўзбекистон давлат музейидан ғойиб бўлган нодир картиналар 2012 йилда Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцариядаги уйидан ҳам топилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio