CPJ: 'Жаноб Керри, Марказий Осиё қамоқларидаги журналистларни қутқаринг'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси АҚШ Давлат котиби Жон Керрига мактуб йўллаб, Марказий Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ абгорлашиб бораётган вазиятга эътибор қаратишга чақирган.

Сешанба куни Қўшма Штатлар Давлат Департаменти Жон Керри минтақага сафар қилиши ҳақида эълон қилган эди.

CPJ - Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, Марказий Осиёга ташрифи давомида Керри жаноблари ҳукумат раҳбарлари билан матбуотга тазйиқлар, айниқса, фаолияти боис қамоққа ташланган журналистларни озод қилиш мавзусини кўтариши керак.

Қўмита ва бошқа халқаро ташкилотлар тадқиқотларига кўра, Марказий Осиёдаги собиқ Шўро давлатларида матбуот ва инсон ҳақлари гуруҳларига босимлар тобора кучаймоқда.

"Ушбу мамлакатларда ахборот воситалари тақиқлар, қаттиққўл қонун-қоидалар ва онлайн цензура билан ҳисоблашишларига тўғри келади. Танқидчи журналистлар ва блоггерлар эса, таъқиблар, зўравонлик, қотиллик ва қамоқ жазоларига юз тутадилар", дейди ташкилот.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ўз мактубида мазкур давлатларда "танқидчи журналистларнинг овози йилларки, буғилаётгани" ҳақида айтади.

"Тадқиқотларимиз кўрсатадики, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳукуматлари камида 6 журналистни фаолияти боис панжара ортида сақламоқда", дейилади Жон Керрига йўлланган хатда.

Image caption Муҳаммад Бекжон 1999 йилдан бери қамоқда

Шунингдек, CPJ АҚШ Давлат котибига қамоқдаги журналистлар ишлари тафсилотлари жамланган рўйхатни ҳам тақдим этган.

Рўйхатда 1999 йилдан бери Ўзбекистон қамоқхонасида қолаётган Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродовларнинг ҳам номлари бор.

Улардан яна бири Қирғизистонда расмийлар хизмат вазифаларини суистеъмол қилганлигига оид хабарлар бергани учун бир умрлик қамоқ жазосини ўтаётган Азимжон Асқаровдир.

"Жаноб Котиб, сиз АҚШ сенатори бўлган пайтингизда матбуот эркинлигини сидқидилдан ҳимоя қилгансиз ва уни тарғиб қилгансиз. Биз сизни Марказий Осиё мамлакатларида қамоқда қолаётган журналистларни дастаклаш учун ушбу имкониятни қўлдан қочирмасликка чақирамиз", дейди CPJ - Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қўмита Америка Давлат котибидан Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматларига очиқ мурожаат қилиб, фаолияти боис қамоқда қолаётган журналистларни қўйиб юборишга ундашни сўраган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ