Швед прокурори: "Жуковскийга қарши қатъий далилларимиз бор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Швецияда таниқли ўзбек имоми Обидхон Қори Назаров жонига суиқасд уриниши юзасидан олиб борилаётган тергов жараёни охирига етмоқда.

Прокурор Кристер Петерсоннинг айтишича, маҳкама ноябр ойи охирларида бошланиши мумкин.

Суиқасд уринишини амлага оширишда гумон қилинаётган шахс, Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский шу йил август ойи охирида Россиядан экстрадиция қилинганди.

Суиқасд уриниши 2012 йил 22 феврал куни Обидхон қори Назаров ўз уйи йўлагида пешин намозига кетаётган вақти амалга оширилган.

Прокурор Кристер Петерсон Би-би-си Ўзбек хизмати билан тергов тафсилотларини ўртоқлашди.

Кристер Петерсон: Бугун Жуковский иши бўйича навбатдаги маҳкама тингловида уни ҳибс остида ушлаб туриш ва тергов ишини якунлаш учун яна 2 ҳафта мухлат берилди. Биз тергов жараёнининг охирига етиб қолдик. Жуковский билан яна баъзи суҳбатларни ўтказгандан сўнг мен унга қарши айбловларни илгари суриб, ишни маҳкамга оширишга тайёр бўламан. Умидим шуки, унинг устидан маҳкама жараёни ноябр охири, декабр бошларида бошланади.

Би-би-си: Жуковскийнинг Швецияга экстрадиция қилинган вақтдан бери икки ойдан ошиқроқ вақтда тергов қандай маълумотларга эга бўлди?

Кристер Петерсон: Менинг фикримча тергов томонида анчайин қатъий далиллар бор. Қўлимизда техник далиллар, унинг кимлар билан гаплашгани рўйхати, жиноят еридан топилган рюкзак ва қуролдаги ДНК маълумотларини текшириб кўрдик. Бу далиллар анчайин қатъий деб ҳисоблайман.

Би-би-си: ДНК текширувлари қандай натижа берди, унинг ДНКси жиноят еридан топилган рюкзак ва қуролдаги ДНКга тўғри келганми?

Кристер Петерсон: Биз аввал ҳам билган эдикки, жиноят содир этилган шаҳарчадаги ижарга олинган хонада яшаган шахс қолдирган ДНК маълумотлари жиноят ерида қолдирилган рюкзакдаги ДНКга мос эди. Жуковский Швецияга етиб келганидан кейин ундан ДНКси олиб текширилганда ўша ижардаги хона ва рюкзакда қолдирилган ДНКга мос тушди. Обид қорига суиқасд урунишида ишлатилган қуролдан ДНК маълумоти топилмаган, лекин бу қурол ўша рюкзак ичида эди.

Би-би-си: Жуковский телефон орқали боғланган шахсларни ҳам аниқладик дедингиз, улар кимлар экан?

Кристер Петерсон: Улар бу иш билан боғлиқ маҳкамага тортилган, лекин оқланган икки шахс ва Швециядаги яна бир шахс билан боғланган. Биз уни ҳам сўроқ қилдик. У шунингдек Москвадаги бир рақам ва Ўзбекистондаги 2-3 киши билан ҳам боғланган. Лекин улар кимлар, турмуш ўртоғими ёки бошқаси, биз билмаймиз. Чунки Ўзбекистон томонига бу борада юборган қатор сўровномаларимизнинг ҳаммаси жавобсиз қолган. Дастлабки сўровни 2013 йилнинг феврал ойида жўнатгандим. 2013 йил июн ойида Ўзбекистон томонидан бу сўровларни қайси қонунуий асосда юбораётганим ҳақида мактуб келди. Бу мактубни Олмониядаги элчихонага юборишган, элчихона Швеция Ташқи Ишлар вазирлигига оширган ва вазирлик менга. Ишонишимча, мактуб Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан юборилганди. Мен ҳамма қонуний асосларни очиқлаб, уларга жавоб ёздим. Шундан сўнг қайта-қайта юборган сўровномаларимга умуман ҳеч қандай жавоб бўлмади.

Би-би-си: Демак Ўзбекистон томони тергов жараёни очилгани ҳақида билишган, илк саволларни бериб буни аниқлаштиришган ва шундан сўнг ё қизиқишни йўқотишган, ё ўзларини узоқ тутишга қарор беришган?

Кристер Петерсон: Мен ҳатто Ўзбекистон учун масъул Швеция элчисидан икки маротаба бу масалани кўтаришни сўрадим, у менинг илтимосимни бажарган, лекин барибир бирон жавоб олмаган. Мана шу ҳолат менда суиқасд урунишини амалга оширган шахс Ўзбекистон томонидан юборилганлиги ҳақидаги шубҳа-гумонларга етакламоқда.

Би-би-си: Жуковскийнинг ўзи ДНК ва бошқа далилларни қандай тушинтиряпти? Воқеаларнинг ўз талқини борми унда?

Кристер Петерсон: Қисқа жавоб шуки, у ҳеч қандай изоҳ бераётгани йўқ. Фақатгина айбини рад этмоқда. Лекин менинг фикримча, унга қарши далиллар анчайин қатъий.

Би-би-си: Тергов жараёнида муттасил равишда унинг ҳимоячиси борми?

Кристер Петерсон: Ҳа, Швеция қонунларига мувофиқ бировга нисбатан жиноий иш очилиши билан маҳкама томонидан унга ҳимоячи тайинланади. Жуковскийнинг ўзи бошқа бирон ҳимоячини ёллаш истагини билдирмаган. Ноябр ойи бошларида мен тергов жараёнини охирига етказиб, маҳкамага топшираман, кейин Жуковский ва унинг ҳимоячисига тергов хулосаси билан танишиб чиқиш учун вақт берилади ва улар маҳкамага тайёр эканликларини маълум қилишлари билан маҳкама жараёни бошланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio