Ўзбекистон: Ҳижобга қарши кураш шеърий танқидга учради

Ўзбекистонда аёлларнинг ҳижоб ўраб юришларига қарши чекловлар ижтимоий тармоқларда шеърий танқидларга тутилган.

"Ишларимга бегоналар суқилмасин," дея янграган шеърнинг навбатдаги мисраси шундай: "Рўмолимни рўмоли йўқ гапирмасин".

Ижтимоий тармоқларда чоп этилган юқоридаги каби шеърлар ўзбек интернет фойдаланувчилари орасида сўнгги ойларда кенг тарқалди.

Афтидан, фаоллар Ўзбекистондаги ҳижобга қарши давом этаётган тазйиқларқа қарши қалам билан курашиш йўлини танлаган кўринадилар.

Ундан кўра Фотошопда қўйиб кўринг, Соч ва қулоқ унда асло кўринмасин. Рўмол ўраш аёлга хос билиб қўйинг, Рўмолимни рўмоли йўқ гапирмасин...

Бошқа бир шеърда эса жинс шим кийган ва пардоз-андоз қилиб, кўчадаги эркакларни ўзига жалб этган аёллар танқид остига олинади.

Муаллиф оврўпоча кийиниш услубидан исломий либосни устун қўяди.

Европача кийимдан,

Исломийси яхши-ку.

Рўмол ила ҳижоблар,

Қизларимиз нақши-ку."

'Миллий кийим'

Мавзу ижтимоий тармоқларда турли хил изоҳларга ҳам сабаб бўлди.

"Аллоҳ учун сизга илиндим" гуруҳида чоп этилган суратда "Ҳижоб арабларнинг миллий либосими?" деган савол ўртага ташланади.

Жавобига шундай изоҳ қолдирилган: "Ҳижоб арабларгагина тегишли урф-одат эмас! Ҳар бир афифа ва маъсума аёлнинг асл либосидир ҳижоб".

Facebook фойдаланувчиларидан бири ҳижобни "Оналаримиз кийиб юрган 'ўзимизнинг миллий кийим'" дейди.

Паранжидаги аёл расмини жойлаган бу фаол, "арабларнинг миллий либоси" ташвиқотига қарши қуйидагиларни қўшимча қилади: "100 йил балки 80 йил олдин, момоларимизнинг 'ҳижоб'лари мана шундай бўлган. Ўша кунда аёллар, бундан бошқа кўринишда кўчага чиқишган эмас!".

Яна бир фаол машҳур "Суюнчи" фильмидан олинган суръатни Facebook тармоғига юклаб, истеҳзо билан ушбу изоҳни қолдирган: "Анзират буви 'арабларнинг кийимида'".

Ҳур фикр майдони

Ҳижоб Ўзбекистонда расман тақиқланмаган, бироқ кейинги вақларда, милиция рўмол ўраган аёлларни тўхтатиб, рўмолларини ечишни ёки "ўзбекча танғиб олиш"ни талаб қилаётгани ҳақида хабарлар олинган.

Ойнаи жаҳондаги кўрсатувлар ва давлат томонидан молияланган филмларда ҳижоб "Арабларнинг кийими" дея талқин қилинади.

Image caption 'Анзират буви арабларнинг кийимида'

Авторитар тузумлар амал қилаётган ва кўпчилик аҳолисини мусулмонлар ташкил қилган Марказий Осиё давлатларида ҳижобга қўйилган расмий ва норасмий чекловлар одат тусига кириб қолди.

Минтақадаги давлатлар ўз ҳудудларида исломий экстремизм кучайишидан ҳадиксираб қолишган ва ўсиб бораётган ИД фитнасидан хавотирдалар.

International Crisis Group минтақадан тахминан 4000 одам ИДга қўшилганини айтган.

Мухолифат ва баъзи халқаро янгиликлар вебсайтлари, жумладан BBC Ўзбек Хизмати вебсайти Ўзбекистонда ёпиб қўйилган.

Шундай тўсиқларга учрамагани боис, ижтимоий тармоқлар ҳур фикр майдонига айланиб бормоқда ҳамда ўзига кўпчиликни жалб қилаётир.

Ўзбекистондан ижтимоий тармоқларга кирувчилар сони жуда кўп эмас, йил бошида бу кўрсатгич тахминан 360 мингни ташкил қилиши айтилганди.

Бу тахминан аҳолининг бир фоиздан кўпроғи ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини англатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio