"Доллар, 10 мингга кириб ўлиб кетгин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўтган ҳафта кўпчиликнинг оғзида шов-шув бўлиб 6 минглик довонни забт этган долларнинг бу ҳафта сал ҳовури босилгандек. Шу кеча-кундузда 1 АҚШ доллари эркин бозорда 5700 сўмдан сотилмоқда.

Доллар нархи 6000 сўм маррасини забт этишини қарши олган ўзбекистонликлар бу сафарги "доллар бозори ўйинлари"ни ҳам танқид билан қарши олишди.

Кейинги пайтларда ўзбекистонлик орасида танилиб қолган dollaruz.com сайти фойдаланувчилар кўплигидан маълум муддатга ишдан чиқиб қолиб фаолиятини юритмоқда. Ушбу сайтда бир қанча изоҳлар қолдирилган. Айрим изоҳлар таҳрирсиз берилмоқда.

hard_1 номи остида қуйидаги изоҳ қолдирилган: "Бу кетиши яхши эмас, нарх-наво осмон бўлади".

Dss шундай деган: "Нафас омасдан ошяптими? Э ўша оширганни .....".

Stalin номи билан изоҳ қолдирган фаол йилнинг охиригача доллар нархи 6,000 сўмдан ошишини таъкидлаган. "Доллар 32 рубль бўлганида, бизда 3,000 сўм эди... Энди ҳисоблаб кўринг. Билиб қўйинг, у вақтда бизнинг гастарбайтерлар у ерда (Россияда) анча-мунча эди".

Boss original шундай қўшимча қилган: "икки баробар, жудаям фарқи катта давлат курси билан кўчада".

Фаоллар орасида сабрга чақирганлар бор. boymurod - "Ҳаммелага сабр тилиман. Долларни ўйлаб сиқилманглар, яшашда давом этинглар".

Бу вазиятда тушинчаси йўқлардан бирининг изоҳи: "Хеч тушунмаяпман, валютчиклар қанақа қилиб фойда топади, доллар ошишидан. Бир иккита валютчиклар билан гаплашсам вобщее эзворди, доллар ошиши, ишлаб бўмаяпти дейишади. Кимга ишониш керак. Тушунадиганлар тушинтириб берилар".

Muhammad81 шикоят ҳақида сўз очган: "Ҳамма бир бўлиб электрон порталга шикоят ёзса ёки президент номига хат ташалса, ўзгариш бўлармикин".

botya00 номлик фойдаланувчи доллар ошиши боис савдода барака учганидан нолиган. "Курс тез ўзгариши хисобига савдода барака бўлмаяпти," деб айтган ушбу фаол.

Ҳазил аралаш, Mufazzalsho - "ДОЛЛАРжон сени ҳам барибир бир кун ўладиган кунинг бордир..." деб қўшимча қилган.

"Америкага бориб камаз камаз доллар олиб келиш керак," деб айтган 4000.

antidollar долларнинг "қора бозор" нархини ким белгилашини савол остига олган. "Кўчади нарх қаердан олишади ким билади... Ва нима сабаб бўлади кўтарилишга...".

"Доллар ошиб кетгани тенгени девальвация бўлгани учун бўлаяпти, менимча янги йилгача 7,000га бориб тўхтайди, агар юқоридагилар чора кўришмаса," дея огоҳлантирган maston.

АҚШ доллар нархи душанбу куни паслай бошлаган. Бу сайтда ўзбеклар доллар тушаётганини мухокама қилишган.

Жумладан, Anvar3 шундай деган: "Хали тушади яна, шунчаки кеча вахимада ҳамма доллар сотиб олди. Бугун энди 'эх адашибман' деб ўтиришади".

Умид билан ўз фикрини билдирган Obid6793 мана буни қўшимча қилган: "Ман ишонаман что бизани ўзбеклар шу доллариям синдиришади. Бу вақтинча иншаоллох, ҳаммаси изига тушади хали, юқоридагилар бунга бир нарсалар ўйлаб қўйишгандир, давлатимиз бун ҳам хисобга олган".

"Ҳамма ерда инқироз, бизда эса ўсиш"

Қолаверса, ўтган ҳафта эълон қилинган тўққиз ойлик давлат ҳисоботи ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг анча аччиғини келтирган кўринади. Ҳисоботда Ички Ялпи Маҳсулот (ИЯМ)нинг 8 фоизга ошганлиги киноялар билан киноялар билан кутиб олинган.

Gazeta.uz вебсайтида эълон қилинган давлат хисоботига қуйидаги изоҳлар қолдирилган. Rustam Normuradov - "Хўп яхши.. Қаршилик кўрсата олмайсан.. Мана савол. Нимага биз долларга бунчалик тобеъмиз? Доллар хамиртуруш солинганга ўхшаб ошмоқда. Импорт қилинаётган товарлар нархи ошди. Биз ўз товарларимизни экспорт қилмаймизми. Унда улар қаерга кетяпти".

Ялпи ички махсулотни тўққиз ойда саккиз фоиз ошганига нисбатан, "Потребитель плюс" Facebook гуруҳида Sergey Chernitsky шундай деган: "Шу аҳамиятга моликки... Ҳамма билади буни ёлғонлигини...".

Mukhammadjon Yunusov шуни қўшимча қилган: "Ҳаммаёқда бўхрон, бизда эса ўсииииииш!!!! Бу биз ер сайёрасида эмас, балки қанақадир виртуал дунёда яшаётганимиз туфайли. У ерда эса хисобчилар фантазиясига қараб ўз фойдаларига ҳамма нарса қилишлари мумкин".

Ўтган хафта юқорилашни бошлаган АҚШ долларининг ҳозирги эркин бозордаги нархи 5,700 сўмдан бўлиб турибди. Ўтган ҳафтада 6, 000 сўмгача чиққан доллар курси Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойланувчилари орасида қуйидаги "табрик"нинг кенг тарқалишига сабаб бўлди.

"Доллар, мен сени 6,000 ёшинг билан чин қалбимдан табриклайман. Бунақа ёшларни кўпини кўриш насиб этсин. 10,000 га кириб ўлиб кетгин".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ