План тўлди, теримчилар ҳамон далада

Теримчилар далада очилмаган кўсакларни териб юрганини айтишмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Теримчилар далада очилмаган кўсакларни териб юрганини айтишмоқда

Ўзбекистонда пахта плани тўлгани ҳақида расмий хабар берилган бўлса-да, кўпчилик вилоятларда терим давом этмоқда. Би-би-си Ўзбек хизмати олиб борган тадқиқотга кўра, айрим вилоятларда пахта теримига талабалар ва бюджет ташкилоти ишчилари қайтадан жалб қилинган.

Бошқа вилоятларда эса фақат бюджет ташкилоти ходимлари пахтага чиқарилмоқда.

Наманган, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Сирдарё ва Жиззах вилоятидаги манбаларимиз билан гаплашилганда пахта териш кампанияси ҳамон давом этаётгани маълум бўлди. Бу қолган вилоятларда пахта териш мавсуми тугаганлигини англатмайди.

Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 20 октябр куни ортга қайтарилган талабалар президент табригини эшитиб бўлгач, 28 октябрдан бошлаб яна пахтага чиқарилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Гулистон Давлат Университети маъмурияти талабаларнинг пахта даласида эканлигини маълум қилди. Жиззах шаҳридаги олийгоҳ талабалари ўтган сафаргидан фарқли равишда қатнаб пахта термоқда.

Андижон вилояти биринчилардан бўлиб пахта режасини бажарган бўлса-да, бюджет ташкилоти ходимлари ҳамон далада. Ҳудди шундай ҳолат Бухоро вилоятида ҳам рўй бермоқда.

Президент Ислом Каримовнинг табригида бу икки вилоят биринчилардан бўлиб режани бажаргани айтилган. Бироқ шундай бўлса-да, одамлар ўз ишлари қолиб далада пахта теришмоқда.

Водийдан суҳбатдошларимиз далада пахта борлиги учун чиқаётганини айтишди. Аммо Сирдарё, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида пахта умумуман қолмагани ва одамлар кўсак териб юришганини маълум қилишди.

Бундан ташқари Би-би-си изланиш олиб борган вилоятларнинг ичида фақатгина Андижон ва Бухорода режа бажарилгани ва қолган вилоятларда режа ҳали тўлмаганини билдиришди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мажбурий пахта теримига қарши ҳукумат расман "кураш" олиб бораётган бўлса-да, даладагиларнинг аксарияти бюджет ишчиларидир

Аксар вилоятларда режа 70 ва 80 фоиз ўртасида турибди.

Ушбу маълумотларни расман тасдиқлатишнинг имкони бўлмади. Сурхондарё вилояти ҳокимиятига боғланганимизда, бундан маълумот берилмаслигини айтилди.

Изланишлардан республикадаги вилоятларнинг деярли ярмидан кўпида ҳали режани бажармагани маълум бўлмоқда. Шундай бўладиган бўлса, республикада режанинг бажарилгани ҳам савол остига олинади.

Бироқ Ўзбекистонда Совет давридан қолган қўшиб ёзиш одати ҳамон сақланиб қолгани ва вилоятлар тепага тезроқ мужда етказиш учун қўшиб ёзган ҳолда режани бажарган бўлиши айтилмоқда.

Ушбу қўшиб ёзишларнинг ўрнини тўлдириш учун одамлар яна далага ҳайдалган бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ