8% лик ўсиш СССРдан қолган қўшиб ёзишми?

Ўзбекистон ҳукумати мажлисида эълон қилинишича, мамлакатда 2015 йил учинчи чорагида ҳам 8 фоизлик иқтисодий ўсишга эришилган.

19 октябр куни Тошкентда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистоннинг Ялпи Ички маҳсулоти 8,0 фоиз кўпайгани қайд қилинган.

Давлат назоратидаги матбуот хабарларида айтилишича, бунга иқтисодни ривожлантиришнинг "ўзбек модели" асосида амалга оширилаётган сиёсат натижасида эришилган.

"Жаҳонда давом этаётган иқтисодий инқирозга қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланаётганлиги қайд этилди", дея хабар қилади ЎзА ахборот агентлиги.

Ҳукумат мажлисида келтирилган расмий рақамларга кўра, 2015 йилнинг уч чораги давомида "748700 та янги ишчи ўрни ташкил этилган", "аҳоли турмуши сифати ва даражаси янада оширилган".

Бунинг мисоли сифатида 1 сентябрдан Ўзбекистонда маош, пенсия ва стипендиялар 1,1 марта оширилгани келтирилган.

Ўзбекистон статистик маълумотларни давлат сири деб кўрадиган мамлакат ҳисобланади ва ҳукумат мажлисида ёки юқори мансабдаги мулозимлар эълон қилган расмий рақамларни мустақил иқтисодий экспертлар томонидан таҳлил қилишнинг имкони йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Иқтисодий ўсиш мамлакатида таппига қайтилмоқда

Шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш, 1 миллион янги иш ўринлари барпо этилгани борасидаги расмий баёнотлар савол остига олинади.

8 фоизлик ўсиш хабари ҳам Россия Марказий банки меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга юбораётган пул ўтказмалари камайиб бораётганини хабар қилаётган, Россиядаги иқтисодий вазият миллионлаб ўзбекистонликларни ватанга қайтишга мажбур қилаётган пайтга тўғри келганига эътибор қаратилмоқда.

Куни-кеча эса Хитой иқтисодий ўсиши 2015 йилнинг учинчи чорагида 6,9 фоизни ташкил этгани ҳақидаги хабар бутун дунё оммавий ахборот воситаларининг диққатига тушди.

Хитойда ҳам Ўзбекистондек охирги 30 йилда фақат иқтисодий ўсиш кузатилмоқда, 2007 йилгача ЯИМ йиллик ўсиши 11 фоизни ташкил этди.

Бундай ўсиш "иқтисодни қиздириб юбориш" салбий оқибатларига етаклаши мумкинлигидан Хитой раҳбарияти йиллик ўсиш суръатини пасайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Бу йил Пекин иқтисодий ўсиш 6,9 фоиздан ҳам кам бўлишига хурсанд бўлишини айтган.

Навоий вилоятида мармар ишлаб чиқариш корхонасига раҳбарлик қилган тадбиркор Муҳаммадёқуб Ҳамроевнинг айтишича, Ўзбекистонда ўсиш ҳақидаги расмий маълумотлар ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳисобига эмас, маҳсулот нархи ҳисобига бўлмоқда.

Бу худди пахта ортилгани айтилган бўш вагонлар Россияга бориб-келган қўшиб ёзишга ўхшайди, дея қиёслайди Муҳаммадёқуб Ҳамроев.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ