Паркентда варақа тарқатган ўсмир 9 йилга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи zhurnal.lib.ru

Ўзбекистон матбуоти хабар тарқатишича, шу йилнинг апрел ойида пойтахт Тошкентга яқин Паркент туманида "Исломий Давлат" варақаларини тарқатган 18 ёшли Фирдавс Салимовни маҳкама 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Хабарларда Фирдавс Салимовнинг Паркент Транспорт ва хизмат коллежи талабаси бўлгани хабар қилинади.

12news.uz веб-сайти хабар қилишича, айбланувчи аввал "Ўзбекистонга душман хорижий оммавий ахборот воситаларининг таъсирига тушиб қолган, сўнг "Исломий Давлат" аъзолари билан Интернетда танишган.

"Унинг отаси шу коллежнинг ўқитувчиси бўлган ва у ўғлига ноутбук сотиб олиб берган. Интернет ёрдамида ўғлим инглиз ва рус тилларини ўрганади, деб ўйлаган. Фирдавс маҳкамада аввал Ўзбекистонга душман хорижий ОАВ таъсирига тушиб қолганини, кейинроқ Интернет орқали экстремистик ташкилот вакиллари билан танишганини тан олди. Бора-бора ИДга алоқадор виртуал танишларидан буйруқлар ола бошлаган", деб айтган Олий Суд вакили 12news.uz веб-сайтига.

Паркентлик ўспирин Интернетдаги материаллар асосида ИД варақаси ва байроғини ясаган ва айрим мактаб ўқувчиларининг ёрдамида варақа ва байроқларни 29-ўрта мактаб, 18-боғча ва Транспорт ва хизмат коллежи дарвозаларига осиб чиққан.

У маҳкамада ўз айбини тўла бўйнига олгани хабар қилинган.

"У яна ўз тенгурларига мақтанган ҳам, қандай қилиб ҳамқишлоқларини асабий қилиб, тинчини бузгани ҳақида. Суд уни 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бундан ташқари, ундан 9 миллион 935 минг сўмлик моддий ва маънавий зарар ундирилди", деб айтган Ўзбекистон Олий Суди вакили 12news.uz веб-сайтига.

Апрел ойи охирида Тошкент вилоятининг Паркент тумани Ҳисорак қишлоғида диний мазмундаги варақалар топилгани ҳақида хабар тарқалган.

Бунинг ортидан бутун Паркентда йирик амалиёт бошланган, амалиётга юзлаб милиция, махсус кучлар ва ҳарбий техника жалб этилганди.

Амалиётлар сўнггида уч киши ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ