"Минор" гумбази сирти бир йилга етди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ferghana.ru
Image caption Мустақиллик иншооти: "Минор" масжиди гумбази қопламаси бир йилга етиб-етмади.

Тошкентдаги машҳур "Минор" масжиди гумбази қопламаси ўпирилиб тушган. Фойдаланишга топширилганига бир йил бўлган масжид гумбази кошини пойтахтга ёққан ёмғир натижасида кўчиб тушгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда масжид гумбази қопламасининг ярми ўпирилиб тушганини кўриш мумкин.

"Минор" масжиди президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан қурилган ва 2400 намозхонни ўз ичига сиғдира олади. Масжид 2014 йилнинг 1 октябр куни фойдаланишга топширилган.

Масжиднинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши ижтимоий тармоқларда катта ҳодиса сифатида талқин қилинганди.

Маҳобатли масжид маҳаллий сайёҳларнинг зиёратгоҳларидан бирига айланган.

Бир йил фаолият юритган масжиддаги бу каби бузилиш мустақиллик йилларида қурилаётган иншоотларнинг сифатини савол остига олган.

Facebook даги "Водители Ташкента" гуруҳи масжид гумбази қопламасининг тушиб қолишини қурувчиларнинг сифатсиз ишлаши билан боғлаган.

"Боболаримиз 500 йил олдин қуриб кетган бинолар турибди, бу эса...", - дейди Behzod Khojaev.

Унга David Galustyan "олдин виждон кўпроқ бўлган", - дея жавоб берган.

Айрим фойдаланувчилар ушбу бино Ўзбекистоннинг юзи эканлигини ва усталарнинг масъулиятсизлигини кечириб бўлмаслигини айтган.

Fergana.ru сайти сўнгги йилларда президент Ислом Каримов ташаббуси билан қурилаётган бинолар тезроқ топшириш мақсадида шошма-шошарлик билан қурилаётганига эътибор қаратган.

"Мисол учун, 2002 йили Каримов ташаббуси билан Тошкентда консерваториянинг янги дабдабали биносини қуришди. Ўша йилнинг ўзида концерт қўйилаётган бир маҳалда ташқарида қуйган жала натижасида бинога шариллаб сув оққанини мусиқа шинавандалари яхши эслайди. Сув мусиқачиларни босиб қолишига бир баҳя қолганди", - деб ёзилади сайтда эълон қилинган мақолада.

Мустақиллик даврида қайта қурилган Урганч шаҳридаги "Ёшлар кўли"да кўприк панжараси қулаши натижасида қурбонлар берилганди.

Ўзбекистон Совет иттифоқидан ажралиб чиққанидан сўнг ётқизилган Тошкент вилоятидаги марказий газ қувурида қаттиқ портлаш рўй берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ